Россия 23 июнь куни Украина пойтахти Киев шаҳрига ҳужум қилди. Ҳодиса оқибатида 3 киши ҳалок бўлди, 13 киши жароҳатланди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар бўйича давлат хизмати (ФВДХ) хабар берди.

Ҳужум оқибатида турар жойлар, бизнес маркази, мактаб, метро бекати ва бошқа иншоотлар зарар кўрган. Қурбонлар сони ортиши кутилмоқда. Жами 10 киши, жумладан, 2 нафар бола ва ҳомиладор аёл қутқариб қолинган.
Шаҳарга қилинган тунги ҳужум оқибатларини бартараф этиш ишлари давом этмоқда, барча хизматлар фаолият юритмоқда. Маълумотлар аниқланмоқда, дея хабар берган идора.
Украина ички ишлар вазири Игор Клименко эса ҳалок бўлганлар сони ошганини маълум қилган.
Энг оғир талафотлар Шевченковский туманида кузатилди. Кўп қаватли турар жой биносининг бутун подъезди вайрон бўлган. Ҳозирги пайтда 4 киши ҳалок бўлган. ФВДХ ходимлари 10 нафар ярадорни қутқариб олган. Барчага тиббий ва психологик ёрдам кўрсатилмоқда. Вайроналарни тозалаш ишлари давом этмоқда. Бизнинг маълумотларимизга кўра, вайроналар остида ҳали ҳам одамлар бор, деган у.

Киев ҳарбий маъмурияти раҳбари Тимур Ткаченко шаҳардаги вайронагарчиликлар кўлами ҳақида маълумот берган. Унга кўра, Соломенский туманида дрон қолдиқлари тушиши оқибатида нотурар бинонинг томи ёниб кетган, 5 та жойда ҳужум туфайли зарар қайд этилган. Святошинский туманидаги стадион зарар кўрган, турар жой биноси ёнида ёнғин чиққан ва нотурар жой биносига зарар етган.
Ҳужум пайтида “Святошин” метро бекатининг чиқиш жойларидан бири ва унга туташ ҳудуд — бекат шикастланган. Бу ерда икки киши жароҳат олган. Улар касалхонага ётқизилмасдан, жойида ёрдам кўрсатилган, деди Ткаченко.
Дарницкий туманида икки қаватли турар жой биноси шикастланган. У ерда жабрланганлар ва ёнғин қайд этилмаган.




Изоҳ (0)