“Ракурс” подкастининг янги сонида Ўзбекистон экология вазирининг маслаҳатчиси ва жамоат фаоли Расул Кушербаев иштирок этди. Журналист Эркин Ҳасаннинг Россияда қийинчиликларга учраётган ўзбек мигрантлари ҳақидаги саволига қуйидагича жавоб берди.
— Украина масаласида муваффақиятли қадамлар кузатилмаяпти, шу боис Россия айбдор томонни топиши керак. Сиёсатда қайсидир заиф қатламни айбдор қилиш одатий ҳол. Назаримда, мигрантлар Россияда ҳозир худди шундай вазиятга тушиб қолишган. Яъники барча муаммоларнинг сабабчиси мана булар дегандек қилиб кўрсатишяпти. Одамлар орасида Кремлга бўлган норозилик кучайиб боряпти, демак, у вазиятдан чиқиш учун айбни кимгадир боғлаб қўйиши керак. Россия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари (ОМОН)нинг мигрантларга бундай муносабатда бўлиши ўз-ўзидан содир бўлмайди. Юқоридан унга сигнал бериляпти ва улар ижро этяпти. Тизимли амалга оширилаётган бундай муносабатларга бизнинг элчихонамиз юборган битта нота ҳеч нарсани ҳал қилмайди.
Россияда фақат марказий осиёликлар эмас, Европа мамлакатлари ва Япониядан ҳам келиб ишлайдиганлар бор. Нима учун россияликлар бу давлатларнинг фуқароларига бундай муносабатда бўлишмайди? Чунки у давлатлар фуқароларига бўлган муносабат учун яхшигина сўроқ-жавоб қилади. Қўполроқ қилиб айтганда, у давлатлар Россиянинг томорқаси эмас. Шу боис россияликлар ҳам кучи етганига муштумини кўрсатяпти.
Ҳайрон қолганим, сиёсий даражадаги муносабатлар кучайиб боряпти, раҳбарлар ўртасида келишувлар имзоланяпти. Аммо барибир яширин стратегик режалардан воз кечмаяпти. Ойнайи жаҳонда вазият чиройли кўрингани билан кадр ортида менсимаслик, миллатга нисбатан паст назар билан қараш ва шовинистик ҳаракатлар йўқолгани йўқ. Бу ишни ОМОНлар эмас, 5-6 та кўча безорилари амалга оширибди, дейилганида тўғри тушуниш мумкин. Бу ишни давлат ходимлари амалга ошираётгани жуда ачинарли. Мария Захарованинг “Биз ачиниш билан қабул қилдик”, деган гаплари ҳам иккиюзламачиликдан бошқа нарса эмас. Улар мигрантларга қандай муносабат бўлаётгани жуда яхши билиб турибди. Тан олиш керак, Россияга бизнинг кучимиз етмайди. Чунки мамлакат савдо-иқтисодий йўналишда унга боғлиқ. Кескинлашсак, улар кислородни бўғиб қўйиши ва вазият янада оғирлашиши мумкин. Тарихда биринчи марта фуқароларини ҳимоя қилиб, нота берди. Бу ҳам аслида катта иш, дейди Расул Кушербаев.
Жамоат фаолининг фикрича, ўзбек мигрантларини Россиядан олиб чиқиш ва қўшимча меҳнат бозорини яратиш керак.

— Россиянинг бундай ҳаракатлари учун жазолашнинг энг яхши йўли — янги меҳнат бозорларини топишимиз бўлади. Куни кеча президентимизнинг Болгария ва Словакия давлати раҳбарлари билан гаплашиб, айнан миграция масалаларида келишувларга эришаётгани айнан Россиянинг қилаётган ишларига жуда зўр зарба бўлади. Биз бу борада яна ҳам кўпроқ натижаларга эришишимиз керак. Агар расман бир миллион ўзбекистонлик Россияда меҳнат қилаётган бўлса, биз уларга одамдек муносабатда бўладиган бошқа меҳнат бозорларини топиб беришимиз керак. Улар Марказий Осиёликлар қилаётган меҳнатни бу нархга унча-бунча мигрант қилмаслиги жуда яхши билишади. Қурилишлари тўхтаб, кўчалари ифлосланишни бошласа, кейин муносабат ўзгариши мумкин. Баъзи сиёсатчилар “Марказий осиёликлар кетса, ҳиндистон ёки покистонликлар ишлашга боради”, дейишяпти. Тўғри, ўрнига келиши мумкин, аммо русларнинг маданиятини, феъл-атворини, керак бўлса тилини ҳам яхши тушунадиган ишчи кучини улар ҳеч қаердан тополмайди. У давлатлардан борадиганлар чиқиндихонага айлантириб юборади, буни ўша давлатларга борганда ўз кўзим билан кўрганман.

Назаримда, бизнинг бундан бошқа йўлимиз йўқ. Янги меҳнат бозорини яратиб, ўзбеклик мигрантини таҳқирлаётган русларни жазолашимиз керак. Бизнинг армиямиз ёки унга босим қиладиган иқтисодий ричагларимиз ҳам йўқ. Дипломатларимиз ҳам қўрқоқлик қилмай, кескин гапиравериши керак. Қанча рус фуқаролари Ўзбекистонда ҳам яшаб, ишлаяпти. Уларга ҳеч ким ёмон муносабатда бўлаётгани йўқ-ку. Индамай ўтириш бу жазосизликка олиб келяпти, дейди Расул Кушербаев.
Подкастни тўлиқ ҳолда томоша қилишингизни тавсия қиламиз.
Изоҳ (0)