Иқтисодиёт ва тинчлик институти томонидан эълон қилинган йиллик Global Peace Index (GPI) рейтингида Ўзбекистон 163 давлат орасида 60-ўринни эгаллади.

Global Peace Index (GPI) ҳар йили бир марта тузилади. GPI 163 та мустақил давлат ва ҳудудларни уларнинг тинчлик даражасига кўра баҳолайди, бу орқали дунё аҳолисининг 99,7 фоизи қамраб олинади.
Индекс 23 та сифат ва миқдорий кўрсаткичларга асосланади ва учта асосий йўналишни ўз ичига олади:
- жамият хавфсизлиги ва хавфсизлик даражаси;
- ички ва халқаро можаролар мавжудлиги;
- ҳарбийлаштириш даражаси.
Рейтинг 1 дан 5 гача бўлган шкала бўйича тузилади, пастроқ балл эса тинчроқ ва хавфсизроқ мамлакатни кўрсатади. Ўзбекистон 1,96 балл билан рейтингнинг биринчи ярмидан жой олди.
Марказий Осиё давлатлари орасида
- Қозоғистон 59-ўринда,
- Тожикистон 72-ўринда,
- Қирғизистон 78-ўринда,
- Туркманистон 83-ўринда қайд этилди.
Рейтингнинг энг юқори учта ўрнини Исландия, Ирландия ва Австрия банд этди. Бу давлатлар хавфсизликнинг юқори даражаси, жиноятчилик даражасининг пастлиги, халқаро ва ички қарама-қаршиликларнинг йўқлиги, барқарор бошқарув институтлари билан ажралиб туради. Исландия ушбу рейтингда 2008 йилдан бери узлуксиз равишда биринчи ўринни эгаллаб келмоқда.
Энг қуйи 3 та поғонадан эса Жанубий Судан, Судан, Яман ўрин олди. Украина ва Россия мос равишда 159- ва 156-ўринларни эгаллаб, дунёдаги хавфли давлатлар қаторига кирди.
Ҳисоботга кўра, 2024 йилда бутун дунёда тинчликнинг глобал даражаси ёмонлашди, ўртача кўрсаткич 0,56 фоизга пасайган. Рейтинг муаллифлари геосиёсий кескинликнинг ўсиши, ҳарбий технологияларнинг ривожланиши, қуролли тўқнашувлар, шунингдек, ички сиёсий ва иқтисодий инқирозлар билан боғлиқ вазиятнинг ёмонлашувини 97 та давлатда қайд этган.
Изоҳ (0)