Исроил сўнгги 48 соат ичида АҚШдан Эронга қарши ҳарбий операцияга қўшилишни сўради. Бу ҳақда икки яҳудий амалдорига таяниб Axios хабар берди.

Маълум қилинишича, Трамп маъмуриятидан Эроннинг уранни бойитиш дастурининг асосий элементларидан бири бўлган Фордо ерости ядровий иншоотини йўқ қилишда ёрдам сўралган. Исроил мурожаатининг асосий сабаби техник қийинчиликлардир.
Исроил армиясида тоғли ҳудудда катта чуқурликда жойлашган объектга самарали зарба бериш учун зарур бўлган арсенал, хусусан, бункер бомбалари ва оғир бомбардимончи самолётлар йўқ. АҚШ эса тегишли қуролларга ва яқин атрофдаги базалардан зарба бериш имкониятига эга.
Трамп яқинда Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху билан суҳбатда зарурат туғилганда шундай қадам кўрсатиши мумкинлигини истисно этмаган. Бироқ ҳозирда АҚШ бундай имкониятни кўриб чиқмаяпти.
Оқ уйнинг юқори мартабали мулозимига кўра, Вашингтон урушга тўғридан тўғри аралашишни хоҳламайди, ҳатто гап “битта зарба” ҳақида кетаётган бўлса ҳам. АҚШ можарони дипломатик йўл билан ҳал қилишга умид қилмоқда.
Агар Эрон буни истаса, бизда тинч ечимга эришиш имконияти бор. Тинчликка эришишнинг энг тез йўли — Эроннинг ўз ядро қуролидан воз кечишидир, дейди Оқ уйдаги манба.
Агар Фордо мажмуаси Исроил зарбаларидан кейин ҳам ишлашда давом этса, Эрон ядро дастурини “йўқ қилиш” мақсадига эришиб бўлмайди, деб ёзади Axios.
Баъзи мутахассислар фикрича, Исроил бункер бомбалар таъсирини ҳосил қилиш учун бир нишонни қайта-қайта бомбардимон қилиши мумкин. Бироқ бундан-да хавфлироқ йўл — махсус кучларни объектга рейдга юбориш бўлиши мумкин.
Исроил махсус кучлари 2024 йил сентябрь ойида шундай операцияни амалга оширган эди. Улар Сурияда жойлашган ерости ракета заводига бостириб кириб, портловчи моддаларни жойлаштириб, уни портлатган. Бутун операция атиги икки соат давом этган.
Исроил ядро дастурини издан чиқариш мақсадида Эроннинг уран бойитиш иншоотлари, центрифуга ишлаб чиқариш линиялари ва ядро олимларини нишонга олмоқда. Шундай сўнгги ҳужумларда камида 14 нафар эронлик ядрочи олим ҳалок бўлди.
Изоҳ (0)