Ўзбекистонга ташриф буюрган Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Самарқанддаги “Мотамсаро она” ёдгорлигида рус тилидаги ёзув йўқлигига эътибор қаратди. Шундан сўнг жамоатчилик унинг сўзларига кескин жавоб қайтармоқда.
Хусусан, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжа ушбу ҳолат бўйича фикрларини билдириб ўтди.
Ҳар бир мамлакат ўзининг ҳудудидаги тарихий обида ёки ҳайкали атрофида қайси тилда ёзишини фақат ўзи ҳал қилади. Четдан келиб, бошқа давлатнинг Ташқи ишлар вазири бизни танқид қилиши нотўғри. Зеро биз уларнинг колонияси эмасмиз!
Бизнинг вазирлар ҳам Россияга борганда баъзи масалалар бўйича Лавров каби дадил савол беришни ўрганишлари керак, шекилли.
Хусусан, нега бизнинг Россиядаги мигрантлар дискриминация қилинади? Нимага уларга нисбатан маҳаллий ҳокимият, миграцион хизматлар ёки полиция томонидан оддий инсон ҳуқуқларини поймол қилувчи ҳолатлар қўлланилса, Россия жамоатчилиги ва давлат расмийлари жим туради?
Сергей Лавров келиб, бизга “она тимсоли — муқаддас” эканини тушунтирмоқчи экан, оддий бир ёзувни бор йўқлигига диққат қаратаркан, биз ҳам унга “инсон ҳуқуқлари ҳам муқаддас” эканлигини диққат эътиборига солишимиз ва эслатишимиз керак.
Лавров Ўзбекистон ва Европа Иттифоқининг ҳамкорлиги тўғрисида ҳам гапирибди. Ким билан қандай алоқалар ўрнатишни ёки қай даражада ҳамкорлик қилишни давлатнинг ўзи ҳал қилади! Ўзбекистоннинг ички ишларига аралашишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Жумладан, Европа Иттифоқи билан ҳам ўзаро алоқалар даражасини Ўзбекистоннинг ўзи белгилайди. Бу давлатимизнинг ташқи сиёсати кўп векторлик эканлигини кўрсатади, дейди у.
“Миллий тикланиш” партияси раҳбари Алишер Қодиров рус сиёсатчилари Ўзбекистонда рус маданияти ва рус тилига бўлган муносабатни ёмонлаштириш учун ҳамма йўлларни синаб кўраётганини таъкидлаган.
Нега Ўзбекистонда ёшлар ҳеч ким эслатиб турмаса ҳам инглиз, немис, турк ва араб тилларини ўрганишга ҳаракат қиладилар?
Сўраб олинган ҳурмат ва ёлғон яратилган эҳтиёждан фақат тескари натижа бўлишини вазир Лавров билмаслиги мумкин эмас, дея ёзган Алишер Қодиров.
Мазкур ҳолат юзасидан ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев ҳам ўз позициясини намойиш қилиб, Сергей Лавровга мурожаат қилди.
Энди бир ками сенга ҳисоб беришимиз қолувди. Рус тилидаги ёзувни бориб Россиянгдан қидирасан.
Россия мулозимининг гапларини мен дипломатик безбетлик, деб қабул қилдим. Ҳеч бўлмаса, таклиф сифатида “рус тилида ҳам матн бўлса, хурсанд бўлардик” деса ҳам майли экан. Худди “юқоридан” текширувчи келгандек, “қани русчаси?” деб сўроққа тутишига ўлайми.
Ишқилиб, бизникилар шоша-пиша русча матн қўйишмайди, деган умиддаман. Ўзбекча ва инглизча матн жуда тўғри қарор бўлган. Ўзгартириш шарт эмас, менимча, дейди Хушнудбек.
Бундан ташқари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Одилжон Тожиев Москва Бош майдонига ўзбекча ҳам ёзилса, кейин ўйлаб кўришимиз мумкин, дея Россия ТИВ вазирига жавоб қайтарган.
Ўзбек халқи тилни мажбурият эмас, имконият деб танлайди. Хориж тилини сунъий тарғиб қилиш муҳаббат эмас, қарши муносабат уйғотади. Қолаверса, ҳурмат талаб қилинмайди — у сингади.
П.С. Москва Бош майдонига ўзбекча ҳам ёзилса, кейин ўйлаб кўришимиз мумкин.
Ҳолат ҳақида батафсил
Ёдгорликдаги ҳалок бўлган аскарларга бағишланган сўзлар ўзбек ва инглиз тилларида ёзилган. “Бу ерда инглиз тилида ёзув бор, лекин русчасини кўрмадим. Она — бу энг муқаддас зот”, деган Лавров экскурсоводга (ТАСС берган иқтибос). Ушбу суҳбат чоғида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ҳам иштирок этган.
Маълумот учун, Россия Ташқи ишлар вазири Самарқандда икки кунлик расмий ташриф билан бўлиб турибди. Бугун, 23 апрель куни у Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашди.
Президент матбуот хизматининг маълум қилишича, учрашув аввалида Лавров давлат раҳбарига Владимир Путиннинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Суҳбатда Ўзбекистон—Россия дўстлик, кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш нуқтаи назаридан янада мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди.
Изоҳ (0)