Идиш-товоқ ювиш учун мўлжалланган гел кўпчилик бекалар фойдаланадиган энг қулай ва универсал восита ҳисобланади. Бироқ уйдаги ҳамма нарсани ҳам бундай восита билан ювиб бўлмайди. Акс ҳолда баъзи буюмлар асл кўринишини йўқотади ёки умуман яроқсиз ҳолга келиб қолади.

1. Ёғочдан ясалган буюмлар
Ёғочдан ишланган мебел, идишлар ёки пол қопламалари идиш ювиш гели билан тозалаш учун мос келмайди. Бундай буюмлар одатда махсус ёғ ёки лак билан қопланган бўлади. Гел эса бу ҳимоя қатламини эритиб юборади ва натижада ёғоч қуриб, ёрилади ёки ранги оқариб, кўримсиз ҳолга келади. Бу эса мебелнинг хизмат қилиш муддатини қисқартиради. Ёғоч юзаларни тозалаш учун айнан шунга мўлжалланган ёки табиий таркибга эга воситалардан фойдаланиш тавсия этилади.
2. Чўян идиш-товоқлар
Чўяндан ясалган това ва қозонлар ҳар доим алоҳида парвариш талаб қилади. Бу турдаги идишлар қисқа муддатда ёғли қатлам билан қопланади, бу қатлам уларни занглаб кетишдан ҳимоя қилади. Агар уларни гел билан ювсангиз, бу ҳимоя қатлами ювилиб кетади ва чўян сиртида коррозия пайдо бўлади. Бундай идишларни ювишда оддий қайноқ сув, бир оз сода (туз) ва чўтка етарли.
3. Қаҳва тайёрлаш қурилмаси (кофемашина)
Кофеварка ёки эспрессо-машина каби қурилмаларнинг ички қисмлари нозик бўлади. Шунинг учун уларни ҳар қандай восита билан ювиш мумкин эмас. Гел таркибидаги кимёвий моддалар механизмга зарар етказиши ёки қолдиқлари ичимликка ўтиб, таъмига таъсир қилиши мумкин. Шу сабабли бундай техникаларни фақат ишлаб чиқарувчи томонидан тавсия этилган воситалар билан тозалаш лозим.

4. Ипак матодан тикилган буюмлар
Ипак жуда нозик мато бўлиб, унга алоҳида парвариш зарур. Кўйлак, кофта, ёстиқ жилди ёки чойшаб бўладими — барчаси эҳтиёткорлик билан ювилиши керак. Гел таркибидаги фаол моддалар ипак толаларини заифлаштириб, матони бузиб қўйиши мумкин. Агар ипак кийимда доғ пайдо бўлган бўлса, уни махсус нозик матолар учун ишлаб чиқилган восита билан тозалаган афзал.
5. Чармдан ишланган мебел ёки кийимлар
Чарм сиртига гел билан ишлов бериш мутлақо мумкин эмас. Табиий матодан тайёрланган диван, чарм куртка ёки сумка кабиларнинг кўриниши гел таъсирида ўзгариб кетади — ялтираши йўқолади, сиртида доғлар пайдо бўлади, ҳатто қуриб, ёрилиб кетади. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун чарм учун мўлжалланган табиий восита тайёрлаш мумкин. Бунинг учун оддий ичимлик суви билан истеъмол сиркасини тенг миқдорда аралаштириб, енгил ҳаракат билан артиш кифоя.
Изоҳ (0)