Тошкентда 24 апрель куни Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ва Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раисининг ўринбосари Қ.Тошиев раислигида ўзбек-қирғиз Давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш масалалари бўйича Ҳукуматлар делегацияларининг навбатдаги қўшма йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон бош вазири матбуот хизмати хабар берди.

Музокаралар давомида Ўзбекистон – Қирғизистон Давлат чегараси лойиҳа чизиғининг чегаранинг охирги тартибга солинмаган участкасидан ўтиши тўғрисидаги Баённома ҳамда Ўзбекистон ҳукумати ва Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси ўртасидаги “Чашма” булоғидан биргаликда фойдаланиш тўғрисидаги Битим лойиҳасининг асосий шартлари тасдиқланди.
Томонлар “Чашма” булоғи Ўзбекистон ва Қирғизистон халқларининг умумий бойлиги эканини алоҳида таъкидлади. Ўзбекистон фуқароларининг ушбу булоқдан эркин ва тўсиқсиз фойдаланиши, ўзбек томони булоқнинг учдан икки қисмидан фойдаланишини таъминлаш ҳамда манбанинг сув ресурслари ҳажми ва сифатига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳар қандай хатти-ҳаракатларни ўзбек томони билан мувофиқлаштириш тўғрисида келишувларга эришилди.
Шунингдек, томонлар дўстлик ва яхши қўшничилик руҳида икки мамлакат фуқароларининг “Чашма” булоғидан тўлақонли фойдаланишига тўсқинлик қилувчи ҳар қандай чора-тадбирларга йўл қўймасликка келишиб олди.
Томонлар қисқа муддат ичида Ўзбекистон ҳукумати ва Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси ўртасида “Чашма” булоғидан биргаликда фойдаланиш тўғрисида битим ҳамда Ўзбекистон ва Қирғизистон Давлат чегараси участкаси тўғрисида шартномани мувофиқлаштириш ва имзолашга келишиб олди.

Музокаралар давомида ўзбек-қирғиз давлат чегараси орқали айрим ўтказиш пунктларнинг ҳолати ва иш тартиби бўйича умумий позициялар ҳам келишиб олинди. Ўзбек-қирғиз давлат чегараси орқали фуқароларнинг қатнови ва юк ташишларини сезиларли даражада енгиллаштиришга ёрдам бераётган ўтказиш пунктлари бўйича умумий ёндашувни ишлаб чиқиш юзасидан ўтказилаётган икки томонлама музокараларга юқори баҳо берилди.
Икки мамлакат фуқаролари учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида 2004 йилдаги Ўзбекистон – Қирғизистон давлат чегарасидаги ўтказиш пунктлари тўғрисидаги битимга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги баённомани имкон қадар тезроқ имзолаш муҳимлиги қайд этилди.
Томонлар тез орада икки мамлакат ваколатли органлари вакилларидан иборат ишчи гуруҳларининг учрашувини ўтказишга келишиб олди.
Музокаралар якуни бўйича тегишли Баённома имзоланди.
Изоҳ (0)