Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида “Риэлторлик фаолияти тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан муҳокама қилинди. Бу ҳақда палата матбуот хизмати хабар берди.

Ушбу қонун лойиҳаси билан норасмий воситачиларнинг (маклерларнинг) “соядан” чиқаришда рағбатлантирувчи чора сифатида якка тартибдаги тадбиркор ва ўзини ўзи банд қилган шахсларга “кўчмас мулк бўйича агент” сифатида риэлторлик фаолиятини юритишга рухсат бериш назарда тутилмоқда.
Шунингдек, банкдан ташқари айланмани, шу орқали яширин иқтисодиётни қисқариши ва риэлторлик хизматларини “ягона дарча” тамойили асосида кўрсатиш мақсадида кўчмас мулк объектларининг электрон савдосини ҳамда ҳисоб-китобларни электрон шаклда амалга ошириш (клиринг) имконини берувчи мултилистинг тизимларини (электрон савдосини) ташкил этиш белгиланяпти.
Лойиҳа билан риэлторлик фаолияти соҳасидаги профессионал жамоат бирлашмалари ўрнини кенгайтириш, уларга янги вазифалар ва ваколатлар бериш ҳам таклиф этилмоқда. Шу билан бирга, риэлторлик субъектларининг тўғри ҳисобини юритиш ва самарали мониторингни йўлга қўйиш мақсадида, аҳоли учун очиқ бўлган риэлторлик субъектларининг “Ягона реестри” ахборот тизимини жорий этиш ҳам белгиланмоқда.
Мажлисда депутатлар қонун лойиҳасининг аҳамияти ва заруратига алоҳида эътибор қаратиб, унда назарда тутилаётган айрим нормалар бўйича бир қатор саволларни ўртага ташлади. Қонун ташаббускорлари берилган барча саволлар юзасидан атрофлича тушунтиришлар бериб, билдирилган айрим таклифлар лойиҳани такомиллаштириш ва маромига етказишда эътиборга олиниши қайд этилди.
Ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши риэлторлик фаолияти соҳасидаги хизматлар сифатини ошириш, риэлторлик субъектлари фаолиятининг шаффофлигини таъминлаш, соҳада яширин амалиётларни қисқартиришга хизмат қилади.
Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.
Ўзбекистонда уй-жой бозори
Аввалроқ Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти мутахассислари республикада уй-жой ва ипотека бозоридаги фаоллик даражасини таҳлил қилганди. Унга кўра, 2024 йилнинг III чорагида Ўзбекистон уй-жой бозорида фаоллик даражаси пасайди. Хусусан, июль сентябрь ойларида кўп қаватли уйлардаги квартиралар олди-сотдиси учун 41 861 та шартнома расмийлаштирилган. Ушбу кўрсаткич 2023 йилнинг мос давридагига нисбатан 3362 тага (7,4 фоизга) кам.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази таҳлилига кўра, октябрь ойида кўчмас мулк бозорининг ҳудудлар кесимидаги динамикаси Тошкент вилоятида (+10 фоиз) сезиларли ўсди, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси (+8,1 фоиз) ва Жиззах вилоятида (+7,5 фоиз) ижобий ўзгаришларни кўрсатди.
Таҳлиллар тижорат банклари томонидан ажратилган ипотека кредитлари ва аҳоли тасарруфидаги даромадлар уй-жой бозорига таъсир этувчи муҳим омиллар эканлигини кўрсатди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 11 ноябрдаги қарори билан уй-жой сотиб олиш учун субсидиялар ажратиш тартибига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Қарор билан субсидиялар билан қопланадиган фоиз тўловлари миқдорига ҳам ўзгартириш киритилди. Эндиликда янги кредитлар учун йиллик 12 фоиздан юқори қисми, 2025 йилдан бошлаб эса Марказий банкнинг асосий ставкасидан ортиқ қисми қопланади.
Бошланғич тўлов ва фоизларнинг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан беш иш куни ичида тўланади.
Изоҳ (0)