АҚШ президенти Дональд Трамп Теҳроннинг расмий баёнотларига қарамай Эрон расмий вакиллари у билан иложи борича тезроқ учрашув ўтказишни хоҳлаётганини маълум қилди.

Оқ уйда журналистлар билан суҳбат давомида ундан Эрон ҳудудида бойитилган уран захираларининг мавжудлиги уни ташвишга солаётган ёки солмаётгани сўралган. АҚШ раҳбарининг фикрича, бу Теҳронни ҳозир қизиқтираётган энг сўнгги масала ҳисобланади.
“Ҳозир уларни қизиқтираётган энг сўнгги нарса - бойитилган уран. Улар бу ҳақда ўйлашмаяпти. Улар нормал ҳаётга қайтишни ва мен билан учрашишни исташмоқда”, деди Трамп.
Трамп Эрон расмийларининг музокаралар режаси йўқлиги ҳақидаги оммавий баёнотларига изоҳ бериш сўровига жавобан, аслида вазият бошқача эканини тахмин қилган. Унинг сўзларига кўра, бу “тез орада амалга ошади”.
“Улар шундай дейишлари мумкин... Лекин улар мен билан учрашишни истамасликларига ишонасизми? Бизда уларга қарши шундай санкциялар борки, улар ҳеч нарса қила олмаслигини тушунмаяпсизми? Улар мен билан учрашишни истамасликларига ишонасизми?”, деди АҚШ президенти.
Шунингдек, Оқ уй раҳбари эронликлар “аҳмоқ одамлар эмас, балки кўп нарсаларни бошдан кечиришган ва азоб чекишган” деб қўшимча қилган.
Исроил 13 июнь куни Эроннинг ядровий салоҳиятини йўқ қилиш мақсадида, унга ҳужум қилган. Авиаҳужумлар оқибатида Эрон ҳарбий қўмондонлари ва бир нечта ядровий олимлар ҳалок бўлган. Эрон расмийларига кўра, ҳужумда 610 киши ҳалок бўлиб, 5 мингга яқин киши жароҳатланган. Теҳроннинг жавоб зарбаларида Исроилда камида 28 киши ҳалок бўлиб, юзлаб биноларга зарар етган.
22 июнга ўтар кечаси АҚШ президенти Дональд Трамп АҚШ қуролли кучлари Эрондаги учта ядровий объект — Фордо, Натанз ва Исфаҳонга муваффақиятли ҳужум уюштирганини маълум қилган. У Теҳрон можарони тўхтатишга рози бўлиши кераклигини таъкидлаган.
23 июнь куни Эрон Қатардаги Америка ҳарбий базаларига қарши операция бошлаган. АҚШнинг Ироқдаги базаси ҳам ҳужумга учраган. Қатар ўз ҳудудидаги ҳарбий базага берилган зарбалардан сўнг Эроннинг ҳаракатларини қатъий қоралаган. Мамлакат бевосита жавоб беришга ҳақли эканини билдирган. Қатарнинг баёнотини Саудия Арабистони ҳам қўллаб-қувватлаган. Шундан сўнг, Яқин Шарқдаги можаро кучайиши сабабли бир қатор давлатлар ўз ҳаво ҳудудини ёпган. 24 июнь куни Исроил ва Эрон ўртасида ўт очишни тўхтатиш бўйича сулҳ кучга кирган.
Изоҳ (0)