24 ноябрь санасига боғлиқ диққатга сазовор воқеалар қаторидан АҚШда самолёт ва пулларни ўғирлаб, осмонда изсиз ғойиб бўлган хавфли йўловчи ҳамда Ленинградда 12 нафар шарқшунос олимнинг отилишига оид фактлар ўрин олган.
Самолётни олиб қўчган, товон пули ундириб, осмонда ғойиб бўлган хавфли йўловчи
1971 йил 24 ноябрь куни тушда ҳеч қандай жиҳати билан ажралиб турмайдиган инсон Орегон штатида жойлашган Портленд аэропортининг Northwest Airlines авиакомпанияси пештахтаси олдига келган. У нақд пулга Сиэтлга учаётган 305-рақамли рейс учун Ден Купер номига чипта харид қилган. Ўша куни самолётнинг учдан бир қисми ҳам тўлмаганди: олти нафар экипаж аъзоси ва 37 нафар йўловчи. Парвоз ярим соатга яқин давом этиши керак эди.Бортга кўтарилган Купер ўзининг 18C — самолёт охиридаги ўрнини эгаллаган. Ўзини жуда хотиржам тутган эркак иш костюмида, оқ кўйлак ва қора галстукда бўлган, бўйининг баландлиги тахминан 180 сантиметр, кўринишидан 45 ёшлар атрофида — оддий бизнесмен. У парвозни кутиш давомида ўзига ичкилик айтган ва самолёт ердан кўтарилганидан 10 дақиқа ўтиб тамаки чеккан, сал нарида ўтирган стюардессага бир парча қоғоз узатган. Эса бу ёлғиз тадбиркорнинг телефон рақами деб ўйлаб, уни ўқимаган. Бироқ у аёлнинг эътиборини яна ўзига тортган: «Хоним, сизга берган қоғозимга қараб кўрганингиз яхши. Менда бомба бор».
Купер шокка тушган стюардессани ёнида ўтиришга мажбурлаган ва кейин сумкасини очиб кўрсатган. Аёл у ердаги симилар ва қизил блокни кўриб, «бизнесмен» ҳазиллашмаётганига ишонч ҳосил қилган. Эркак ушбу стюардесса орқали самолёт капитанига ўз талабларини етказган. Рўйхат кичкина: тўртта парашют ва 200 минг доллар. Шу билан бирга, у ўз талабларига аниқлик киритган: парашютлар ҳарбийларники эмас, балки автоматик очилмайдиган оддий, пуллар — белги қўйилмаган 20 долларли купюралар бўлиши кераклигини керак. Шунингдек, авиакомпания самолётга қўниш вақтида ёнилғи қуйиши керак.
Бу вақтда 200 минг доллар катта сумма эди: автомобиллар нархи ўртача 3,5 минг долларни, бензин галлони (Англия, АҚШда суюқлик ўлчов бирлиги — 4,54 литрга тенг) 36 сентни ташкил этган. Инфляция ҳисобга олинса, бу пул ҳозирда 1,2 миллион долларни ташкил этади. Бироқ Купернинг талабига рози бўлишган, экипажга жиноятчининг барча буйруқларини бажариш тавсия қилинган. Стюардессаларга кўра, эркак самолёт учиб ўтаётган ҳудудларни яхши ажрата олган.
Купер ўзи талаб қилган барча нарса уни аэродромда кутиб туриши кераклигини айтган, шу боис йўловчиларга «техник носозлик сабаб» аэропорт атрофида бироз вақт айланишга тўғри келиши тушунтирилган. Купюралар Сиэтлдаги барча банклардан тўпланган ва Boeing икки соатдан кейин қўнишни амалга оширган.
Командир, иккинчи учувчи, бортмуҳандис ва стюардесса билан қолган Купер янги парвоз учун талабларини билдирган: у Мехикога қадар етиб олишни истаган. Бироқ бунинг одатдаги усулда эмас, балки ноодатий шароитда бажариш керак эди. Яъни секинроқ ва пастроқ — 3 минг метр баландликда учиш талаб қилинган. Шунингдек, у шассини олиб ташлаш, қанотларнинг эгилувчан юзасини 15 даражада ушлаш ва кабина босим остида бўлмаслигини сўраган. Самолётнинг орқа трапи (Boeing-727 да у дум қисми остида жойлашган) туширилган бўлиши керак. Босқинчининг охирги талаби рад этилган: парвоз учун жуда хавфли эди бу. Қолган талаблари бажарилгудек бўлса, ёнилғи Мехикога қадар етмасди, шу боис Купер Невада штатидаги Рино шаҳрида яна бир марта ёнилғи қуйишга тўхтатишга рози бўлган.
Самолёт кечки соат 20:00 да ҳавога кўтарилган. Уни иккита қирувчи самолёт кузатган — улар Boeing остида учгани боис салондан туриб қирувчиларни кузатиш имконсиз эди. Парвоздан кейин Купер ўзи билан қолган ягона стюардессага учувчилар кабинасига қамалиб олишни, кейин эса мустақил равишда орқа трапни туширишни буюрган. Бу вақтга келиб осмон қоронғулашган, ёмғир ёға бошлаган. 10 дақиқалар давомида ҳеч нарса содир бўлмаган, кейин самолётнинг орқа қисми қимирлаб кетган ва экипаж ҳаво кемасини барқарорлаштиришга мажбур бўлган. Икки соатдан кейин борт Ринога қўнган, бироқ унинг ичидан Купер ҳам, пуллар ҳам топилмаган.
Замонавий дунёда бундан ҳодиса бемаъниликдек туюлиши мумкин: қандай қилиб бир инсон ҳужжатларсиз самолётга чипта олиши ва сумкасида бомба олиб ўтиши мумкин. Бироқ 1970 йиллар бошида аэропортлар ҳозирги автобус станцияларидан кескин фарқ қилмаган: ҳамма нарсани диққат билан кузатиб борадиган транспорт хавфсизлиги ходимлари, портловчи моддаларни аниқлашга қодир итлар ва ҳатто киришда сканер ҳам бўлмаган. Секин-аста қўриқлаш тизими кучайтирилган, бироқ аэропорт ичига исталган одам кира олган: масалан, тиламчилар ҳам. Самолётнинг эгаллаб олиниш ҳолати эса дунёнинг турли мамлакатларида деярли ҳар ой содир бўлиб турган.
Шу сабабдан ҳам Ден Купер ўз режасини амалга ошира олган. Айтганча, жиноятчи ОАВларнинг хатолиги сабаб тарихга Ди Би Купер номи остида кирган. Аммо охир-оқибат иккала исм ҳам сохта экани маълум бўлган. Тахминларга кўра, у ўз исмини канадалик ҳарбий учувчи ҳақидаги комиксдан олган.
Жиноятчининг исми қандай бўлмасин, содир бўлган воқеадан кейин унга қарши ҳақиқий ов бошланган. Қидирув кўлами ҳайратланарли эди: бутун бошли туманлар ҳам ердан, ҳам ҳаводан текширилган, барча уй ва квартиралар тинтувдан ўтказилган, ФҚБ агентлари ҳатто самолёт имитациясини амалга ошириб, жиноятчи ўрнига 90 килограммли юкни осмондан ташлаган. Купер қўнган тахминий ҳудуд Вашингтон штатининг Мервин кўли атрофи эди, бироқ у ердан жиноятга алоқадор ҳеч қандай из топилмаган.
Эркак самолётдан ўзидан фақатгина ишлатилмаган парашютлар, галстук ва 66 та бармоқ изини қолдирган. Бироқ кўп йиллардан кейин маълум бўлишича, уларнинг деярли барчаси гумонланувчи шахсини аниқлаш учун яроқли бўлмаган. Галстук қисқичидан олинган ДНК намуналари ҳам бирорта гумонланувчиникига мос келмаган. ФҚБ ушбу намуналар жиноатчига умуман тегишли ҳам бўлиши мумкин эмаслигини айтган: у ўзганинг ёки ишлатилган галстукдан фойдалангани эҳтимоли йўқ эмас.
«Сем амаки менга ўргатган билимларни синаб кўришим керак эди ва мана мен — жуда бадавлат инсонман», — дейилади мактублардан бирида. Бироқ махсус ходимлар ҳеч нарсани аниқлай олмаган. Тайёрланган фотороботларда қора соч ва қора кўзли эркак тасвирланган бўлса, айримлар унинг сочи табиий бўлмагани ва юзи макияж эканини гапирган.
Аввалига махсус хизматлар сирли Куперни парашютдан сакраш бўйича таржибага эга инсон ёки десантчи дея ҳисоблаган. Гумонланувчилар рўйхати ҳам шу асосда тузилган. «Бир неча йилдан кейин бундай эмас деган хулосага келдик. Бирорта тажрибали парашютчи ёмғир ва шамолли тунда, соатига 320 километр тезликда, мокасина ва пальтода сакрамаган бўларди. Бу жуда катта таваккалчилик», — дейди агент Ларри Карр.
Натижада ФҚБ жиноятчи сакраш вақтида омон қолмаган ёки чўкиб кетган деган версияга ёпиша бошлаган: парашютни бошқариш имконсиз эди, кийим эса қўпол қўнишга мўлжалланмаган, айниқса, ўрмонли ҳудудда. Ушбу назария 9 йилдан кейин билвосита тасдиқланган. 1980 йили бир болакай Колумбия қирғоғида ярми чириган 20 долларли купюраларни топиб олган (жами 5,8 минг доллар). Серия рақамлари бўйича тергов уни тасдиқлаган: бу Купер олиб кетган пуллардан эди. Қолган пуллар ҳозирга қадар топилмаган.
НОРЖАК («Northwest Airlines самолётининг ўғирланиши») номини олган жиноят иши 2016 йилга қадар тергов қилинган ва охир-оқибат архивга топширилган. Ден Купер шахсини аниқлашнинг имкони бўлмаган.
Терговнинг дастлабки беш йили давомида агентлар юзлаб инсонларни сўроқ қилган, 800 дан ортиқ потенциал жиноятчини ўрганган ва уларнинг 20 га яқинини алоҳида гумонланувчилар қаторига қўшган. Лекин бирортасига айблов эълон қилишнинг имкони йўқ эди. Кейинги ўн йилликда гумонланувчилар сони минг кишидан ошган.
ФҚБ гумонланувчилари орасида энг кўзга ташланган инсон Ричард Флойд Маккой эди — Купер ғойиб бўлганидан беш ой ўтгач, у United Airlines компаниясининг Boeing-727 самолётини эгаллаб олиб, шу трюкни такрорлаган. Фарқ у қадар катта эмасди: бомба ўрнига пистолет ва гранаталар, 200 минг доллар ўрнига 500 минг доллар, Сиэлт ўрнига — Сан-Франциско. Аммо Маккой ғойиб бўлишни уддалай олмаган: у бир неча кундан кейин ўз уйида ҳибсга олинган ва 45 йилга озодликдан маҳрум этилган. Жиноятчи қамоқдан ҳам қочишга муваффақ бўлган, кейин эса полиция билан отишмада ҳалок бўлган. Маккой Купернинг таърифларига мос келмагани боис, бу тахмин ҳам ўчирилган.
Ленинграддаги шарқшунослар қатли
СССРда илм-фаннинг кўплаб соҳалари идеологик назорат остида бўлган — генетика ва биологиядан тортиб, астрономия ва физикага қадар. Репрессиялардан ҳатто шарқшунослар ҳам жабрланган, уларнинг аксарияти ҳибсга олинган ва қатл этилган. Тарихда қолган машҳур қатллардан бири 1937 йил 24 ноябрда содир бўлган.Шарқшунос олимларни таъқиб қилиш 1930 йилларда бошланган, биринчи қурбон ҳиндшунос Александр Мерверт эди — у Ҳиндистон ва Шри-Ланканинг бориш қийин бўлган масканларига ташриф буюрган, шунингдек, СССРда тамил тили ўқитилишини ташкиллаштирган биринчи олимлардан эди. Қолган йирик тадқиқотчилар билан бирга у ғарб разведкаси билан ҳамкорликда ишлагани учун жиноий жавобгарликка тортилган. Бунга унинг насл-насаби немисларга бориб тақалиши ва узоқ вақт хорижда яшагани сабаб бўлган. Мерварт 1932 йил лагерда вафот этган.
1937 йилда оммавий репрессия бошланган. Ўнлаб шарқшунослар ҳибсга олинган, аксарияти қатл этилган. Куз айниқса, японшуносларга омадсиз келган.
Рус тилшуноси Владимир Алпатов «Шарқ тилшунослигининг мартирологияси» асарида 1936 йилдаги Ленинград ва Москва япон олимларининг шарқшунос Николай Конраднинг эслатмалари билан ёзган жамоавий хати сақланиб қолганини қайд этган.
«У имзо чеккан ва хатда тилга олинган 38 кишининг камида 20 нафари ҳибсга олингани, қолган бир неча кишининг тақдири умуман номаълум кечганига далил бўла олади. Уларнинг аксарияти япон тили бўйича мутахассис, ёки ўқитувчи эди», — деб ёзади Алпатов.
Қурбонлар номи 1997 йилнинг 24 ноябрь куни Шарқшунослик институти илмий кенгаши йиғилишида ўқиб эшиттирилган. Рўйхатдан 12 киши — Борис Василев, Павел Воробёв, Дмитрий Жуков, Гилда-Мария Илвес, Мори Миноро, Николай Невский ва унинг рафиқаси Исоко Мантани-Невская, Василий Пухов, Михаил Тубянский, Тен Хан-лин, I.П.Жван, Василий Чикирисов ўрин олган.
Турбянский СССРда янги ҳинд-европа тилини ўқитишни бошлаган, бенгалистика асосчиси, тибецҳунослик ва мўғулшунослик бўйича қатор ишлар муаллифи эди. Чикирисов — хитойшунос ва японшунос, таржимон ва ўқитувчи, Хитой—Шарқий темир йўли ишчисининг ўғли бўлгани боис, болалигидан Хитойда яшаган. 1937 йил октябрда ҳибсга олинган ва қийноқлар натижада япон разведкаси томонидан оғдириб олингани бўйича кўрсатма берган.
Жуков — японшунос тарихчи ва лингвист. Ҳибсга олинишидан олдин япон фашизми ва Япония Олий ҳокимият органи тузилмасини ўрганган. Илвес эса кирчи ва эдикдўзнинг қизи бўлиб, умрининг охирги йилларида «ишончни оқламагани учун» партиядан ўчирилган. Бироз вақт катталарга немис тилидан дарс бериб келган. 1937 йилнинг ёзида «аксилинқилобий фаолияти ва хориж давлатлари фойдасига жосуслик қилгани учун» қўлга олинган.
Воробёв шарқшунослик ва музиқашунослик билан шуғулланган, СССР Халқлар этнографияси музейи директори лавозимида ишлаган. 1936 йилда Мўғулистон ҳукумати ҳузуридаги Илмий қўмита маслаҳатчиси лавозимини эгаллаган. 1937 йилда у СССРга Улан-Баторда университет очиш баҳонасида чақириб олинган. «Япон разведкаси жосуси» сифатида ҳибсга олинган.
1937—1938 йиллар давомида Ленинграддаги шарқшунослар яшайдиган Блохин кўчасидаги уйдан 17 киши ушланган. Улар орасида нафақат шарқшунослар, балки кутубхоначилар, чилангарлар, пенсионерлар ва уй бекалари ҳам бор эди.
Шарқшунослар отиб ташланганидан кейин ҳам ҳибсга олишлар давом этган. Охиргилардан бўлиб қўлга олинганлар орасида японшунос ва хитойшунос Николай Конрад, унинг дўсти ҳамда қўшниси Невский бор эди. 1938 йил баҳоридан кейин репрессиялар тўлқини секин-аста йўқолган.
«Кун хронологияси» лойиҳаси доирасида ҳар куни эрталаб соат 09:30 да ушбу санага боғлиқ энг муҳим ва қизиқарли воқеалар ёритиб борилади.
Изоҳ (0)