Ўзбекистонда апрель ойида кам таъминланган оилаларга болалар нафақаси ва моддий ёрдам учун 341,8 млрд сўм миқдоридаги маблағлар тўлиқ молиялаштирилиб берилди.

Хабар берилишича, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан 2025 йил апрель ойи учун 686,1 мингта кам таъминланган оилаларга болалар нафақаси ва моддий ёрдам учун 341,8 млрд сўм миқдоридаги маблағлар АТ “Халқ банки”га тўлиқ молиялаштирилиб берилди.
Ўз навбатида кам таъминланган оила сифатида нафақа олувчи 655,0 мингта оилаларга (ёки жами олувчиларнинг 95 фоизи) банк карталари орқали тўловлар амалга оширилади. Амалдаги қонунчилик талабларига мувофиқ нафақа пулларини нақд шаклда олувчи оилаларга жорий ой тўловлари Халқ банкининг сайёр кассалари томонидан ойнинг 27-санасига қадар етказиб берилиши маълум қилинди.
Маълумот учун: Жорий йилнинг апрель ойида янги 68 151 мингта кам таъминланган оилалар “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими билан қамраб олинди.
Март ойида тўланган нафақалар:
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги 2025 йил 1 март ҳолатига кўра ушбу тоифадаги нафақа ва ёрдам олувчилар сони ва молиялаштириб берилган маблағлар ҳақида маълумот берди.
Унга кўра, жами I ва II гуруҳ ногиронлик нафақаси олувчилар сони 315 057 нафарни ташкил этиб, уларга март ойи учун жами 303,5 млрд сўм пул маблағлари тўлаб берилган. Шундан:
- I гуруҳ ногиронлик нафақаси олувчилар сони: 38 574 нафар. Нафақа миқдори эса: 1 027 000 сўм.
- II гуруҳ ногиронлик нафақаси олувчилар: 276 483 нафар. Нафақа миқдори: 920 000 сўм.
Бундан ташқари, I гуруҳ кўз бўйича ногиронлик нафақаси бўйича 4 782 нафар шахс уй-жой коммунал хизматлари учун компенсация олади. Тўлов миқдори: 192 600 сўм. Юқорида келтирилган уч тоифалардаги нафақа олувчиларга март ойида жами 931,8 млн сўм маблағлар тўлаб берилган.
18 ёшгача болаликдан ногиронлик нафақаси олувчилар сони 171 380 нафарни ташкил этади. Миқдори: 920 000 сўм. Жорий йилнинг март ойи учун 163,6 млрд сўм тўлаб берилган. Шунингдек, ҳозирги вақтда 75 390 нафар шахс 18 ёшгача болаликдан ногиронлиги бўлган болани парваришлаш нафақасини олиб келмоқда. Нафақа миқдори: 745 000 сўм. Март ойида бу тоифадаги шахсларга 57,6 млрд сўм маблағлар тўлаб берилган.
Изоҳ (0)