Шавкат Мирзиёев Эрон портидаги портлаш юзасидан мамлакат президентига таъзия билдирди.

Президент матбуот хизматининг маълум қилишича, давлат раҳбари Эроннинг Бандар Аббос шаҳридаги Шаҳид-Ражоий порти ҳудудида рўй берган портлаш оқибатида кўплаб инсонлар ҳалок бўлгани ва жиддий жароҳат олгани, катта талафотлар кўрилгани муносабати билан Масъуд Пезешкиёнга таъзия мактуби йўллади.
Давлат раҳбари вафот этганларнинг яқинларига сабр-тоқат ва бардамлик, жароҳат олганлар тез фурсатда шифо топишини тилади.
Эроннинг Шаҳид-Ражаи портида кучли портлаш 26 апрель куни содир бўлганди. Маълумотларга кўра, ракета ёнилғиси компонентлари бўлган контейнерлар портлаган. Бунинг оқибатида вафот этганлар 25 нафарга етди, жароҳатланганлар сони 1139 кишини ташкил қилмоқда, яна 6 киши бедарак йўқолган.
Порт жойлашган Ҳормозган вилоятида уч кунлик мотам эълон қилинди.
Шаҳид-Ражоий порти — Эроннинг энг йирик ва Марказий Осиёга киришдаги муҳим денгиз портларидан биридир. Марказий Осиё давлатларининг кўпчилиги денгизга чиқиш йўлларига эга эмаслиги сабаб улар ўз ташқи савдоси учун Эрон портларидан, жумладан Шаҳид-Ражоий портидан фойдаланади. Ушбу портда мамлакатдаги контейнерли юк ташишларнинг деярли 80 фоизи амалга оширилади.
Изоҳ (0)