Ижтимоий тармоқларда футбол майдонида ҳаваскор ўйинчилар — блогерлар ва санъаткорлар ўзаро жанжаллашгани акс этган видео тарқалиб, турли муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Мазкур ҳолат юзасидан ИИББ маълумот берди.

Унга кўра, 28 май куни тахминан соат 21:00 ларда Шайхонтоҳур тумани, “Жар” ўйингоҳида Likesup лойиҳаси доирасида санъаткорлар ва блогерлар ўртасида футбол бўйича ўртоқлик учрашуви бўлиб ўтган. Ўйин якунланганидан сўнг, 2004 йилда туғилган О.Ў. ижтимоий тармоқларда обуначиларини кўпайтириш ва ушбу ўйинга омманинг эътиборни янада кўпроқ жалб қилиш (пиар) мақсадида гўёки жамоалар ўртасида жанжал келиб чиққанини саҳналаштиришган.
Қайд этилишича, жамоат тартибини менсимаслик ва фуқароларнинг осойишталигини бузувчи бу каби хатти-ҳаракатлар учун жавобгарлик белгиланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Шайхонтоҳур тумани ИИО ФМБ томонидан текширув ўтказилиб, турнир иштирокчилари билан профилактик суҳбат ўтказилган. Likesup лойиҳаси доирасида юз берган юқоридаги ҳолат жамоатчилик ўртасида кескин эътирозлар келтириб чиқаргани ва ҳуқуқбузарлик содир этилишига сабаб бўлгани учун лойиҳа вақтинча тўхтатилган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан лойиҳа ташкилотчилари, ушбу жанжални саҳналаштирганлар ва унда иштирок этганларнинг барчасининг шахси аниқланиб, уларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддалари билан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, тўпланган ҳужжатлар қонуний чора кўриш учун жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур тумани судига юборилган.
Турнир ташкилотчиларидан бири ҳисобланган Алишер Узоқов мазкур ҳолатга муносабат билдирди:
Бу бизнинг жамоалар томонидан уюштирилган пиар эди. Аммо бу назоратдан чиқиб кетгандек бўлди. Шу сабабли бу ҳолат ОАВда бошқача тарзда талқин қилинмоқда. Таъкидлаш керакки, бу жанжалдан ҳеч ким тан жароҳати олмаган. Ҳамма соғ-саломат.
Изоҳ (0)