15—16 ноябрь кунлари АҚШ президенти Жо Байден ва Хитой раиси Си Цзиньпин ўзаро кўришиб, музокаралар олиб борди. Бутун дунё бу учрашувга диққатини қаратган бўлса, ажаб эмас. Хўш, АҚШ ва Хитой нималарга келишиб олди?
“Дарё” ушбу мавзуда сиёсатшунос Ойбек Сирожов ва иқтисодий таҳлилчи Шуҳрат Расул билан суҳбатлашди.
– Дунёнинг икки етакчиси жаҳонда геосиёсий вазият ўта бир таранглашган вақтда учрашди. АҚШ ва Хитой раҳбарларининг учрашуви ҳозирги вақтда қанчалик муҳим эди?
Ойбек Сирожов, сиёсатшунос:
– Бир сўз билан айтганда, бу учрашув жуда муҳим эди. Учрашувнинг муҳимлик масаласига 3 томондан қараш мумкин. Биринчидан, АҚШ учун бу учрашув керак эди. Чунки АҚШ Хитой билан бирга Яқин Шарқда кечаётган нотинчликнинг кенгайиб кетишининг олдини олиши ва керак бўлса бартараф этиши мумкин. Бундан ташқари, Америкада президентлик сайлови яқин. Албатта, Яқин Шарқдаги вазиятнинг чигаллашиб кетиши демократлар партиясининг манфаатларига тўғри келмайди. Иккинчидан, Хитойда иқтисодий ўсиш суратлари секинлашди. Табиийки, бундай паллада Хитой учун АҚШ билан совуқлашган муносабатларини мувозанатга келтириб олиш зарур. Хитой ҳам Яқин Шарқдаги вазиятни чигаллашиб кетишидан манфаатдор эмас. Сабаби, Хитойга келадиган энергия ресурсларининг деярли ярми Яқин Шарқ орқали келади. Учинчидан, Ўзбекистон манфаати нуқтаи назаридан ҳам бу учрашув муҳим аҳамият касб этади.
2022 йилда АҚШ ҳукумати вакили Ненси Пелоси Тайванга келганидан сўнг, икки давлат ўртасидаги муносабатлар жуда совуқлашиб, кўплаб ҳамкорлик соҳалари музлатиб қўйилган эди. Жумладан, АҚШ ва Хитой ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик масалалари тўхтатилган. Бугунги кунда дунёда кўплаб можаролар кечаётган бир вақтда АҚШ ва Хитой раҳбарларининг ўзаро учрашуви муҳим.
Шуҳрат Расул, иқтисодий таҳлилчи:
– Ҳақиқатан ҳам, сўнгги вақтларда АҚШ ва Хитой муносабатлари бир оз совуқлашган. Хусусан, Ненси Пелосининг Тайванга бориши тарангликни кучайтирганди. Бунинг устига АҚШ президенти Жо Байден Хитой раҳбарини диктатор деб атаганди. Қўшма Штатлар президенти кеча ҳам шу гапни такрорлади. Лекин шунга қарамасдан Жо Байден ва Си Цзиньпин ўртасидаги учрашув дунёдаги таранглашувни анча юмшатди. Икки давлат раҳбари ўртасида бўлган учрашувда охирги йилларда ҳеч ҳам муросасизлик масалаларида келишув юз берди.
– Кейинги бермоқчи бўлган саволим ҳам шу ҳақида эди. АҚШ ва Хитой раҳбарлари нималарга келишиб олди?
Шуҳрат Расул, иқтисодий таҳлилчи:
– Бу масалада кўпчилик сиёсатшунослар икки давлат раҳбари асосан Россия—Украина уруши ва Яқин Шарқдаги масалани муҳокама қилган, деб айтмоқда. Лекин дунёнинг икки етакчиси ўртасида олиб борилган мулоқотда асосий масала – АҚШ ва Хитой ўртасидаги ўзаро муносабатлар. Яна бир муҳим муҳокама қилинган масала бор. Бу – Тайван масаласи. Чунки Ненси Пелосининг Тайванга борганидан сўнг АҚШ Тайванга жуда кўп қурол берган эди. Бундан ташқари, Хитой ҳам Тайван атрофида бир неча марта катта ҳарбий машғулотлар ўтказди. Бир сўз билан айтганда, икки давлат ўртасида зўриқиш ва кучланиш авж олаётган эди. Кеча бўлиб ўтган учрашувда Хитой раҳбари Тайван масаласи тинчлик йўли билан ҳал қилинишини билдирди. Бу билан АҚШ ва Хитой ўртасидаги қарама-қаршилик гўё ечилгандек кўринмоқда.
Аслида АҚШ ҳам Тайванни Хитойнинг бир қисми сифатида кўради. Лекин АҚШ Тайван масаласи куч ишлатиш йўли билан ҳал этилишига қарши. Бироқ кечаги учрашувда Хитой раҳбари Тайванни куч ишлатмасдан Хитой таркибига қўшиб олиш мажбуриятини олди. Бу билан АҚШ ва Хитой ўртасидаги қарама-қаршилик бир оз ортга чекингандай кўринмоқда.
Ойбек Сирожов, сиёсатшунос:
– Ўтказилган пресс-конференцияда АҚШ президенти Жо Байден “дипломатияда ҳеч бир нарса, юзма-юз учрашувга тенг келмайди” деб айтди ва Хитой раҳбарини узоқ йиллардан бери танишини таъкидлади. Учрашувда Тайван масаласи ҳам кўтарилди. Хитой раҳбари “биз Тайванни зарурият бўлганда куч ишлатишни ўз ваколатимизда қолдирамиз” деб айтди. Лекин муҳим жиҳати Хитой ҳам Тайван масаласини куч ишлатиш билан эмас, балки дипломатик йўл билан ҳал қилиш масаласига эътибор қаратмоқда. Жуда кўпчилик Тайван масаласида АҚШ ва Хитой раҳбарлари жуда қаттиқ бир баёнотлар беради деб кутган эди. Лекин ундай нарса бўлмади. Менимча, яқин орада бу ҳудудда ҳарбий ҳаракатларни амалга оширмаслик кафолати берилди.
– Шунда Тайван масаласи тўлиқ ҳал қилиндими?
Ойбек Сирожов, сиёсатшунос:
– Йўқ, бир оз юмшатилди. Сабаби АҚШ бир вақтни ўзида 3 та фронтда кураш олиб бора олмайди. Бир нарсани таъкидлаб ўтишим керакки, Хитой ташқи сиёсати можарони куч йўли билан эмас, балки дипломатик йўл билан ҳал қилишга эътибор қаратмоқда. Менимча, бу жуда тўғри йўл.
Шунингдек, Си Цзиньпин учрашув вақтида АҚШ ва Хитой муносабатларининг тарихига ҳам тўхталиб ўтиб, Иккинчи жаҳон уруши (1939—1945) вақтида икки давлат Японияга қарши курашганини эсга олди. Яна бир энг муҳим масала, Хитой раҳбари дунё икки давлатнинг ривожланиши учун етарли эканини ва АҚШ ҳамда Хитой ўртасидаги можаро икки томон учун жуда катта зарар келтиришини айтди.
АҚШ ва Хитой раҳбарлари ўзаро 4 соат давомида суҳбатлашди. Бу шундан далолат беради-ки, икки томон бир-бирини эшитишга тайёр, шу билан бир қаторда улар ўртасида келишмовчилик ҳам мавжуд. Буни АҚШ президенти Жо Байден очиқ гапирди. Икки йирик давлат ўртасида можаро вужудга келишидан ҳеч ким ютмайди!
Шуҳрат Расул, иқтисодий таҳлилчи:
– АҚШ президенти “энди биз бошқариладиган рақобатга ўтамиз”, деди. Бу рақобат иқтисодий маънода. Яъни Байден АҚШ ва Хитой ўртасидаги қарама-қаршиликни мусобақага қиёслади.
– АҚШ ва Хитой бир-бирига иқтисодий жиҳатдан қай даражада боғлиқ?
Шуҳрат Расул, иқтисодий таҳлилчи:
– АҚШ ва Хитой ўртасидаги савдо айланмаси, дунёдаги энг катта савдо айланма ҳисобланади. Ҳисоб китобларга кўра, икки давлат ўртасидаги савдо айланма 7-8 миллиард долларга яқин ҳисобланади. Умуман, Хитой иқтисоди АҚШ иқтисодига қанчалик боғланган бўлса, АҚШ иқтисоди ҳам шу даражада Хитойга боғланган. Мен буларни “эгизак иқтисодлар” деб атайман. Чунки икки давлат ўртасида иқтисодий интеграция жуда кучли. Бугунги кунда АҚШда сотилаётган 10 маҳсулотнинг камида 8 таси Хитойда ишлаб чиқарилади. Албатта, бундай катта савдо ҳамкорлар бир-бири билан уришиб қолиши аслида бемаънилик. АҚШ ва Хитой келишув юз бериши керак эди. Чунки Хитой иқтисодининг ўсиш суръатларининг пасайгани, уни АҚШ олдида сўровчи ролида кўрсатди.
Хитой учун жуда оғриқли бўлган масалалар бор. Масалан, микрочиплар. Сўнгги вақтларда Хитойда электротехника ишлаб чиқаришда микрочиплар етишмаслиги кузатилмоқда. Чунки Дональд Трамп президентлик даври (2017—2021)да Хитойга қарши қўйилган санкциялар бор. Бунинг натижасида микрочип ишлаб чиқарадиган давлатлар Хитойга маҳсулот сотмай қўйган эди. Оқибатда Хитой саноатида муаммолар юзага келмоқда. Аслида Хитой электроника соҳаси Ғарб технологиялари эвазига ривожланган. Шу сабабдан ҳам кечаги учрашувда Хитой АҚШдан савдо чекловларини олиб ташлашни сўради.
Чунки у Тайван масаласи билан чалғиб кетди. Ден Сяопин Тайван масаласини куч йўли билан ҳал қилишимиз керак деб айтмаган. Бундан ташқари,
Конфуцийнинг бир гапи бор: “Душманингни енгмоқчи бўлсанг, дарё бўйида узоқ ўтир. Шунда душманингни жасади олдингдан оқиб ўтади”. Мана шу донолик сўнгги вақтларда Хитой раҳбарининг эсидан чиқиб қолган эди. Бир ярим йил олдин Хитой раҳбари Си Цзиньпин 2027 йилгача урушга тайёргарлик кўришга буюриқ берган эди. Бугунги кунда бу гаплар йўқ.
Ойбек Сирожов, сиёсатшунос:
– Мен бир нарсага алоҳида урғу бермоқчиман. Ненси Пелоси Тайванга келган вақтда жуда кўп провокациялар амалга оширилди. Лекин Хитой ўзига яраша босиқликни намоён қилди. Кечаги бўлиб ўтган учрашувда ҳам Хитой ўзига хос Шарқона босиқликни кўрсатди. Яъни Хитой Россия ва Исроилга ўхшаб қурол кучига таянмаяпти.
Хитой 2049 йилга бориб нафақат иқтисодий, балки ҳарбий жиҳатдан ҳам дунёнинг энг кучли давлати бўлишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Буни амалга ошириш учун дунёнинг энг қудратли давлати билан ҳамкорлик қилиши зарур. Шунингдек, АҚШ бугунги кунда бир қутбли дунёни шакллантиришга урғу бераётган бўлса, Хитой икки қутбли дунёни шакллантиришга ҳаракат қилмоқда.
– АҚШ ва Хитой раҳбарлари ўртасидаги учрашув якунига етгач, Қўшма Штатлар президенти Жо Байден Си Цзиньпинни диктатор деб атади. Буни қандай изоҳлаш мумкин?
Шуҳрат Расул, иқтисодий таҳлилчи:
– Буни ҳеч нарса деб изоҳлаб бўлмайди. Сабаби, Байден бу сўзни биринчи марта айтаётгани йўқ. Байден Путинни қотил деб ҳам атаган эди. Бу гапларни ким айтмоқда? Албатта, АҚШ президенти! Жо Байден бу гапларни гапиришни ўзига эп кўра олади. Бошқа дунё лидерлари бундай гапларни гапира олмайди. Байден 1978 йилдан бери катта сиёсатда. Шунинг учун бу гапларни биз изоҳламасак ҳам бўлади.
Ойбек Сирожов, сиёсатшунос:
– Ҳақиқатан ҳам жуда қизиқ бир ҳолат юз берди. Дипломатик нуқтаи назардан, бу жуда катта хато. Жо Байден бу сўзни биринчи бор айтганда, АҚШ ва Хитой ўртасидаги совуқлик анча кучайиб кетган эди. Хитой ташқи ишлар вазирлиги АҚШ президентининг бу сўзларини ҳақорат деб баҳолади.
АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен ҳам бекорга президент Жо Байденнинг олдида ўтиргани йўқ, Яъни давлат раҳбари бир хатога йўл қўйса, Блинкен уни тўғрилашга тайёр эди. Чунки бундай ҳақоратли гапларни айтилиши, мамлакатлар ўртасидаги совуқликка сабаб бўлади. Лекин бу билан Хитой ва АҚШ муносабатлари яна совуқлашиб кетади деб бўлмайди.
Сардор Али суҳбатлашди
Изоҳ (0)