Исроил давлатининг ташкил этилиши Усмонли қаноти остида тўрт аср тинчлик-осойишталикда яшаган Яқин Шарқ манзарасини ўзгартириб юборди. Яҳудий салтанатини мусулмонлардан иборат минтақа учун пона деб билган араблар унга қарши уруш очди. Миср ва Сурия олдинги жабҳада эди. Исроил эса ҳарбий қудратини ошириш билан бир қаторда, минтақа бўйлаб қимматли разведка маълумотларини тўплашга киришди. Моссад бунда муҳим рол ўйнаб, агентлардан иборат мураккаб тармоқни қурди. Эли Коэн мана шу механизмнинг энг қимматли мурвати, балки жосуслик тарихидаги энг моҳирлардан бири эди.

Номи Исроил жамиятида фахр уйғотадиган Эли Коэн аслида мисрлик ҳисобланади. У 1924 йилнинг 26 декабрь куни Искандария шаҳрида туғилган. Бироқ унинг ота-онаси Суриянинг Ҳалаб шаҳридан яшовчи сефардий яҳудийлардан эди. Усмонли империяси Биринчи жаҳон урушида мағлуб бўлгач, Франция мустамлакасига айланган ҳудудда антисемитизм кучайди. Оила Суриядан Мисрга айни шу боис кўчиб ўтди. Қолаверса, ана шу даврлар Искандария гуллаб-яшнаётган порт шаҳар, шунингдек 80 минг кишилик яҳудий жамоаси учун бошпана эди.
Қисматига тарих ёзиш битилган аксар инсонлар қатори Коэн ҳам ёшлигидан илмга чанқоқлиги, тиришқоқлиги билан ажралиб турарди. У араб, иврит, француз ва инглиз тилларини равон ўрганди. Айни шу омил кейинчалик унинг жосуслик фаолиятида муҳим рол ўйнади.
1948 йили Исроил ташкил этилгач, унинг оиласи яҳудий давлатига кўчиб ўтди. Ўзи эса таълимни якунлаш баҳонаси билан Мисрда қолди. Бироқ кўчишдан бош тортишнинг бошқа сабаби ҳам бор эди. Коэн Мисрда туриб, яҳудийларнинг Исроилга қочишига яширин равишда кўмаклашган. Ҳатто бу учун Миср расмийлари томонидан сўроқ қилинган ҳолатлар ҳам бор. Аммо у сирли фаолиятини 1957 йилгача давом эттирди. Сўнг Мисрни яширинча тарк этиб, Италия орқали Исроилга ўтди.
Бироқ унинг Исроилдаги ҳаёти ёрқин хотираларга бой ўтмади. Аввалига уни ҳарбий хизматга яроқсиз деб топишди. Сўнг эса Моссадга ёлланиш уринишлари ҳам муваффақиятсиз якунланди. Бу Коэнни амбицияларидан воз кечишга, ҳисобчи ва таржимон каби оддий ишлар билан шуғулланишга мажбур қилди. Орадан икки йил ўтиб, Надиа Мажалд исмли ироқлик яҳудий билан турмуш қурди. Оила Тель Авивда кундалик истиқоматини давом эттирарди. Аммо кун келиб Моссад уларнинг эшигини қоқди.
Ташкилот Сурияда йирик амалиёт бошламоқчи эди. Бу вазифа учун араб тили ва маданиятини мукаммал биладиган, қиёфаси ҳам арабларга хос шахс қидирилаётганди. Якунда Эли Коэн номзоди танлаб олинди. У жосус сифатида тайёргарликдан ўтказилиб, Камол Амин Табет исми билан янги ҳаёт бошлади. Бунгача қўл жанги, шифрлаш каби кўникмаларни, шунингдек Қуръон таълимини ўзлаштирди. Бундан ташқари, араб тилининг Сурия лаҳжаси бўйича малака оширди.
Моссад ундан суриялик миллионер образини ясаб, 1960 йили тўқима тарих билан Европа орқали Аргентинага юборди. Операция учун бу мамлакат бежиз танлаб олинмаганди. Ўша вақтлари гуллаб-яшнаётган Аргентинада Turcos номли араб коммунаси бор эди.
Амин Табетга айланган Эли Коэн сурияликлар орасига тезда сингиб кетди. Беунос Айресда ўтказиладиган ижтимоий тадбирлар ва диаспора базмларида қатнашди. У янги доирада ўзини ватанига қайтишни ва равнақига ҳисса қўшишни истайдиган ватанпарвар сифатида кўрсатди. Испан тилида равон сўзлагани боис ҳамсуҳбатлари унинг узоқ йиллардан буён Лотин Америкасида яшаётганига чин дилдан ишонарди.
Эли Коэн орттирган танишлари орасида Араб дунёси газетаси бош муҳаррири Латиф ал-Хашам ҳам бор эди. У ёзиб берган тавсиянома кейинчалик жосуснинг Дамашқ сиёсий ҳаётига сингиб кетишига катта ёрдам берди. Баъзи манбаларга кўра, Эли Коэн Аргентинада вақти Суриянинг бўлажак президенти Амин ал-Ҳафиз билан алоқага киришган. Ўша йиллари Москвада таълим олиб қайтган офицер ҳарбий атташе сифатида Аргентинага юборилганди. Бироқ Амин ал-Ҳафизнинг ўзи бу даъволарни рад қилган.
Эли Коэн Аргентинада ўтган қарийб бир йилдан сўнг Исроилга қайтиб, охирги кўрсатмаларни олди. Шу вақт ичида оиласи билан вақт ўтказди. Табиийки яқинлари унинг жосус эканидан бехабар эди.
Шундан сўнг у изларни яшириш учун Европа орқали Сурияга йўл олди. Аввалига Италияга бориб, Бейрутга қайтди. Коэн бу ерда АҚШ Марказий разведка бошқармасига ишловчи яна бир жосус – суриялик Мажид Шайх ал-Ард билан танишди. У исроиллик жосусни ўз машинасида Сурияга олиб ўтиб, чегарадаги ортиқча текширувлардан халос қилди. Шунингдек Дамашқнинг ҳукумат идоралари ҳамда элчихоналар жойлашган Руммана туманидан квартира топишга кўмаклашди.
Тиришқоқ, киришимли миллионер шу тариқа Сурия сиёсий эстаблишменти билан яқинлашди. Аргентинада вақти олган тавсия хатлари унга бу борада жуда қўл келди. Қолаверса, серҳашам зиёфатлар, қимматбаҳо совғалар билан элита кўнглини қозонди. Сиёсатчилар, генераллар, турли бўғин офицерлари унинг инъомларидан баҳраманд бўлди. Шу билан бирга, Баъс партияси қарашларини қўллаб-қувватлагани боис ҳарбийлар уни ўз одами сифатида кўра бошлади.
Бироқ Коэн партияга аъзо бўлмади. Мамлакатда сиёсий вазият беқарорлиги боис маълум томонга ўтиб, кейинчалик бунинг ортидан қатағон қилиниш хавфи бор эди. Бундай эҳтиёткорлик унга 1963 йили қўл келди. Ўшанда Баъс аъзолари тўнтариш уюштириб, ҳокимиятга чиқди. Бу Коэн учун Дамашқ сиёсий ҳаётига эшикларнинг каттароқ очилишини англатарди.
Эли Коэн бу имкониятдан учрашувларга қатнашиш, ҳарбий қисмларни бориб кўриш ва ҳатто Исроил билан чегарадаги позицияларни кўздан кечиришда фойдаланди. Ҳарбийлар унинг садоқатига мутлақо шубҳа қилмагани боис Совет Иттифоқидан харид қилинган янги қуроллар билан таништиришди. Шунингдек қуролли кучларни модернизация қилиш бўйича истиқболдаги режаларни ҳам баҳам кўришди. Мустаҳкам хотира шарофати билан у барчасини эслаб қолиб, Моссадга узатди.
Дарахт ташаббуси
Голан тепаликлари кичик, бироқ аҳамияти жиҳатидан жуда улкан ҳудуд ҳисобланади. У Сурияга Исроилни бомбардимон қилиш, шунингдек ҳимояланиш имконини беради. Шу боис ҳудуд ҳар икки томон учун ҳам муҳим эди. Эли Коэн Голан тепаликларидаги жанговар позицияларни кўздан кечириб, бир қарашда оддий туюлган ташаббусни илгари сурди. Артиллерия позициялари, бункерлар ҳамда истеҳкомларни Исроил ҳаво разведкасидан яшириш учун дарахт экишни таклиф қилди. Бу орқали аскарлар учун салқинлик бўлишини ҳам қўшимча қилди.
Бироқ Сурия ҳарбийлари Коэннинг ташаббуси содда, бироқ оқилона ўйланган сигнал эканини тасаввур ҳам қила олмасди. 1967 йилги урушда Исроил кучлари Голан тепаликларининг айнан дарахт экилган ҳудудларига зарба берди. Бу орқали Сурия армиясига мисли кўрилмаган талафот етказилиб, ҳудуднинг катта қисми босиб олинди.
1964 йил у Моссадга яна бир қимматли маълумот узатади. Гап шундаки, минтақа давлатлари Иордан дарёсининг Исроилга оқимини буриб юбориш учун тўғон қуришга киришади. Ишга Сурия, Ливан ва Иордания қўшилади. Дамашқ элитаси потенциал ҳомий сифатида ишга Эли Коэнни ҳам жалб қилди. У эса ўз билганларини Тель Авивга узатди. Сув ҳаёт-мамот масаласи бўлгани боис яҳудий давлати кескин қадам ташлади. Тўғон инфратузилмаси ва техникалари нишонга олинди. Натижада лойиҳа бекор қилинди.
Жосуснинг фош этилиши
Эли Коэн ўзи қўлга киритган разведка маълумотларини шифрлаб, радио сигналлар орқали Исроилга узатган. Бироқ у яшайдиган туманда дипломатик ваколатхоналар жойлашган эди. Сурия расмийларига радио сигналларини узатиш билан боғлиқ муаммо бўлаётгани, номаълум сигнал бунга халақит қилаётгани ҳақида Ҳиндистон элчихонасидан шикоят келиб тушди. Улар Дамашқ томонидан ўзлари учун ажратилган вақтдан Деҳли билан боғланишда фойдалана олмаётганди.
Сурия хавфсизлик хизматлари номаълум сигнал қаердан чиқаётганини аниқлашга ҳаракат қилди. Аммо ички ресурслар салоҳияти билан буни уддалаб бўлмагач, Совет Иттифоқидан олиб келинган технологиялар ишга солинди. Шу тариқа жосусни жиноий ашёлар билан бирга ушлашди. Шундан сўнг кучли босим ва қийноқлар остида сўроқ бошланди. Жараён Дамашқ ҳарбий трибунали томонидан ёпиқ тарзда олиб борилди. Якунда унга нисбатан ўлим ҳукми чиқарилди.
Исроил томони ҳукмни қамоқ жазосига алмаштиришга ҳаракат қилди. Ишга ҳатто БМТ бош котиби У Тан, Франция президенти Шарл Де Голл, папа Павел VI, Туркия бош вазири Исмет Инону кабилар аралашди. Аммо Сурия манфаатларига жиддий зарба берган жосус барибир қатл қилинди. Ҳукм 1965 йилнинг 18 май куни Дамашқ марказидаги Маржа майдонида ижро этилди. Эли Коэн жамоатчилик кўз олдида осиб ўлдирилди. Қатл вақти унинг танасига “Кимки Исроил учун жосуслик қилса, уни шундай якун кутади”, деб ёзилган эди.
Қатлдан сўнг Эли Коэн Исроил учун миллий қаҳрамонга айланди. Оиласи эса давлат ҳимоясига олинди. Тель Авив 60 йилдан буён унинг жасадини қайтаришга ҳаракат қилади. Аммо ҳозирга қадар барча уринишлар бесамар кетган.
Дамашқда ҳокимият алмашгач, Суриянинг янги маъмурияти Исроил билан тил топишишга ҳаракат бошлади. Эли Коэнга тегишли минглаб буюм ва ашёлар, хат-ҳужжатлар Тель Авивга топширилди. Келгусида унинг жасади ҳам Исроилга қайтарилиши мумкин деган тахминлар бор.
Эли Коэн жосуслик тарихида ўз номини ёзиб қолдирди. Миллатдошлари уни ватанпарвар сионист сифатида кўради. Сурияда эса номи қора бўёқлар билан эсланадиган, мамлакат манфаатларига жиддий зарар етказган душман. Масалага қайси томондан қарашдан қатъий назар, у қисқа вақт ичида мисли кўрилмаган ишларни бажарди. Араб ва мусулмон ролини ўйнаб, Суриянинг энг юқори раҳбарияти ишончига кирди. Баъзи манбалар у мудофаа вазири, ҳатто президентликка номзодлардан бири сифатида кўрилгани ҳақида ёзади.
Изоҳ (0)