АҚШ ва Исроил қўллаб-қувватлайдиган махсус ташкил этилган Ғазога гуманитар ёрдам хусусий жамғармаси (ГҲФ) 26 май куни Фаластин анклавига ёрдам етказишни бошлайди. Ҳафта охиригача у 1 миллион кишини қамраб олишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда The Times of Israel нашри хабар бермоқда.

“Юк машиналаримиз юкланган ва жўнатишга тайёр. 26 май душанба кунидан бошлаб ГҲФ Ғазога тўғридан-тўғри ёрдам етказишни бошлайди, бу ҳафта охиригача 1 миллиондан ортиқ фаластинликни қамраб олади. Кейинги ҳафталарда Ғазонинг барча аҳолисига ёрдам кўрсатишни бошлаш учун фаолиятимизни тезда кенгайтиришни режалаштирмоқдамиз”, дейилади ГҲФ баёнотида.
Шунингдек, жамғарма уни ташкил этишга қарши бўлганларни танқид қилиб, уларни “ҳал қилиб бўлмайдиган муаммоларга ижодий ечимлар топпиш”га тўсқинлик қилишда айблаган.
Та`кидланишича, Исроил АҚШ кўмагида Ғазо сектори аҳолисига ёрдам кўрсатишнинг янги тизимини жорий этмоқчи, бу ГҲФга тақсимлаш марказларини ташкил этиш ва озиқ-овқат тўпламлари ҳамда бошқа зарур товарларни тарқатиш бўйича амалда монопол ҳуқуқларни беришни назарда тутади. Анклавда ёрдам кўрсатиш билан шуғулланаётган барча халқаро ташкилотлар, шу жумладан БМТ қошидаги ташкилотлар, режага кўра, бундан буён буни фақат жамғарма орқали амалга оширишлари мумкин бўлади.
Исроил ҳукумати ГҲФ тўлиқ ишлай бошлагунга қадар БМТ тузилмалари ва бошқа ташкилотлар ўтиш даврида эски тизим бўйича ишлашни давом эттиришлари мумкинлигини таъкидлади.
Илгарироқ ГҲФ орқали ёрдамни тақсимлашни монополлаштириш режаси Ғазода тарихан фаолият юритган аксарият халқаро ташкилотлар, жумладан, БМТ томонидан танқид қилинган эди. Танқиднинг асосий нуқтаси - тақсимлаш марказларини Ғазо жанубидаги жанговар ҳаракатлардан холи “хавфсизлик ҳудудлари”га жойлаштириш нияти, бу эса, танқидчиларнинг фикрича, анклав аҳолисининг мажбурий кўчирилишига олиб келиши мумкин. Шунингдек, БМТ Исроилнинг гуманитар ёрдамни сиёсийлаштириши ва уни фаластинликларга босим ўтказиш воситасига айлантириши мумкинлигидан хавотирда.
Британиянинг Financial Times газетаси маълумотларига кўра, ГҲФ сўнгги ҳафтада танқидий фикрларни инобатга олган ва Исроил раҳбариятидан Ғазо шимолида ҳам тарқатиш марказларини очишни талаб қилган, аммо бу талаб қондириладими ёки йўқми номаълум.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Ғазо секторидаги барча шифохоналарнинг камида 94 фоизи шикастланган ёки вайрон этилган, Фаластин анклави шимолида яшовчилар деярли ҳар қандай тиббий ёрдам олиш имкониятидан маҳрум бўлгани билдирганди.
20 май куни Буюк Британия Исроил армиясининг Ғазо секторидаги янги операцияси сабабли Исроил билан эркин савдо битимини тузиш бўйича музокараларни тўхтатди.
Изоҳ (0)