АҚШ президенти Дональд Трамп Исроил ва Эрон ўртасидаги ҳарбий зиддиятлар кучайиб бораётган бир пайтда Қўшма Штатларнинг ҳарбий аралашуви бўйича вариантларни кўриб чиқаётганини айтди. Бу ҳақда Al Jazeera хабар берди.

Трамп “келаси ҳафта муҳим бўлиши”ни таъкидлади ва Эрон расмийларининг музокаралар олиб боришга интилаётганини қўшимча қилди. Бироқ АҚШ раҳбари музокаралар учун кеч бўлган бўлиши мумкинлигини ҳам истисно этмади.
Расмийлар ва мутахассислар АҚШнинг 13 тонналик бункер бомбасигина Теҳрон ядро дастурининг асоси ҳисобланган ва тоғда жойлашган Фордо ерсости уранни бойитиш заводини йўқ қилишга қодирлигини айтмоқда. Қўшма Штатлар B-2 бомбардимончи самолётлари ёрдамида етказиб бериладиган бундай бомбаларга эга ягона давлатдир. Агар у Эронга қарши ишлатилса, бу АҚШнинг фаол авиазарбалар беришини англатади.
♦ Бункер бомбалар қандай хусусиятга эга?
Бу оддий бомбалар етиб бора олмайдиган, еростида чуқур жойлашган нишонларни йўқ қилишга мўлжалланган бомбаларнинг умумий номи. АҚШ армиясининг энг кучли бункер бомбаси GBU-57 Massive Ordnance Penetrator ҳисобланади. Унинг оғирлиги тахминан 13 600 кг бўлиб, жанговар қисми 2700 килони ташкил этади. Қаттиқ пўлатдан тайёрланган ва 60 метргача ер остига кириб портлаш имкониятига эга.

B-2 Spirit — АҚШнинг яширин бомбардимончи самолёти бўлиб, ҳозирда ГБУ-57ъни ташиш учун мўлжалланган ягона учоқдир. У бир вақтнинг ўзида иккита бункер бомбани таший олади. АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари таъкидлашича, бир нечта бомбани кетма-кет, битта ёки бир нечта самолёт ёрдамида ташлаш мумкин. Бу эса ҳар бир зарбанинг чуқурроқ кириб боришига имкон беради ва умумий таъсирни кучайтиради.
Исроил АҚШ ишлаб чиқарган GBU‑28 ва BLU‑109 каби бункер бомбаларидан фойдаланади. Бу бомбалар одатда F‑15 каби қирувчи самолётлар орқали ташланади. Бироқ улар чуқур еростидаги нишонларга, жумладан, Эроннинг Фордо ядро марказига етиб бора олмайди. Исроил 2024 йилда “Ҳизбуллоҳ” етакчиси Ҳасан Насруллоҳни Байрутдаги ер ости штаб-квартирасида ўлдириш учун кетма-кет BLU-109 бомбаларидан фойдаланган.
♦ Эроннинг Фордов ядро иншооти қанча чуқурликда жойлашган?
Теҳрондан тахминан 95 км жануби-ғарбда жойлашган Эроннинг Фордо уран бойитиш заводи ҳаво ҳужумлари ва бункер бомбалардан ҳимояланиш учун тоғ ёнбағрига қурилган. У тахминан 80-90 метр чуқурликда жойлашган. Фордо иншоотининг қурилиши тахминан 2006 йилда бошланган ва 2009 йилда ишга туширилган. Худди шу йили Эрон уни расман тан олган.

2015 йилдаги JCPOA номи билан танилган Эрон ядро келишувига кўра, Эрон Фордодаги уранни бойитиш ишларини тўхтатишга ва бу жойни илмий-тадқиқот марказига айлантиришга рози бўлган. Бироқ 2018 йилда АҚШ келишувдан чиққанидан сўнг, Эрон бу объектда уранни бойитишни қайта бошлади. Мамлакат унинг ядро дастури фақат тинч мақсадларда эканини таъкидлаб келмоқда.
Маълумотларга кўра, Фордо Эрон ва Россиянинг ер-ҳаво ракета тизимлари билан ҳимояланган, аммо Исроилнинг давом этаётган ҳужумлари натижасида бу мудофаа тизимлари аллақачон зарба остида қолган бўлиши мумкин.
Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу бу ҳаракатни Эроннинг ракета ва ядровий салоҳиятини йўқ қилиш вазифаси сифатида талқин қилиб, уларни “мавжудликка таҳдид” деб таърифлаган. Расмийлар Фордо асосий нишон эканини тасдиқлаган.
Бу бутун операция... ҳақиқатан ҳам Фордони йўқ қилиш билан якунланиши шарт, деган Исроилнинг АҚШдаги элчиси Ехиэл Леитер.
Нишонга олинган бошқа ядровий объектлар
Исроил Эроннинг энг йирик ядровий объекти бўлмиш Натанздаги уран бойитиш марказининг ер усти қисмини йўқ қилгани тахмин қилинмоқда. БМТнинг халқаро атом энергияси бўйича агентлиги (MAGATE) маълумотларига кўра, электр таъминотининг узилиши натижасида объектдаги ерости бойитиш залларига ҳам зарар етган бўлиши мумкин.

Потенциал ядровий ва кимёвий ифлосланиш хавфи
16 июнь куни MAGATE раҳбари Рафаэл Гросси шикастланган Натанз ҳудудидан ҳам радиациявий, ҳам кимёвий ифлосланиш хавфи мавжудлигини айтди. У Исроил ҳужумига учраган Эроннинг Натанз ва Исфаҳон ядровий объектлари атрофида радиация даражаси ҳозирча меъёрида эканини таъкидлади. Бироқ ҳарбий вазиятнинг кескинлашуви радиологик чиқинди тарқалиши хавфини оширади.
MAGATE раҳбари Эрон ядро қуролини яратаётганига оид далиллар йўқлигини маълум қилган. АҚШ разведкаси ҳам мазкур маълумотни тасдиқлаган. Бироқ Гроссининг таъкидлашича, ҳеч бир давлат Эрон каби уранни 60 фоизгача бойитмаяпти. Бу эса техник жиҳатдан ядро қуроли ишлаб чиқариш учун зарур бўлган даражага (90 фоизга) яқин.
MAGATE раҳбари Эроннинг кўплаб юқори лавозимли амалдорлари у билан суҳбатларда ядро қуроли яратиш исломга зид эканини тан олганини айтган. Бироқ Эрон бу қуролни яратиш учун зарур бўлган “пазл бўлаклари”нинг барчасига эга.
Изоҳ (0)