Европа Иттифоқи Россиянинг эҳтимолий ҳужумидан ҳимояланиш учун улкан дронлар қўшинини яратиши зарур. Бу ҳақда мудофаа ва космик масалалар бўйича Европа комиссари Андрюс Кубилюс маълум қилди.

У президент Владимир Путин НАТО давлатларидан бирига ҳужум қилишга буйруқ берса, Европа давлатлари “жанглардан тобланган” миллионлаб дронлардан фойдаланишга қодир Россия армиясига дуч келишини айтди.
Россия дронлар ишлаб чиқаришни йилига 5 миллионга етказиши мумкин, у билан бўладиган қарама-қаршиликда ғалаба қозониш учун биз бундан ҳам каттароқ қувватга эга бўлишимиз керак, деди Кубилюс.
Европа комиссари Украинадаги фронт чизиғида бўлгани, фронт бўйлаб “ўлим водийси” деб номланувчи зона шаклланганини айтди.
У ерда ҳеч нарса ҳаракатлана олмайди. Ҳаммаси дронлар назорати остида. Оддий танк бу ҳудудда атиги олти дақиқа “яшайди”, дея изоҳ берди Кубилюс.
Шунингдек, у кўп миқдордаги дронларни ишлаб чиқариб, уларни омборларда сақлашдан маъно йўқлиги таъкидлади. Чунки жанг шароитида дронларни янгилаб, вазиятга мослаштириш кераклигини айтди.
Унинг фикрича, Европа учувчилар, муҳандислар ва ишлаб чиқарувчилардан иборат жамоаларни тузиши лозим. Улар керак бўлганда ишлаб чиқаришни кўпайтиришга тайёр туриши керак.
Аммо ҳозирча НАТО давлатлари улардан бирига кўплаб дронлар ёрдамида ҳужум қилинишига мутлақо тайёр эмас, деди Украина учун дронлар ишлаб чиқаётган Германиянинг Alpine Eagle стартапи бош директори Ян-Хендрик Бёленс.
Ҳаво ҳужумидан мудофаани беш баробар кучайтириш ва дронларга кўпроқ маблағ сарфлаш керак, деди НАТО саммитида альянс бош котиби Марк Рютте.
25 июнь куни НАТО давлатлари раҳбарлари мудофаа ва у билан боғлиқ тадбирларга харажатларни 2035 йилга келиб ялпи ички маҳсулотнинг йилига 5 фоизигача оширишга келишиб олди.
Изоҳ (0)