Ушбу мақолани ёзишдан мақсад — Тошкентда осмонўпар биноларни кўпайтиришга ҳожат борми ва эски шаҳарнинг тарихий қиёфасини сақлаб қолиш мумкинми, деган саволларга жавоб топишдан иборат эди. Мутахассислар билан мулоқот давомида шунга амин бўлдикки, мавзу юзасидан тўлақонли тасаввур ҳосил қилиш учун кенгроқ ёндашув талаб этиларкан. Чунки бир-бирига боғлиқ жиҳатлар шунчалик кўпки... Ҳаммасини бир бошдан бошласак: Статистика агентлиги маълумотларига кўра, Ўзбекистонда 1 квадрат километр майдонга 83,2 киши тўғри келади. Покистон, Ҳиндистон, Хитой каби қитъадош қўшниларимиз билан қиёслаганда унча катта рақамга ўхшамайди — 1 квадрат километр майдонга Хитойда 138, Покистонда 298, Ҳиндистонда 411 киши тўғри келади. Бинобарин, зичлик масаласида ҳали-бери кўнгилни хотиржам қилаверсак бўлади.
Аммо юқорида айтганимиз — Ўзбекистонда 1 квадрат километр майдонга 83,2 кишининг тўғри келиши — бу ўртача кўрсаткич. Дейлик, 1 квадрат километр майдонга Андижонда 801, Навоийда 9,8 киши тўғри келади. Бугун сўз юритмоқчи бўлганимиз Тошкентда аҳолининг зичлиги анча юқори — пойтахтда 1 квадрат километр майдонга 6909,6 киши тўғри келади. Бу борада азим Тошкентимиз ҳатто Москвадан ҳам олдинда — Россия пойтахтида шунча ўлчамдаги ҳудудда 5134 киши яшар экан.
Тошкент ўсиш суръатига кўра ҳам етакчи — пойтахтликлар сони ҳар йили қарийб уч фоизга ортмоқда. Кўпайиб бораётган аҳолини сиғдириш, қимматлашаётган ер майдонидан унумли фойдаланиш мақсадида биноларни тобора баландроқ қуриш замон тақозоси бўлиб қолди. Тошкент ҳам мустасно эмас. Аммо кўп қаватли уйлар орасида кафтдеккина яшил ҳудуд ёки болалар майдонига ҳам жой қолдирмасдан, профессор Моҳиржон Толипов таъбири билан айтганда “тиқилтириб” қурилаётган бинолар наинки аҳолининг, мутахассисларнинг-да эътирозига сабаб бўлмоқда.
Моҳиржон Толипов, профессор:
— Меъёрларга асосан қурилган ҳудудларга зўрма-зўраки тиқилтириб қурилган бинолар ҳаво айланишини бўғади, сейсмик талабларга жавоб бермайди, ёнидаги иншоотларга соя солади, одамлар деразадан бир-бирига кўриниб қолади... Коммунал таъминотдаги узилишлар ҳам шунга боғлиқ, яъни янги уйларнинг эски канализация, сув ва газ тизимига уланиши натижасида юклама ортиб кетяпти. Янги тизимлар тортиб келинмаяпти, шу сабабдан бу аҳолининг ҳам, мутахассисларнинг ҳам эътирозига сабаб бўляпти. Албатта, кўп қаватли, осмонўпар бинолар замон талаби, лекин улар янги ҳудудларда қурилса, айни муддао бўлар эди.
Катта кўчалар одамни “ютиб” юборади
Замон талаби ҳақида шаҳарсоз меъморларнинг ўзига хос тушунчаси бор. Меъмор Зуҳриддин Ёқубов наздида шаҳар кўчалари ва кварталлари инсон масштабига мос бўлиши керак. Кўп қаватли уйлар орасидаги масофа, йўлларнинг эни, даҳалар ўлчами одам руҳиятига тўғридан-тўғри таъсир кўрсатар экан.
Зуҳриддин Ёқубов, меъмор:
— Тошкентнинг Чилонзор кўчаси мисолида гапирадиган бўлсам, у бошқа кўчалардан фарқ қилади. Бугунги кунда пойтахтимизда кенг кўчалар оз эмас, айримларининг эни 60-70 метрга етади. Бу кўча эса қирқ метр. Нега у бошқаларга қараганда одамга ёқимлироқ таъсир қилади? Сабаби инсон психологияси макон билан боғлиқ. Мисол учун, агар сиз катта тўйхонада ёлғиз қолсангиз, ўзингизни ноқулай ҳис қиласиз ва ҳатто бир оз хавотирланасиз. Аммо 4х5 ёки 5х6 метр ўлчамдаги хонада эса ҳеч қандай ноқулайлик сезмайсиз. Дунё тажрибасидан маълумки, ўлчами йигирма метрдан қирқ метргача бўлган кўчалар инсон руҳиятига яхши таъсир кўрсатади. Бундан ташқари, кўчанинг икки четида пиёдалар йўлаклари ва савдо дўконлари жойлашган. Агар кўча ўта энли бўлса, дўконлардан ҳам узоқлашиб қоласиз, бошқа йўловчилар билан бевосита “жонли” мулоқот имкони ҳам камаяди. Чилонзор кўчаси асосан 4-5 қаватли бинолардан иборат, яқинда таъмирдан чиқарилиб “колористика”си ҳам ўзгарди, яъни илгари бир хил рангда бўлса, энди ҳар хил рангларга бўяб чиқилди. Тошкентнинг бошқа кўчаларини ҳам шу кўча мисолида қайта кўриб чиқиш керак, деб ўйлайман.
Бу гапларнинг Эски шаҳарни асрашга қанчалик алоқаси бор дерсиз? Алоқаси шуки, кварталлар ёки даҳаларнинг ўлчами эстетика-ю руҳият талаблари билан чегараланмайди. Ўлчамларнинг амалий аҳамияти ҳам бор. Эски шаҳар нима учун йўқолиб боряпти? Биринчидан, марказда жойлашгани учун. Ҳукумат марказнинг замонавий кўринишда бўлишини хоҳлайди — “сити”лар, осмонўпар бинолар, қатор юлдузли меҳмонхоналар ва ҳоказо. Мабодо эски шаҳарнинг қайсидир қисми ҳокимият назаридан омон қолган тақдирда ҳам тадбиркорлар босимига учрайди. Кўп қаватли уйлар, супермаркетлар, кўнгилочар масканлар... Мана шундай цивилизация неъматлари турганда аллақандай “тарих-парихга” ҳар доим ҳам ўрин топилмаслиги мумкин. Хуллас, марказда кафтдеккина ернинг нархи осмонда, харидори кўп. Яна бир сабаби Тошкентнинг ҳақиқий бош оғриғига айланиб бораётган тирбандликлар. Тирбандликлар эса кварталларнинг ўлчамлари билан чамбарчас боғлиқ.
Зуҳриддин Ёқубов:
— Ҳозир биз турган жой Чилонзор 3-мавзе. Бизга параллел Бунёдкор кўчасигача орада кўча йўқ, фақат “дом”ларга кирадиган ички йўллар мавжуд. Нариги тарафидаги асосий кўчага ҳам анча масофа бор. Чилонзордан Бунёдкор кўчасигача 650 метр. Бу дунё тажрибасида жуда катта масофа ҳисобланади. Осиё давлатларида асосан 200-250 метр атрофида бўлади. Жаҳонга машҳур Барселонадаги кварталлар 113х113 метр ўлчамда қурилган. Нью Йоркда 250х80 метр. Шаҳарни кварталларга бўлишдан кўзланган мақсад – кварталларнинг мустақил инфратузилмаси бўлади: умумий маркази, маданият саройи, спорт мажмуаси, худди бизнинг маҳаллалар каби. Шунинг учун кварталлар бир мавзега бирлаштирилади. Бизнинг кварталларимиз ўлчами эса дунё тажрибасига мос келмайди, жуда катта. Шу сабабдан йўлларимиз ўта тирбанд. Чунки кўпроқ аҳоли яшагандан кейин кўпроқ автомобиль кириб-чиқади...
Кенг йўллар тирбандлик сабабчиси(ми)?
Хуллас, тирбандликларни йўқотиш, жилла қурса камайтириш ниятида йўлларни кенгайтираверамиз. Шунчалик кенгайтирамизки, оқибатда улар кўча тушунчасига сиғмай, шоҳкўчага айланади ва парадоксни қарангки, ўзлари тирбандлик келтириб чиқара бошлайди.
Зуҳриддин Ёқубов:
— Ҳозир Тошкентнинг энг асосий, энг гавжум, энг узун кўчаларидан бири — Бунёдкор шоҳкўчасидамиз. Иш вақти бўлишига қарамай, машиналар оқими жуда катта. Адашмасам, эни 112 метр. Ёрдамчи “полоса”ларни ҳам қўшиб ҳисоблаганда, жами 14 та полоса мавжуд. Бизда бир парадоксал фикр бор, яъни “полоса”ни кўпайтирсак, тирбандликнинг олди олинади, деб ўйлаймиз. Бунёдкорда ҳам тирбандликни бартараф этиш учун “полоса”лар кўпайтирилди, ҳар битта катта чорраҳага йўл ўтказгич қурилди... Лекин мен ҳар куни кечга томон шу кўчадан машинада ўтаман, тирбандлик жуда катта бўлади, тез-тез ЙТҲлар юз беради. Сабаби нимада? Боя айтганимдек, даҳалар орасидаги, кварталлар орасидаги масофа катта бўлгани учун параллел кўчаларимиз кам. Асосий юклама бир нечта кўчага тушиб қолган, муқобил деярли йўқ. Тошкентнинг бош тархини қайта кўриб чиқиш керак.
Муқобили кам йўллар бетўхтов кенгайиб, учраган бино-иншоотларни, жумладан, шаҳарнинг тарихий мавзеларини ҳам ямлаб бораверади. Профессор Моҳиржон Толиповнинг шогирдларидан бири Жамшид Тошпўлатов яқинда Хитойда амалиёт ўтаб келди. Чин юрти меъморчилигидаги тарих ва замонавийлик уйғунлашганини кўриб, анча илҳомланибди.
“Тарихий ёдгорликларга путур етказманг”
Жамшид Тошпўлатов:
— Ўзбекистонга сайёҳлар осмонўпар биноларни кўриш учун эмас, кўпроқ тарихий иншоотларни томоша қилиш учун ташриф буюришади. Улар буюк аждодларимиз – Амир Темур, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобурни билишади. Бу боболаримиз давридан бизга кўплаб нодир ёдгорликлар мерос бўлиб қолган. Хорижликлар бизни тарихимиз орқали билади. Шунинг учун ҳам ўтмишимизга кўпроқ аҳамият бериб, Тошкент, Самарқанд, Хива ва бошқа шаҳарлардаги қадимги биноларимизни, тарихий мавзеларимизни асраб қолишимиз керак. Афсуски, айрим ёдгорликларни реконструкция қилиш жараёнида асл қиёфасига путур етказилади, баъзан буткул бузиб ташланганига ҳам гувоҳ бўлганман. Ўша бинолар у қадар катта аҳамиятга эга бўлмаса ҳам, лекин барибир тарихимизнинг бир қисми, уларни асраб-авайлашимиз зарур, замонавий биноларни эса янги мавзеларда барпо этиш лозим.
Моҳиржон Толипов:
— Кўпчиликда савол туғилиши мумкин: 2200 йилдан ортиқ тарихга эга қадимий шаҳарда осмонўпар “ситилар” қуриш тўғрими? Бунга ҳамма турлича баҳо беради, менинг фикрим шуки, Тashkent City эски ва янги шаҳарнинг туташган ерига тўғри келган — Эски шаҳар қисмида пастроқ, янги шаҳар қисмида эса баландроқ иморатлар жойлаштирилган. Яна бир ўзига хос томони, бинолар бир-бирига ўта яқин эмас. Бизнинг иссиқ иқлимга эга минтақамизда кўп қаватли биноларни ёнма-ён қуриш нотўғри. Биринчидан злизилабардош бўлиши лозим. Иқлим иссиқ бўлгани учун борди-ю яқин жойлаштирилса, темир-бетон конструкциялар қизиб кетади, ҳаво айланиши бузилади, шу ҳудудда ҳарорат бир-икки даража юқори бўлиб қолади. Бу эса шу мавзуда истиқомат қилувчилар учун ҳам, йўловчилар учун ҳам ноқулайлик туғдиради, шу сабабдан оралиқ масофа кенг бўлиши керак.
“Парковка йўқ, болалар майдончаси йўқ, канализация йўқ”
Албатта, аҳолининг эътирози шаҳар кўркига кўрк берадиган, тизимли қурилган “сити”ларга эмас, балки белгиланган меъёрлардан кўз юмган ҳолда уй қуриб ташлаётган тадбиркорларга. Танганинг иккинчи томони шундаки, Эски шаҳарни асраш керак деган даъволарнинг ўзи ҳам қуруқ бўлмаслиги керак. Эски шаҳарликлар учун зарур шароитлар яратилса, аҳоли ҳам хурсанд, туристларни олиб боришга ҳам хижолат бўлмайсиз.
Моҳиржон Толипов:
— Эски шаҳар аҳолиси билан гаплашганимизда шунга амин бўлдикки, ёшлар янги уйларни хоҳлаяпти. Уларнинг асосий эътирози – автомобилларни қўйишга жой йўқлиги, болалар майдончаларининг мавжуд эмаслиги, канализация ўтказилмагани... Ҳозир Эски шаҳарнинг кўпгина мавзеларида канализация ўтказиляпти, машина қўйишга келсак, диплом иши тайёрлаётган талабаларимиз шундай таклиф беришган: дейлик, яқин-атрофдаги бирорта бино яроқсиз ҳолга келиб қолган, “снос”га тушган бўлса, ўша хонадон эгаларига янги уй бериб, ўрнида 2-3 қаватли тураргоҳ қилиб қўйиш мумкин. Кун бўйи автомобилида ёки офисда ўтирган одам машинасини ўша ерга қўйиб, маҳаллага пиёда киради, йўл-йўлакай қўшнилари билан мулоқот қилади, қолаверса, соғлиғи учун ҳам фойда. Болалар майдонига келсак, юқорида айтганимиздек, биронта эски бинонинг ўрнида ихчамгина майдонча, “яшил орол” ташкил этиш мумкин, ёш болалар кичик жойда ҳам ўзига шароит яратиб ўйнайверади, уларга яхши ўртоқ бўлса, бас.
Зуҳриддин Ёқубов:
— Тошкентнинг Эски шаҳари... Унинг ўзига яраша фалсафаси, таровати ва файзи бор. Биз Эски шаҳарни албатта сақлаб қолишимиз керак. Балки, айнан ҳозирги кўринишда эмасдир, ҳозир у оғир аҳволда. У ердаги аҳолининг яшаш шароитларини яхшилаш, инфратузилмани янгилаш лозим деб ўйлайман. Эски шаҳарнинг қиёфасини унинг руҳига мос бўлмаган қурилишлар билан бузмаслик керак. Шаҳарсозлик кенгаши томонидан чуқур ўйланган талабларни қўйиб, шу талабларга риоя қилинишини назорат қилиш мақсадга мувофиқ.
Профессор Моҳиржон Толиповнинг орзусидаги шаҳар
— Очиғини айтсам, орзумдаги шаҳар қандай бўлиши ҳақида тўлиқ бир фикрга келолганим йўқ. Лекин шунга ишончим комилки, Тошкент пойтахт сифатида ҳам тарихий, ҳам замонавий бўлиши керак. Осмонўпар бинолар катта ёшдагилар учун у қадар қулай бўлмаслиги мумкин. Бир туркиялик ҳамкасбимиз “Тошкентнинг Эски шаҳарига борсам, ўзимни эркин ҳис қиламан, аммо замонавий биноларнинг ўта кўп қурилаётганига эътироз билдираман”, деган эди. Унинг сўзларини эшитиб ҳайрон бўлгандим, чунки туркларнинг ўзи ҳам бундай биноларни кўп қуради-да.
Аммо Туркияга борганимда фикрим ўзгарди, улар ўз тарихини ва тарихийлигини жуда эҳтиёт қилишар экан, Эски шаҳар мавзеларидан ҳам, қадимги иншоотлардан ҳам авайлаб фойдаланишар экан. Тошкент орзудаги шаҳарга айланиши учун ҳам Эски шаҳаримиз чиройли ҳолатда сақланиши керак. У ерда осмонўпар бинолар қурмасдан, катта қурилишларни шаҳарнинг янги қисмида амалга ошириш керак. Биласизми, ҳозир Тошкентнинг Эски шаҳари ҳар ер-ҳар ердан узиб олингандек бўлиб қолган, энди тўлиқ Эски шаҳарни кўрмаймиз...
Аммо ҳали ҳам кеч эмас. Мавжуд маҳаллаларни, дейлик, “Комолон”, “Хастимом”, “Чиғатой” ни асраб қолиш мумкин. Сайёҳлар кўрсин, деб уларни тўлалигича туристик маҳаллаларга айлантириб юбормаслик керак. Бугунги кунда Эски шаҳарнинг энг яхши сақланган маҳалласи — “Тошкент”. У ўзининг “юзини” йўқотмаган. Айрим кўчалар меҳмонхоналар, ошхоналар, ҳунармандчилик устахоналари билан тўла. Уларда тошкентликларнинг ҳақиқий турмуш тарзини кўриш бир оз мушкулроқ. Аммо “Тошкент”да чинакам ўзбек маҳалласини, қадимги анъаналарни учратишингиз мумкин. Булар албатта сақланиб қолиши керак, айтганимдек, ҳали кеч эмас. Замонавийликка ҳам тўсқинлик қилолмаймиз, майли қурилсин, лекин меъёрида бўлгани маъқул, дейди профессор.
Гапни демографияга оид кўрсаткичлардан бошлаган эдик. Ўзбекистон аҳолиси ҳар йили 2 фоиздан кўпроққа ўсяпти. Бу ойига салкам 56 минг киши дегани. Тошкентдаги ўсиш суръати эса республика ўртача кўрсаткичларидан салкам 50 фоиз ортиқ. Шундай шароитда шаҳар ободлигига оид ҳар қандай қарор ўта пухта ўйланган бўлмоғи лозим, токи шаҳар ҳам ривожлансин, замондан ортда қолмасин, туристларни жалб қилсин ва айни пайтда тарихий мавзелар тароватини ҳам сақлаб қолсин. Шаҳарсозликни боболардан мерос қилиб олган меъморларимиз бунинг уддасидан чиқишади, тегишли тизимлар билан ҳамкорликда ишланса, бас.
Изоҳ (0)