Исроил ҳарбий-сиёсий кабинети бош вазир Биньямин Нетаньяхунинг Ғазо секторини бутунлай назоратга олиш режасини маъқуллади. Бу ҳақда Исроил бош вазири девони маслаҳатчиси Дмитрий Генделман хабар берди.

Ҳарбий-сиёсий кабинет тегишли масалани 10 соатдан ортиқ давом этган йиғилишда муҳокама қилган. Улар Ғазони босқичма-босқич назоратга олиш ва ҳарбий операцияни кенгайтириш режасини маъқуллаган. Кабинет кўпчилик овоз билан урушни тугатишнинг бешта шартини қабул қилган:
- ҲАМАСни қуролсизлантириш;
- Гаровга олинганларнинг барчасини, тирикларини ҳам, ўлганларини ҳам қайтариш;
- Ғазо секторини демилитаризация қилиш;
- Исроилнинг сектор устидан назоратини ўрнатиш;
- ҲАМАСга алоқадор бўлмаган муқобил фуқаролик бошқарувини ташкил этиш.
Вазирлар Маҳкамасининг мутлақ кўпчилиги ҳукуматга тақдим этилган муқобил режа ҲАМАСнинг мағлубиятини ҳам, гаровга олинганларни қайтаришни ҳам таъминламайди, деб ҳисоблади.
Исроилнинг 2023 йил 7 октябрда бошлаган ҳужумлари оқибатида Ғазо секторида аллақачон 60 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлди. Секторда гуманитар вазият оғирлашган, очарчилик қурбонлари сони 193 нафарга етган, уларнинг 96 нафари болалардир. Сўнгги қурбон 1 ёш-у 4 ойлик Муҳаммад Асфоур бўлиб, у Насср шифохонасида болалар учун махсус озуқа йўқлиги сабабли вафот этган.
Изоҳ (0)