Халқаро Олимпия Қўмитаси (ХОҚ) 2026 йил Италияда бўлиб ўтадиган қишки Олимпия ўйинларида Россия жамоалари, жумладан миллий хоккей терма жамоаси ҳам иштирок эта олмаслигини расман тасдиқлади. Бу ҳақда ташкилот 27 май куни баёнот берди.

ХОҚнинг маълум қилишича, бу қарор Россиянинг Украинага қарши давом этаётган ҳарбий ҳаракатлари сабаб қабул қилинган. 2023 йил март ойида берилган тавсиялар ҳануз ўзгаришсиз қолмоқда. Шу боис, ҳатто нейтрал байроқ остида ҳам Россия жамоалари иштирокига рухсат берилмайди.
Аввалроқ Россия матбуотида Россия Хоккей федерацияси билан Халқаро хоккей федерацияси (ХХФ) ўртасида музокаралар бўлаётгани ҳақида хабарлар чиққанди. Аммо ХОҚнинг қўшимча қилишича, ХХФ Халқаро Олимпия Қўмитасининг тавсияларига риоя қилиши шарт ва Россия жамоалари 2026 йилгача барча турдаги Хоккей мусобақаларидан четлатилиши керак.
2023 йил октябрь ойида ХОҚ Россия Олимпия Қўмитаси (РОҚ) аъзолигини ҳам тўхтатган эди. Бунга сабаб — Россиянинг босиб олинган Украина ҳудудларида “минтақавий олимпия кенгашлари”ни тан олгани бўлган.
2025 йил март ойида ХОҚнинг янги президенти Кирси Ковентри мамлакатларни сиёсий сабаблар билан Олимпиададан четлатишга қарши эканини билдирган бўлса-да, амалдаги қарор ўз кучида қолмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йилги Париждаги ёзги Олимпиадада оз сонли россиялик ва беларуслик спортчиларга нейтрал мақомда қатнашишга рухсат берилган эди.
Изоҳ (0)