Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров ва унинг 29 нафар яқин қариндоши Россия–Украина уруши бошланганидан бери жами 146 хил мукофот ва фахрий белгиларни олган. Бу ҳақда Meduza нашри хабар берди.
Манбага кўра, энг кўп мукофотнинг эгаси — Рамзан Қодировнинг ўзи. Атиги 41 ойдан сал кўпроқ вақт ичида унга 31 та медал топширилган (бу оиладаги барча мукофотларнинг 21,2 фоизини ташкил этади). Бу шуни англатадики, Чеченистон раҳбари ўртача ҳар 40 кунда бир маротаба мукофотланади.

Иккинчи ўринда эса Чеченистон раҳбарининг ўғли — отасининг эҳтимолий вориси сифатида кўрилаётган Адам Қодиров турибди. Адам 16 та медал ва фахрий белгилар олган. Қодировнинг ўғли унвонларнинг ярми 2023 йилнинг октябрь–ноябрь ойларида Грозний тергов изоляторида маҳбус Никита Журавелни дўппослаганидан кейин олган.
Учинчи ўринда Чеченистон раҳбарининг қизи Айшат Қодирова туради. У 2022 йил февралидан бери 10 та мукофот олган.
Қодировлар оиласи мукофотларининг катта қисмини — 82 тасини давлат ва асосан ички Чеченистон мукофотлари ташкил этади. Қодиров ва унинг яқинлари яна 30 та медал ва фахрий белгини турли идора ва вазирликлардан олган. Бу медалларнинг аксарияти куч тузилмаларига тегишли.
Қодировлар 21 та мукофотни ташкилот ва институтлардан, 11 тасини эса Россия тайинлаган Украинанинг аннексия қилинган ҳудудлари (ДХР, ЛХР, Херсон ва Запорожье вилоятлари) маъмуриятларидан, биттадан эса Ливиядаги ҳукумат ва қисман тан олинган Жанубий Осетия ҳукуматидан олган.
Журналистлар маълумотига кўра, чечен амалдорларининг ўзлари республика раҳбарининг оиласи аъзоларини мукофотлашни сўрашади.
Изоҳ (0)