Оғир вазн тоифасида собиқ UFC чемпиони ва ҳозирда PFL (Professional Fighters League) жангчиси бўлган Френсис Нганну Камерунда йўл-транспорт ҳодисаси содир этган. Бу ҳақда Le Bled Parle портали хабар берди.

Маълумотларга кўра, ҳодиса спортчи мотоциклда ҳаракатланаётганда содир бўлган. Кучли тўқнашув натижасида 17 ёшли Нтсама Брижит Мануэлла жиддий тан жароҳатлари олди. Нганну дарҳол жабрланувчига биринчи ёрдам кўрсатиб, уни шахсан шифохонага етказган. Бироқ шифокорларнинг саъй-ҳаракатлари ва зудлик билан ўтказилган операцияга қарамай, қизнинг ҳаётини сақлаб қолишнинг иложи бўлмаган.
Френсис Нганну содир бўлган воқеадан чуқур қайғуга тушгани айтилмоқда. У жабрланувчининг барча даволаниш ва шифохона харажатларини ўз зиммасига олди. Ҳодиса юзасидан жиноят иши қўзғатилиши масаласи ҳозирча очиқ қолмоқда. Ҳодиса тафсилотлари ошкор этилмаган.
Изоҳ (0)