Бугун, 8 август куни президент Шавкат Мирзиёевга Тошкент шаҳрида энергетика тизими барқарорлигини таъминлаш чоралари бўйича ахборот берилди. Бу ҳақда Президент ахборот хизмати хабар қилди.

Қайд этилишича, охирги бир йилда пойтахтда 12 мингта янги қувват, савдо ва сервис мажмуалари ишга туширилган. Энергияга талаб ошмоқда.
“Охирги икки йилда Тошкентда электр таъминотини яхшилаш учун 2,8 триллион сўм йўналтирилган. 36 та подстанция, 665 та трансформатор, 2 минг километрдан зиёд тармоқ янгиланган. Лекин ҳали қилинадиган ишлар кўп. 46 та подстанция ва 207 та трансформатор ортиқча юклама билан ишлаяпти. Йил бошидан бери пойтахтимизда электр истеъмолчилари яна 40 мингтага кўпайган, талаб 6 фоиз ўсган”, дейилади манбада.
Маълум қилинишича, илгари ёздаги жазирама кунлар давомийлиги бир ҳафтадан ошмаган бўлса, бу йил 20 кунгача чўзилган. Оқибатда июль ойида Тошкент шаҳрида истеъмол миқдори 900 миллион киловатт-соатдан ошган.

Бу омиллар модернизация жараёнларини изчил давом эттиришни талаб қилади. Тақдимотда энергетика вазири пойтахтидаги ҳар бир туман ва маҳаллалар кесимида режаларни айтган. Унга кўра, бу йил биринчи босқичда 374 километр тармоқ, 11 та подстанция, 62 та трансформаторни янгилаш кўзда тутилган. Келаси йил яна 788 километр тармоқ, 35 та подстанция ва 145 та трансформатор модернизация қилинади. Жумладан, маҳаллалардаги трансформатор ва тармоқлар таъмирланиб, янгилари ўрнатилади.
Президенти куз-қиш мавсумига оз фурсат қолганига эътибор қаратиб, бу йилги режани 1 ноябргача якунлаш зарурлигини таъкидлаган.
Сўнгги йилларда барча ҳудудларда генерация кўпайтириб борилмоқда. Шу билан бирга, саноат корхоналарини муқобил энергия тизимига ўтказиш чоралари кўрилмоқда. Хусусан, 2027 йилгача йирик корхоналар ва туризм масканларида 752 мегаваттли қуёш станцияси ҳамда 812 мегаваттли сақлаш қувватларини ташкил этиш режалаштирилган.

Йиғилишда мутасаддилар атом энергетикаси йўналишидаги ишлар ҳақида ҳам ахборот берган. Манбанинг таъкидлашича, мамлакатда кичик қувватли атом электр станцияси қуриш бўйича иш олиб борилмоқда. Бўлажак станциянинг ҳар бир босқичи – лойиҳалаштиришдан то битгунга қадар Халқаро атом энергияси агентлигининг қатъий назорати остида бўлади, энг илғор хавфсизлик талаблари татбиқ этилади.
Президент режадаги иншоотларни сифат ва муддатга амал қилган ҳолда ишга тушириб, барқарор энергия қувватларини яратиш бўйича кўрсатмалар берган. Вазирлар Маҳкамасига энергия самарадорликни ошириш масаласини ҳар ҳафта муҳокама қилиб бориш топширилган.
Изоҳ (0)