АҚШ президенти Дональд Трампнинг россиялик ҳамкасби Владимир Путинга нисбатан баёнотлари Оқ уй раҳбари Россия-Украина можаросидаги ҳақиқий аҳвол ҳақида етарлича маълумотга эга эмаслигидан далолат беради. Бу ҳақда Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков ма`лум қилди.

“Трамп кўп нарса гапирмоқда. Биз, табиий равишда, буларнинг барчасини ўқиймиз, кузатиб борамиз. Аммо кўп ҳолларда Трампга Украина-Россия қаршилиги контекстида аслида нима бўлаётгани ҳақида етарлича маълумот берилмаяпти, деган хулосага келмоқдамиз. Хусусан, Украина тинч Россия шаҳарларига қарши тобора кўпайиб бораётган оммавий террористик ҳужумларни қандай амалга ошираётгани ҳақида маълумот берилмаяпти”, деди Ушаков.
Унинг сўзларига кўра, Трамп фақат Россия Федерацияси қандай жавоб чоралари кўраётганини билади.
“АҚШ президенти “Россия Федерацияси фақат ҳарбий инфратузилма объектларига ёки ҳарбий-саноат комплекси объектларига зарба бераётганини тўлиқ тушунмаяпти”, дея қўшимча қилди Ушаков.
Россия қўшинлари 25 майга ўтар кечаси Украинага дронлар ва ракеталар билан энг йирик авиазарбани амалга оширди. Мазкур авиаҳужумга 298 та дрон жалб этилди. АҚШ президенти Дональд Трамп бунга муносабат билдириб, россиялик ҳамкасби Владимир Путинни кескин танқид қилди.
“Мен ҳар доим Владимир Путин билан жуда яхши муносабатда бўлганман, лекин унга нимадир бўлган. У бутунлай ақлдан озибди! У бекордан бекорга кўп одамларни ўлдиряпти, мен фақат ҳарбийлар ҳақида гапираётганим йўқ. Ракеталар ва дронлар ҳеч қандай сабабсиз Украина шаҳарлари бўйлаб учирилмоқда”, деди Трамп.
АҚШ раҳбари Путин бутун Украинани босиб олмоқчи экани, бироқ бу “Россиянинг қулашига олиб келиши”ни таъкидлади. Трамп ўз баёнотида украиналик ҳамкасби Владимир Зеленскийни ҳам танқид қилди.
Трампнинг сўзларига Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков мазкур танқидларга муносабат билдирди.
Песковга кўра, АҚШнинг Россия ва Украина ўртасидаги музокараларни бошлаш учун “жуда катта саъй-ҳаракатлар” кўрсатгани “ҳиссий зўриқишни” келтириб чиқарган.
Изоҳ (0)