Ўзбекистонга сифати кафолатланмаган 5,3 миллиард сўмлик дори воситаларини ноқонуний олиб кирган шахсларга жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда ДХХ матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Россия ва Қозоғистондан Ўзбекистонда фаолият юритувчи масъулияти чекланган жамиятлар номига юборилган товарлар ортилган 2 та “ГАЗ” юк машинаси Тошкент вилоятидаги “Яллама” чегара-божхона постига “қизил йўлак”да кириб келганидан сўнг, уларни тўлиқ божхона кўригидан ўтказиш мақсадида божхона ходими кузатуви остида, белгиланган манзил божхона постига йўналтирилган. Лекин ярим йўлда божхона ходими машиналарни белгиланган манзилгача кузатиб бормасдан, уларни назоратсиз қолдириб, эркин ҳаракатланишига қўйиб берган.
Бундан фойдаланган ҳайдовчилар йўналишни ўзгартириб, Юқори Чирчиқ туманида яшовчи, 1966 йилда туғилган фуқаронинг хонадонига борган. Сўнгра Россия ва Қозоғистондан китоб, аксессуар ва кийим-кечаклар орасига яширган ҳолда олиб келинган, тегишли ҳужжатлари бўлмаган, “Актовегин”, “Клексан”, “Ремаксол” каби 214 номдаги жами 52 459 дона дори воситаларини юк машинасига ўрнатилган божхона муҳрини бузмаган ҳолда хонадонга тушириб, белгиланган манзил божхона пости томон йўлга чиққанида улар Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Божхона қўмитасининг шахсий хавфсизлик бошқармаси ходимлари томонидан ушланган.
Сифати кафолатланмаган ушбу дори воситаларининг умумий қиймати 5 миллиард 353 миллион сўмни ташкил этган.
Терговга қадар текширув давомида, ҳозирда шахсига аниқлик киритилаётган Қозоғистон фуқароси мазкур товарларни қўшни давлатдан Ўзбекистонга ўтказиб беришлари эвазига юк автомашиналари ҳайдовчиларига 2000 доллар ваъда қилгани маълум бўлди.
Ҳозирда юк машиналари ҳайдовчилари ва дори воситалари туширилган Юқори Чирчиқ туманидаги хонадон эгасига нисбатан Жиноят кодексининг 182-моддаси (божхона тўғрисидаги қонунчиликни бузиш) 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, хизмат мажбуриятини тўлақонли бажармай, хориждан ноқонуний олиб келинган дори воситаларини юк машиналаридан тушириб қолдирилишига имкон яратган “Яллама” чегара-божхона пости инспекторининг хатти-ҳаракатларига нисбатан тергов давомида ҳуқуқий баҳо берилади.
Жиноят кодексига кўра, Божхона тўғрисидаги қонунчиликни бузиш (жуда кўп миқдорда) БҲМнинг 300 юз бараваридан 600 бараваригача (112,5 миллион сўмдан 225 миллион сўмгача) миқдорда жарима ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
2025 йилнинг бошларида Жиззахда 588 миллион сўмлик сифати кафолатланмаган дорилар сотувга чиқиб кетишининг олди олинганди.
Изоҳ (0)