Эрон Фордодаги ядровий объектда бўлган юқори бойитилган ураннинг катта қисмини АҚШ ҳужумидан олдин бошқа жойга кўчиришга муваффақ бўлди. Бу ҳақда Эроннинг юқори мартабали манбасига таяниб, Reuters хабар берди.

Мазкур маълумотни тасдиқлашнинг имкони бўлмаган, бироқ сунъий йўлдош тасвирларида ҳужумдан олдинги кунларда объект атрофидаги юк машиналарини кўриш мумкин. Айрим тасвирларда Фордодаги ядро объектининг чуқур ер остида жойлашган қисми ва у ерда ўрнатилган уранни бойитиш центрифугаларига жиддий зарар етказилгани ёки улар бутунлай вайрон қилингани акс этган.

Аммо объектнинг ҳозирги ҳолати борасида ҳали аниқ тасдиқ йўқ, дейди экспертлар.
Фордодаги ходимларнинг аксарияти 80-90 метр чуқурликда жойлашган ер ости уранни бойитиш заводидан эвакуация қилинган. 19 июнь куни ерости ҳарбий комплексига олиб борувчи кириш йўли бўйлаб 16 та юк машинаси кўринган.
Эртаси куни олинган фотосуратларда уларнинг аксарияти объектдан тахминан 1 км шимоли-ғарбга силжиганини кўриш мумкин. Бошқа юк машиналари ва бульдозерлар Фордодаги объектга кираверишда қолган.


Халқаро атом энергияси бўйича агентлик (МАГАТЕ) бош директори Рафаэл Гросси авиаҳужум оқибатида етказилган зарарни баҳолашнинг ҳозирча иложи йўқлигини айтмоқда. АҚШ ҳужумидан кейин Эрон Исроилни ракеталар билан ўққа тутиб, Тель-Авивдаги биноларни вайрон қилган.
Бундан ташқари, Эрон Америка базаларига зарба бериш, шунингдек, Ҳормуз бўғози орқали нефть етказиб беришни тўхтатиш билан таҳдид қилмоқда. Бу жаҳон нефть нархининг тез ўсишига олиб келиши, жаҳон иқтисодиётини издан чиқариши ва Форс кўрфазида жойлашган АҚШ ҳарбий-денгиз кучларининг бешинчи флоти билан можарога сабаб бўлиши мумкин.
Изоҳ (0)