Бизда нуқул ҳайвонлар бир ғалвани бошлаб юради: кўрсичқонлар омбор ўмаради, лаққабалиқлар сувомборини қулатади, мана энди қўйлар намойиш ташкил қилиб юборибди. Баайни Гулханий бобонинг «Зарбулмасал»и дейсиз.
6 апрель куни Самарқанд вилоятининг Нуробод туманида ажойиб томоша бўлди. Одамлар минглаб қўйни ҳокимлик биноси олдига ҳайдаб келди. Бу воқеанинг тарихи қуйидагичадир. Республика Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси томонидан «Самарқанд қоракўл кластер» МЧЖ корхонасига 151 минг гектар ҳамда Sp Luxe МЧЖ қўшма корхонасига 197 243,4 гектар яйлов ер майдонлари ажратилган. Кластер Sp Luxe МЧЖ ва Қоракўлча мавзесида фаолият кўрсатаётган «Соҳибкор Ҳожиакбар» фермер хўжалиги ўртасида 49 йилга 834 гектар яйлов ер майдонини ижарага олиш бўйича шартнома тузилган бўлиб, унда 1 450 бош майда шохли молни боқиш кўрсатилган бўлса-да, ушбу ер майдонида фермер хўжалиги раҳбари томонидан 4 мингдан зиёд чорва моли боқилгани «Қиличли» маҳалласи фуқароларининг норозилигига сабаб бўлган. Шундан сўнг кластернинг 1 450 бош қўйини маҳаллий аҳоли ўша куни соат 16:00 ларда туман марказига ҳайдаб келди. Қўйлар маъраб ҳаммаёқни бошига кўтарди.
Шундан кейин Нуробод тумани ҳокими Фахриддин Зойировнинг хабар қилишича, «...шу куннинг ўзида кластер корхонаси таъсисчиси, фермер хўжалиги ва аҳоли билан ушбу масала юзасидан гаплашиб, фермернинг белгиланганидан ортиқча чорваси бу ердан чиқариб юборилди. Шунингдек, маҳалла ҳудудида яна 2-3 та фермер масъулияти чекланган жамият тарзида корхона ташкил этиб, уларга аҳоли аъзо бўлиши ва кластер билан шартнома асосида иш олиб боришга келишиб олинди». Ҳокимлик олдига қўй ҳайдаб келганларга эса ҳеч қандай чора кўрилмайдиган бўлди.
Қўйлар митинги ижтимоий тармоқларда катта акс садо берди. Қуйида ҳар қандай муаммони ечиб берувчи решала-қўйга аталган карикатура.
* * *
Ўтаётган ҳафта ўсимлик ёғи нархи кескин ошгани билан ҳамманинг эсида қолди. Оддий халқ истеъмол қиладиган пахта ёғи 50 мингдан 70 минглик чўққига сакради, кунгабоқар ёғининг нархи эса 95-100 минг сўмни қоралаб қўйди. Хўш, бунга қадрдон монополистларимиз сабабчими ёки дунё бозоридаям ҳолат шунақами? Маълум бўлишича, нархларимизни дунё бозоридаги тенденциялар тебратмоқда. Қўшни давлатларда ҳам ўсимлик ёғи ошган.
Ўзбекистон Монополияга қарши курашиш қўмитаси билдиришича, 2020 йилда аҳоли истеъмоли учун 450 минг тоннадан ортиқ ўсимлик ёғи муомалага чиқарилган бўлиб, шундан ярмидан ортиғи импорт қилинган. Бунда, Санитария қоида ва меъёрларига мувофиқ, республика бўйича ўсимлик ёғи талаб йилига 300 минг тоннадан ортиқ деб баҳоланмоқда. Ички бозорларда нархлар кескин ўсишига ташқи жаҳон бозорларида нархлар ошиши ва ўтган ҳосил йилида етиштириш ҳажмлари нисбатан камроқ бўлиши муносабати билан асосий етказиб берувчилардан бўлган қўшни давлатларда кунгабоқар ёғи ва уруғи экспортига юқори божхона божлари белгиланиши тартиби муддати узайтирилиши ҳам таъсир этган. Импорт қилинадиган кунгабоқар ёғи ва уруғи нархларининг ошиши маҳаллий пахта ёғи нархларига ҳам бевосита ўз таъсирини кўрсатган.
Бозорларда эса ёғ учун турнақатор навбатлар пайдо бўлмоқда. «Davletov.uz» пойтахт бозорларидан бирида арзонлаштирилган ёғ учун навбат фотосуратини жойлади.
* * *
8 апрель куни президент Шавкат Мирзиёев ўтказган видеоселектор танқидий руҳда бўлди. Селекторда Қашқадарё вилояти ҳокими Зоир Мирзаев, вилоят прокурори Тожиев, ички ишлар бошлиғи Сотволдиевга ҳамда Навоий вилояти ҳокими Қобил Турсунов ва вилоят прокурори Аҳмедовга ҳайфсан берилди.
«Қатъий огоҳлантириш: чорак якунигача ўзгариш бўлмаса, барчаси ишдан кетади. Навоий вилояти ички ишлар бошлиғи Тасбаев ва солиқ раҳбари Ботиралиевлар лавозимига 2021 йил март ойида тайинланганини инобатга олиб, уларга 3 ой синов муддати. Ушбу янги раҳбарлар ҳам натижа кўрсатмаса, лавозимидан олинади», – деди Президент. Улуғнор, Узун, Ёзёвон, Деҳқонобод туманлари ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари, Андижон, Олтинкўл, Олот, Қоракўл, Оқолтин, Чилонзор, Мўйноқ туманлари, Хива ва Чирчиқ шаҳарлари солиқ идоралари бошлиқлари ҳам лавозимидан озод этилди. Президент банк фаолиятини ҳам тергади.
«Туман, шаҳар ҳокимлари эса, сектор раҳбарлари билан бирга, кичик тадбиркорлар билан кунига 3 марта (керак бўлса, кечаси ҳам) ўзининг секторида учрашади, муаммоларини ҳал қилади... Вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари бир ҳафта муддатда ҳар бир туман ва шаҳар кесимида тадбиркорлар билан ишлаш тизимини аниқ ҳисоб-китоблар асосида қандай ташкил этиши ва кутилаётган натижалар бўйича кафолат хати ёзиб беради», – деди Шавкат Мирзиёев.
«Ишдан олинганлар ишлаган даври учун ҳамма ойлигини давлатга топширсин. Телевизорда расмини чиқариб, ‘хиёнатчи’ деб бериш керак. Халқ буларнинг кимлигини, сиёсатга қарши эканини билиши керак», – деб қўшимча қилди президент.
* * *
Энг ишончли ва тезкор транспортлардан бўлган метро ҳам муаммо чиқармоқда. Тошкент кўрки ҳисобланган ерости транспорти бу ҳафта 2-3 марта ноқулай вазиятга сабаб бўлди.
1. 8 апрель соат 10:45 да Сергелидан келувчи поезд ерусти йўлида тўхтаб қолди. Йўловчилар 15 дақиқа кутиб сўнг пиёда йўлга тушди. Йўлда улар составни энергия билан таъминловчи қурилмалар парчаланиб кетганини кўрган. Кейинроқ бу йўналиш бўйича вақтинча бепул автобус қўйилди. Шу куни кечга яқин «Тошкент метрополитени» раҳбарияти муаммони аниқлаб, бартараф этди. Сергели йўналишидаги поезд тўхташига сабаб контакт рельсининг кронштейни ушлаб туриш қурилмаларидан чиқиб кетганлиги экан. Воқеа юзасидан расмий тергов бўлаётгани айтилди. Метро ҳаракати эса тикланди.
2. Ижтимоий тармоқларда «Беруний» метро бекатида икки поезд тўқнашгани айтилган видео тарқалди. Видеода икки поезд гўёки бир-бирига урилиб кетгандек кўринади. Яхшики, бу хабар нотўғри бўлиб чиқди. Тошкент метрополитени изоҳ беришича, шу куни соат 8:40 да, техник сабабларга кўра «Ғафур Ғулом» бекатида йўловчилар поезддан туширилиб, захирага келган навбатдаги поездга ўтказиб юборилган. Йўловчилар туширилган поезд бошқа поезд ёрдамида шатакка олиб «Беруний» бекатига олиб келинган. Шу ҳолатни йўловчи видеога олган. Ёлғон маълумот тарқатганлик учун эса жазо бор.
3. Метродаги ҳамма носозликлар шу ҳафтага тиқилганмикан, Чилонзор йўналишидаги поезднинг эшиги бузилиб қолди. «Пушкин» ва «Буюк ипак йўли» бекатлари оралиғида вагоннинг эшиги ёпилмаган ҳолда ҳаракатланди. «Бунақа даҳшатни фақат триллер киноларда кўриш мумкин эди, аммо ўз ишига масъулиятсиз инсонларнинг касрига, минг афсуски, бизда бунақа ҳолатлар кундалик воқеага айланиб қолаётгандек. Ишқилиб охири бахайр бўлсин. Бунга жавоб берадиган бирор зот борми?», — деб ёзди блогер Хушнудбек Худойбердиев. «Тошкент метрополитени» раҳбарияти «триллер» учун дарҳол узр сўради ва текширув бошлаганини маълум қилди. Шу куни кечга бориб хизмат вазифаларини нотўғри бажаргани учун машинист, электромонтёр-чилангар ва электр ҳаракатланувчи таркибнинг катта устаси эгаллаб турган лавозимидан озод этилгани эълон қилинди. Шунингдек, электр базаси бошлиғининг электр ҳаракатланувчи таркибини таъмирлаш бўйича ўринбосари иш ҳақининг 40 фоизи миқдорида жаримага тортилган.
Ўзбекистон ва дунё хабарларидан энг биринчи воқиф бўлиш учун «Дарё»да қолинг. Метрода эҳтиёт бўлинг.
Изоҳ (0)