Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпин 23 апрель куни Пекинда Озарбайжон президенти Илҳом Алиев билан ўтказилган музокараларда савдо урушларининг жаҳон иқтисодиёти учун тобора хавфли бўлиб бораётганини билдирди. Бу ҳақда Sinxua агентлиги хабар бермоқда.

Си Цзиньпин Илҳом Алиев билан музокаралар давомида Хитойнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) асосидаги халқаро тизимни ва халқаро ҳуқуққа асосланган халқаро тартибни ҳамда тегишли қонуний ҳуқуқ ва манфаатларни қатъий ҳимоя қилиш, халқаро холислик ва адолатни таъминлаш учун Озарбайжон билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирган.
Хитой раҳбарининг фикрича, протексионизм чоралари ва тариф можаролари нафақат кўп томонлама савдо тизими асосларига путур етказади, балки глобал иқтисодий тартибни ҳам издан чиқаради.
“Тариф ва савдо урушлари барча мамлакатларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларига зарар етказади, кўп томонлама савдо тизимини издан чиқаради ҳамда жаҳон иқтисодий тартиботини беқарорлаштиради”, дея таъкидлаган Хитой раҳбари.
Таъкидланишича, бундай тенденциялар ривожланиш даражаси ва геосиёсий таъсиридан қатъи назар, деярли барча давлатларнинг қонуний манфаатларига зарар етказади.
Си Цзиньпин ўз нутқида савдо чекловларини жорий этиш ва тариф урушларини бошлаш эркин ва адолатли савдо тамойилларига зид эканлигини алоҳида таъкидлаган.
Трамп савдо уруши
Апрель ойи бошида АҚШ президенти Дональд Трамп 185 мамлакат учун импорт божларининг янги тизимини жорий этганди. Дунё мамлакатлари раҳбарлари Трампнинг қарорини қоралаб, жавоб чораларини кўриш билан таҳдид қилишди. Хитой билан савдода йирик дефицит мавжудлиги боис АҚШ бу мамлакат учун тарифларни анча юқори даражага кўтариб, 34 фоизга етказди.
Бунга жавобан Пекин ҳам шунча миқдорда Америка товарларига божлар солди. Шундан сўнг Трамп агар Пекин жавоб чораларидан воз кечмаса, божларни 50 фоизгача ошириш билан таҳдид қилди. Шу сабабли божлар 104 фоизга ошди.
Натижада Хитой Америка маҳсулотлари учун божларни 84 фоизга оширишини эълон қилди. Мазкур эълон ортидан Трамп Пекин учун тарифлар 125 фоизга чиқишини айтди, кейинчалик буни 145 фоизга оширди. Хитой мазкур тарифларга жавобан ставкани 125 фоизга кўтарди.
Хитой АҚШни “ўзаро божлар”ни бекор қилишга ва ўзининг нотўғри амалиётини тузатишга чақирди. ХХР раиси Си Цзиньпин ҳеч бир давлат “бож уруши”дан ютмаслигини қайд этди.
22 апрель куни АҚШ президенти Дональд Трамп Хитойга қаратилган савдо урушида янги бурилиш қилмоқчи. Ўрнатилган юқори божлар сезиларли даражада пасаяди, аммо нолга тенг бўлмаслигини билдирди.
Изоҳ (0)