Россия ва Украина ўртасидаги тинчлик музокаралари турғунлик ҳолатида қолмоқда. Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазирлигининг ахборот ва матбуот департаменти директори ўринбосари Алексей Зайцев маълум қилди.
Зайцев музокараларнинг бузилишида Украинани айблади. «Украина сиёсатчиларининг баёнотлари уларнинг музокараларни давом эттиришни истамаслигидан яққол далолат беради», — деди у.
ТИВ вакили май бошида Украина президенти Владимир Зеленский музокаралар истиқболини кўрмаётгани ҳақида айтгани, шунингдек, Украина миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Олексий Данилов «тинчлик шартномасининг ҳар қандай имкониятини» рад этганини эслатди.
Сўнгги марта икки томоннинг юзма-юз музокаралари март ойи охирида Истанбулда бўлиб ўтганди. Якунда томонлар музокара жараёнида маълум ютуқларга эришилганини эълон қилган эди.
Истанбул музокараларидан кўп ўтмай, Москва Киевни номувофиқликда ва эришилган келишувлардан узоқлашишга уринишда айблай бошлади. Украина расмийлари, ўз навбатида, Россия армиясининг жиноятлари ҳақидаги маълумотлар фонида Украина жамияти Россия Федерацияси билан ҳар қандай келишувга унчалик тайёр эмаслигини билдира бошлади.
Мавзуга доир:
- Германия Украина хавфсизлигини кафолатлашга тайёр, АҚШ ҳозирча йўқ. Истанбулдаги музокараларга дунё мамлакатларининг муносабати
- Ҳиндистон бош вазири Путин ва Зеленскийга тўғридан-тўғри музокара ўтказишни таклиф қилди
- Лукашенко: «Москва ва Киев музокараларини Беларуснинг иштирокисиз ўтказиш мумкин эмас»
Изоҳ (0)