Жиззах вилоятида вояга етмаган фарзандига автомобиль бошқарувини топшириб қўйган отага чора кўрилди. Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги матбуот хизмати хабар қилди.
Қайд этилишича, вилоят ҳудудидаги автомобиль йўлида Nexia русумли машина тўхтатиб текширилганида, рулда 5-синфда ўқувчи вояга етмаган шахс автотранспорт воситасини бошқариб келаётгани аниқланди.
Машинада боланинг ёнида келаётган шахс унинг отаси эканлигини маълум қилиб, дала жойда ҳайдовчиликни ўргатиш учун машинани ўғлига ишониб топширганлиги айтган.

“Ҳеч ким йўқлиги учун қизиқиш туфайли бергандим. Бошқа қайтарилмайди, ота-оналарга ҳам маслаҳат берамиз, ўғилларингизга машина берманглар”, деган боланинг отаси.
Хабарда ушбу ҳолат юзасидан боланинг ота-онасига нисбатан тегишли тартибда чора кўрилиши таъкидланган.
Маълумот учун, шу каби қоидабузарликни содир этганлик учун одатда жарима ёки бошқарувдан маҳрум қилиш каби чоралар қўлланилади. Агарда вояга етмаган ҳайдовчининг ҳаракати туфайли жиддий зарар етказилган бўлса (одам ўлими ёки оғир тан жароҳати), ота-онага нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан ҳам иш қўзғатилиши мумкин.
Аввалроқ Қашқадарё вилоятида мактаб ўқувчиси юк машинасини бошқариб юргани тўғрисида хабар қилинганди. Профилактика инспекторлари бола билан суҳбат ўтказиб, унинг ота-онасига нисбатан тегишли тартибда баённома расмийлаштирган.
Изоҳ (0)