Россиянинг махфий ядровий объектлари ҳақидаги икки миллион ҳужжат, жумладан, Ясний шаҳридаги стратегик ракета қўшинлари базаларидан бирининг тўлиқ схемалари интернетда тарқалди. Даниянинг Danwatch журналистлари ва Германиянинг Der Spiegel нашри мазкур базалардан бирини ўрганди.

Маълумотларга асосланиб, Россиянинг юқори даражада қўриқланадиган объектларида ҳарбий ядровий инфратузилмани модернизация қилиш кўламини баҳолаш мумкин. Базалар оммавий равишда бузиб ташланган ва янгидан қурилган, юзлаб янги казармалар, қўриқлаш миноралари, бошқарув марказлари, омборлар ва ерости туннеллари қурилган.
Мутахассислар ҳужжатларнинг сизиб чиқишини “мутлақо ақл бовар қилмайдиган” деб атамоқда, улар илгари бундай маълумотлар очиқланганини кўрмаган.

База чизмаси
Der Spiegel нашри Ясний шаҳарчаси яқинидаги РВСН базасини батафсил тасвирлаб берди. Кремлнинг таъкидлашича, 2019 йилдан бери бу базада ядро қуролини етказиб беришнинг энг янги тизимларидан бири бўлган Avangard гипертовушли ракетаси жойлаштирилган. Базанинг қурилиши ва унда қўлланган материаллар, ҳожатхоналардан ошхоналаргача бўлган хоналарнинг чизмалари ҳамда қурол-яроғ хоналарига олиб борадиган ерости йўлаклари маълумотлари ошкор қилинган.
Бундан ташқари, интернетга IT тизимлар, қўриқлаш тизимлари ва камераларнинг жойлашуви, сенсорлар, ташқи тўсиқлар, сигнализация, ҳимояланган эшик ва деразалар, электр жиҳозлар, коммунал тизимлар ҳақидаги маълумотлар ҳам тарқалган. Ҳужжатларда кўплаб тафсилотлар, жумладан, деворлардаги плакатлар матни ҳам келтирилган: “Тўхта! Орқага қайрил! Тақиқланган ҳудуд!”, “Ҳарбий қасамёд” ва “Пойабзал парвариши қоидалари”.
Журналистлар ҳарбийлар қандай тренажёр ва жиҳозлардан фойдаланишини, бўш вақтларида шахмат ва шашка ўйнашини аниқлаган.
Бу материаллар — разведканинг энг юқори даражаси. Сиз ҳужум учун заиф нуқтани топишингиз мумкин, дейди Британия армияси ҳарбий разведкаси 1- батальони қўмондони Филип Ингрем. У бундай ҳужжатларнинг ғоят қимматли эканини таъкидлади.
Москва ядро қуролини сақлаш учун Россиядаги 11 та объектдан фойдаланади. Сўнгги ўн йилликда Россия уларнинг аксариятини кенгайтирди ва модернизация қилди. Ташқаридан улар масофадан бошқариладиган пулемёт ва гранатомётлар, замонавий ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари билан жиҳозланган комплекс электрон мониторинг тизимлари билан ҳимояланган.
Россия Давлат думаси фақат 2020 йил декабрида ҳарбийлар учун давлат харидлари қоидаларини кучайтирувчи қонунни қабул қилди. Россия Мудофаа вазирлиги янги ёпиқ маълумотлар базасини яратди, у фақат тасдиқланган рус компаниялари учун очиқ эди, аммо бу ҳам ёрдам бермади. Харид иштирокчилари узоқ вақт давомида махфий ҳужжатларни очиқ маълумотлар базаларида эълон қилиб келган. Danwatch ва Der Spiegel 2024 йил ёзида тендерларга бириктирилган стратегик ядровий базаларнинг махфий чизмаларини аниқлаган.
Россиянинг стратегик ракета қўшинлари охирги ҳимоя воситаси сифатида қаралади. Ҳозирда Яснийдаги иккита база юқори жанговар тайёргарлик ҳолатида турибди, аммо хавфсизликка путур етиши Россияни базаларни қайта қуришга мажбур қилиши мумкин, дейди Норвегия армияси ҳарбий академияси қошидаги Норвегия штаб коллежида разведка тадқиқотлари бўйича катта ўқитувчи Том Рёсет.
У “бу объектлардаги инфратузилмани ўзгартириш жуда катта маблағ талаб қилишини” таъкидлаган. Россия Мудофаа вазирлиги сизиб чиққан маълумотлар бўйича изоҳ беришдан бош тортган.
Изоҳ (0)