Украина президенти Владимир Зеленский АҚШнинг 22 июнь куни Эрондаги ядровий объектларига берган зарбасини маъқуллади. Бу ҳақда Al Jazeera хабар берди.

Сиёсатчи Роосия Украина ҳудудларини Эроннинг Shahed дронлари билан нишонга олаётганини эслатиб ўтди.
“Украина осмонига Shahed дронларининг янги тўлқинлари ёғилмоқда. Россия бундай қуролларни қаердан олганини ҳаммамиз яхши эслаймиз. Эроннинг Россияни қўллаб-қувватлаш бўйича қарорлари мамлакатимиз ва бошқа кўплаб давлатлар учун улкан вайронагарчилик ва йўқотишларга олиб келди. Бунга нуқта қўйиш керак. Урушга ядро қуроли мутлақо аралашмаслиги керак”, деди Зеленский.
Украина президенти замонавий дунёда ядро қуроли тарқалишига ўрин йўқлигини таъкидлади.
“Бу борада Американинг қатъияти, яъни президент Трампнинг қатъияти бўлиши муҳим. Дипломатия ҳамма жойда — Яқин Шарқда, Форс кўрфази минтақасида, Европа ва Украинада устувор бўлиши керак”, дея қўшимча қилди президент.
Маълумот ўрнида, Россия 23 июнь куни Украина пойтахти Киев шаҳрига ҳужум қилган. Ҳодиса оқибатида 5 киши ҳалок бўлиб, 13 киши жароҳатланган. Ҳужумда турар жойлар, бизнес маркази, мактаб, метро бекати ва бошқа иншоотлар зарар кўрган. Жами 10 киши, жумладан, 2 нафар бола ва ҳомиладор аёл қутқариб қолингани айтилган.
АҚШнинг Эронга ҳужуми
АҚШ 22 июнга ўтар кечаси Эрондаги учта ядровий объектга зарба берди. Соат 2:30 атрофида Американинг Б-2 самолётлари тоғ ичида жойлашган Фордодаги уранни бойитиш марказига ҳужум қилиб, унга камида ўнлаб тонналик ГБУ-57 бункерга қарши бомбаларини ташлади. Операция “Ярим тун болғаси” номини олган ва унинг доирасида нишонларга 75 та бомба ташланган.
Бир вақтнинг ўзида сувости кемалари Натанз ва Исфаҳондаги объектларга 30 га яқин Tomahawk қанотли ракеталарини учирди. Трамп нишонлар “тўлиқ йўқ қилинганини” эълон қилди. Эрон ҳарбийлари АҚШ ҳужумига жавобан Исроилга баллистик ракеталар учирди ва биринчи марта 2 минг километр масофага учадиган энг янги Kheibar моделини қўллади.
Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи можарога дипломатик ечим кўрмаётганини айтди. У Путин билан учрашиш учун 23 июнь куни тунда Москвага учиб келди. Ароқчи АҚШ президенти “нафақат Эронга, балки ўз халқига ҳам” хиёнат қилганини айтди.
Изоҳ (0)