Россиянинг Нижний Новгород вилоятидаги нефть-кимё корхонасида теракт уюштирмоқчи бўлган икки нафар “марказий осиёлик” йўқ қилинди. Бу ҳақда мамлакат хавфсизлик хизматига таяниб “ТАСС” хабар берди.

Хабарга кўра, теракт уюштирмоқчи бўлганлар гўёки украиналик кураторнинг кўрсатмаси билан тайёрланган. Улар қайси давлат фуқаролари экани ҳақида маълумот берилмаган.
Украиналик кураторнинг кўрсатмаси бўйича ҳаракат қилган чет эл фуқаролари нефть-кимё саноати корхоналаридан бирида диверсия-террор актини амалга ошириш учун яширин жойдан қўлбола портловчи қурилмалар ўрнатилган FPV дронларини олган. Улар ҳибсга олиниш пайтида қуролли қаршилик кўрсатган ва жавоб ўқлари билан зарарсизлантирилган, деди ФХХ.
Ҳодиса жойида хорижда ишлаб чиқарилган жанговар қисмлари бўлган иккита дрон, Калашников автомати ва Макаров тўппончаси аниқланган ва мусодара қилинган.
Жиноятчиларнинг телефонларида диверсия-террор ҳаракати тайёрланаётганидан далолат берувчи куратор билан ёзишмалар, шунингдек, қурол ва ўқлаш воситаларини сақлаш жойининг координаталари аниқланган, дейилади хабарда.
Ҳолат юзасидан Федерал хавфсизлик хизматининг Нижний Новгород вилояти бўйича тергов бўлими томонидан жиноят иши қўзғатилган. Зарур тезкор-қидирув тадбирлари ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)