Россия 28 май куни 2 июнда Истанбулда Украина билан тўғридан-тўғри музокараларнинг иккинчи босқичини ўтказишни таклиф қилди. Киев бунга жавобан томонлар позицияларини аниқлаштириш шартини қўйди.

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ўзининг видеобаёнотида Украинага 2 июнда Истанбулда музокараларнинг иккинчи босқичини ўтказишни таклиф этди. Ташқи ишлар вазирлиги сайтида эълон қилинган баёнотга кўра, келгуси учрашувда Россия томони Киевга “инқирознинг асосий сабабларини ишончли бартараф этишнинг барча жиҳатлари бўйича бизнинг нуқтаи назаримизни баён этувчи” тинч йўл билан ҳал қилиш шартлари тўғрисидаги меморандумни тақдим этмоқчи.
“Россия томони, келишилганидек, тезкорлик билан тегишли меморандумни тайёрлади. Унда инқирознинг асосий сабабларини ишончли ҳал этишнинг барча жиҳатлари бўйича нуқтаи назаримиз баён этилган.
Владимир Мединский бошчилигидаги делегациямиз ушбу меморандумни Украина делегациясига тақдим этишга ва 2 июнь душанба куни Истанбулда қайта тикланган тўғридан-тўғри музокараларнинг иккинчи босқичида зарур тушунтиришлар беришга тайёр”, деди Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров.

Чоршанба куни кечқурун Истанбулдаги биринчи босқичда делегацияга раҳбарлик қилган Украина мудофаа вазири Рустем Умеров Россия Федерациясига Украина позициясини акс эттирувчи ҳужжатни топширганини ва уларга жавобан “меморандум” кутаётганини тасдиқлади.
“Россия делегацияси раҳбарига Украина нуқтайи назарини акс эттирувчи ҳужжатимизни топширдим. Улар мазкур ҳужжатларни қабул қилишди.
Украинанинг тўлиқ ва сўзсиз равишда ўт очишни тўхтатишга ҳамда кейинги дипломатик ишларни давом эттиришга тайёрлигини тасдиқлаяпмиз. Биз россияликлар билан учрашувларга қарши эмасмиз ва уларнинг “меморандум”ини кутмоқдамиз, токи учрашув беҳуда бўлмасин ва урушнинг тугашини ҳақиқатан ҳам яқинлаштирсин.
Россия томонининг ҳужжатни бизга расмийлаштириш учун топширишига камида тўрт кун вақти бор.
Украина ҳар доим максимал даражада конструктив бўлган ва шундай бўлиб қолади. Томонларнинг учрашуви натижа бериши лозим. Шу боис, ҳар бир учрашувга пухта тайёргарлик кўриш зарур”, дейди Украина мудофаа вазири Рустем Умеров.

Истанбулда 16 май куни сўнгги уч йил ичида илк бор Россия ва Украина ўртасида тўғридан-тўғри музокаралар бўлиб ўтди. Россия делегациясига Россия президенти ёрдамчиси Владимир Мединский, Украина делегациясига эса мудофаа вазири Рустем Умеров бошчилик қилди. Учрашув тахминан икки соат давом этди ва бир қатор келишувлар “мингга минг” формуласи бўйича ҳарбий асирларни алмашиш, ўт очишни тўхтатиш режаларини тайёрлаш ва кейинги учрашув бўйича принципиал келишув билан якунланди.
23-25 май кунлари Россия ва Украина ўртасида асирлар алмашинуви амалга оширилди. Биринчи куни томонларнинг ҳар бири 270 нафар ҳарбий ва 120 нафар фуқарони, иккинчи куни 307 нафар ҳарбий хизматчини, учинчи куни эса 303 нафар ҳарбий хизматчини топширди. Ушбу алмашинув 2022 йилда жанговар ҳаракатлар бошланганидан бери энг йирик алмашинув бўлди.
Изоҳ (0)