2025 йил 23 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева бошчилигидаги парламент делегацияси Туркия Буюк Миллат Мажлиси раиси Нуман Куртулмушнинг таклифига биноан Туркия Республикасига ташриф буюрди.
Ташриф давомида Танзила Норбоева Туркия Республикасининг биринчи Президенти Мустафо Камол Отатурк ҳоки қўйилган Аниткабир ёдгорлик мажмуасига ташриф буюрди.
Туркия Республикасининг асосчиси Мустафо Камол Отатурк ўз Ватанининг миллий истиқлоли учун курашган тарихий шахс сифатида қадрланади.
Аниткабир ёдгорлик мажмуаси Мустафо Камол Отатуркнинг давлат ва халқ олдидаги хизматларига ҳурмат ифодаси сифатида бунёд этилган. 750 квадрат метр майдонни эгаллаган мажмуа мақбара, музей, боғ ва бошқа объектларни ўз ичига олган.
Танзила Норбоева Туркиянинг буюк давлат ва сиёсат арбоби Мустафо Камол Отатурк қабрига гул қўйиб, унинг ёрқин хотирасига ҳурмат бажо келтирди ҳамда Фахрий меҳмонлар китобида ёзув қолдирди.
Танзила Норбоева Туркиянинг буюк давлат ва сиёсат арбоби Мустафо Камол Отатурк қабрига гул қўйиб, унинг ёрқин хотирасига ҳурмат бажо келтирди ҳамда Фахрий меҳмонлар китобида қуйидаги сўзларни ёзиб қолдирди:
“Туркия Республикасининг асосчиси ва илк Президенти ҳамда Туркия Буюк Миллат Мажлисининг биринчи раиси Мустафо Камол Отатуркни зиёрат қилиб, у кишининг порлоқ хотирасини ёдга олиш биз учун улкан шараф ва ифтихор бағишлади.
Қардош турк халқининг бугунги замонавий ва фаровон кунларга эришишида ушбу улуғ давлат арбоби бошлаган улкан ислоҳотларнинг ўрни беқиёсдир.
Мустафо Камол Отатурк ўз фаолияти давомида бизнинг мамлакатимиздан, жумладан, Бухородан келган делегацияларга юксак меҳмондўстлик кўрсатганини доимо чуқур миннатдорчилик билан эслаймиз ва қадрлаймиз.
Турк миллатининг ардоқли фарзанди, Туркия Республикасининг асосчиси, улуғ қўмондон Мустафо Камол Отатурк хотираси олдида чуқур таъзим қиламиз”.
Анқарага ташрифи доирасида Туркия Буюк Миллат Мажлиси Раиси Нуман Куртулмуш билан учрашув ўтказди.
Суҳбат чоғида икки давлат раҳбарларининг мустаҳкам сиёсий иродаси ва дўстона муносабатлари туфайли Ўзбекистон-Туркия алоқалари ҳар томонлама стратегик шериклик даражасига кўтарилгани таъкидланди.
Парламентлар давлатлараро ҳамкорликни чуқурлаштиришда тобора фаол иштирок этаётгани қайд этилди. Олий даражада эришилган келишувлар ижроси устидан парламент назорати муҳимлиги, шунингдек, тегишли қўмиталар ва дўстлик гуруҳлари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш зарурлигига эътибор қаратилди.
Маданий-гуманитар алоқалар, айниқса, таълим ва туризм соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш, ёшлар ва ҳудудлараро тажриба алмашиш муҳимлиги таъкидланди. Туркий тилли мамлакатлар парламентлари ва Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги алоқаларни чуқурлаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув якунида парламентлар ўртасидаги ҳамкорликни янада юқори босқичга кўтаришга қаратилган Ўзбекистон Репсубликаси Олий мажлиси билан Туркия Буюк Миллат Мажлиси ўртасида ҳамкорлик Баённомаси имзоланди.
Ушбу ҳужжат Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги парламентлараро ҳамкорликни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади. Икки мамлакат қонун чиқарувчи органлари ўзаро тажриба алмашиши, қонунчилик жараёнида яқиндан ҳамкорлик қилиши назарда тутилган бўлиб, шу тариқа умумий манфаатларга хизмат қилувчи соҳаларда – сиёсат, иқтисодиёт, маданият, таълим, ёшлар ва спорт йўналишларида яна-да фаол ва тизимли ҳамкорлик йўлга қўйилади. Бу нафақат икки давлат ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш, балки бутун минтақада барқарорлик ва тараққиётга хизмат қилувчи муҳим дипломатик қадамдир.
Сенат Раиси Танзила Норбоева Туркия Буюк Миллат Мажлиси Фахрий меҳмонлар китобида ёзув қолдириб, икки томонлама парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидлади.
Бундан ташқари, Сенат раиси Туркия Республикаси оила ва ижтимоий хизматлар вазири Маҳинур Оздемир Гёкташ билан учрашув ўтказди. Учрашувда Ўзбекистон ва Туркия ўртасида ижтимоий соҳада ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди. Хусусан, томонлар ижтимоий ҳимоя, оила институти ҳамда аёллар ва болалар ҳуқуқларини таъминлаш муҳимлигини таъкидлади.
Шунингдек, ижтимоий хизмат ходимларининг малакасини ошириш, қуйи бўғингача сифатли ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизимини таъминлаш, тегишли қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан тажриба алмашиш ҳақида фикр юритилди.
Ўзбекистон ва Туркия ўртасида ҳудудлараро ҳамкорлик йўлга қуйилганлигини инобатга олиб, оила, хотин-қизлар масалалари ва ижтимоий хизмат кўрсатиш ҳудудий бўлимлари ўртасида ўзаро тажриба алмашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шу билан бирга, хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш мақсадида икки мамлакат тадбиркор аёлларининг бизнес-форумлари ўтказишга келишиб олинди.
Изоҳ (0)