15 ноябрь санасига боғлиқ диққатга сазовор воқеалар қаторидан кутилмаганда вафот этган Леонид Брежневнинг дафн маросими, СССР фойдасига ишлаган Британия разведкаси ходимининг рицарлик унвонидан маҳрум этилиши ҳамда лейтенант Шмидт ва Севастопол исёнига оид фактлар ўрин олган.
Кутилмаганда вафот этган Брежнев
1982 йил 15 ноябрь куни Москвадаги Қизил майдонда СССР етакчиси Леонид Брежневни дафн этиш маросими бўлиб ўтганди. 76 ёшли раҳбар 10 ноябрь куни Москва вилоятидаги дачасида оламдан ўтган, замондошларининг хотирлашича, Марказий қўмита бош котиби анчадан буён бетоб бўлса-да, унинг ўлими барча учун кутилмаган ҳодисага айланган.Вафотидан уч кун олдин, 7 ноябрь куни у инқилоб байрамидаги парадда иштирок этган ва одатдагидан дадил кўринганди. Сўнгги йилларда шифокорлар Брежневнинг соғлиғидан қаттиқ хавотирга тушган. «Унинг марказий нерв тизими шу қадар ўзгариб кетганки, оддий тинчлантирувчи восита ҳам унга кучли таъсир қилувчи дорига айланган. Уларни ичирмаслик бўйича барча уринишларимиз бош котибнинг исталган талабини бажаришга тайёр инсонлар боис самарасиз кечарди», — дея эслайди Брежневни даволаган шифокор, таниқли кардиолог Евгений Чазов.
Юрий Андропов шифокорларнинг илтимосига биноан барчани бундай дориларни бермаслик бўйича қатъий огоҳлантирган, Леонид Иличнинг ўзини тинчлантириш учун шу каби дориларнинг кўринишида махсус плацеболар тайёрланган.
1982 йил ёзида Брежнев иттифоқ давлатларининг раҳбарларини қабул қилишни давом этган, бироқ ушбу учрашувлар шунчаки протокол учун эди — у тайёрланган матнни ўқиб берар, суҳбатдошини тинглар, кейин эса тушлик эди.
Ўз фаоллигини кўрсатиб қўйиш мақсадида Брежнев шифокорларни ташвишга қўйиб нафақат бассейнда, балки денгизда ҳам чўмилар эди. Унга яқин бўлган инсонларнинг хотирлашича, Брежневнинг ҳали анча яшашдан умиди бўлган: умрининг охирги кунларида у ўзини анча яхши ҳис қилган, ўлими кунида эса кайфияти аъло бўлган, ҳазил қилган, газета ўқиган.
Брежнев овдан қайтиб келиб, кечки овқатни тановул қилган, «Время» дастурини, бир нечта ҳужжатли фильмларни кўрган ва соат 08:00 да уйғотишларини айтиб, ухлашга кириб кетган. 10 ноябрь тонгида Чазовга Брежневнинг тансоқчиси қўнғироқ қилиб, унинг аҳволи оғирлашганини билдирган. Орадан 12 дақиқа ўтгач, Кремль шифокори Зарачедаги дачага етиб келганди.
У соқчи ҳаракатсиз ётган бош котибнинг юрагини массаж қилаётганини кўрган, бироқ унинг нигоҳларидан Брежнев бир неча соат олдин вафот этгани маълум эди. Аниқланишича, Брежневнинг рафиқаси Виктория Петровка соат 08:00 да уйғонган ва Леонид Илич ёнбошлаб ётганини кўриб, уни ухлаяпти деб ўйлаган ва хонадан чиқиб кетган.
Кейинроқ соқчи Брежневни уйғотиш ва унинг кийинишига ёрдамлашиш мақсадида хонага кирган, бироқ давлат раҳбарини жонсиз ҳолатда топган.
Дафн маросимига тайёргарлик кўриш комиссияси раиси этиб Юрий Андропов тайинланган, у бош котиб ваколатларини ўз зиммасига олганди. Хайрлашув маросими тўрт кун давом этган. Иттифоқ уйидаги залга ўрнатилган тобутдаги жасадни кўргани Москва, иттифоқ давлатлари ва хориж делегацияларидан юз минглаб инсонлар ташриф буюрган.
Хусусан, Леонид Иличнинг дафн маросимига Тодор Живков (Болгария), Фидел Кастро (Куба), Эрик Хоннекер (ГДР), Войцех Ярузелский (Польша), Николаэ Чаушеску (Руминия), Густав Гусак (Чехословакия), Самора Машел (Мозамбик) ва бошқа хориж давлатларнинг етакчилари келган.
«Мен тобут ёнида, бир тарафим билан Виктория Петровнани, иккинчиси билан Галина Леонидовнага кўмаклашиб кетардим. Ортимиздан Юрий Леонидович рафиқаси билан, Леонид Иличнинг жиянлари, набиралари — Андрей ва Леня келаётганди… Леонид Иличнинг қариндошлари партия ва давлат етакчиси билан видолашмаётганди, биз ўзимиз учун энг қадрли бўлган инсонни кўмайотгандик», — дея эслайди кейинчалик Брежневнинг куёви Чурбанов.
Виктория Петровнага Қизил майдонгача етиб олиш учун машина таклиф қилишди, бироқ у кескин рад этди: «турмуш ўртоғим билан сўнгги йўлни ўзим босиб ўтаман». Мавзолей минбаридан Юрий Андропов, Дмитрий Устинов ва Москвадаги заводлардан бирининг ходими бўлган Виктор Пушкарёв мотам нуқтларини ўқиган. Соат 12:45 да тобут ёпилиб, қабрга жойлаштирилган.
Дафн маросими 15 ноябрь куни бўлиб ўтган. Уч кун олдин, 12 ноябрда эса Совет Иттифоқи Коммунистик партияси Марказий қўмитасининг пленумида Юрий Андропов бош котибликка сайланганди. Собиқ «КГБ» раҳбари, оғир бетоб Андропов 15 ой давомида СССРни бошқарган.
СССР фойдасига ишлаган Британия жосуси
1979 йил 15 ноябрь куни Эндрю Бойлнинг «Хоинлик атмосфераси» мақоласи эълон қилинган бўлиб, унда совет разведкасига ишлаган юқори мартабали шахс ҳақида сўз боради. Британия бош вазири ушбу инсон исмини эълон қилади — у Қироллик картиналар галереяси назоратчиси ва санъат бўйича қироллик маслаҳатчиси профессор Энтони Блант эди. Натижада Блант рицарлик унвонидан маҳрум этилади.Энтони Блант — Кембриж бешлигининг энг сирли, шу билан бирга, оммага таниш шахсларидан. Британия жамиятининг энг юқори мартабали инсонлари билан мулоқотда бўлган Блант фақат орзу қилиш мумкин бўлган маълумотларни тўплаган.
Аристократ оилада туғилган Блант учун барча эшиклар очиқ эди. Аввалига у тахтга яқин оилаларнинг фарзандлари ўқийдиган Малбородаги мактабда ўқиган. Кейин эса 1926 йилда Кембриждаги нуфузли Тринити коллежига ўқишга кирган. Блант аниқ фанларни ўқиган, биринчи босқични аълога тамомлаган бўлса-да, француз ва немис тиллари билан шуғулланишга қарор қилади. Тез орада у расман энг яхши талаба дея тан олинади.
Блант нафақат талабалар билан, балки бошқа инсонлар билан масофа сақлашни билган. Шу боис уни кибрда ва ҳаддан ортиқ ўзига бино қўйганликда айблаб келишган. Афтидан, унинг айнан масофа сақлаш қобилияти разведка ишида қўл келган. У келажакда кимдан фойда тегиши мумкинлигини, кимга эса вақт сарфлаш ҳам керак эмаслигини яхши билган.
Блант Италия ва Германияда бўлиб қайтган. Ушбу мамлакатларда ҳокимият тепасига кимлар келгани маълум эди. Рим санъатига бўлган қизиқишга қарамай, Энтони Муссолини режимини қоралаган, Гитлерни эса умуман ёмон кўрган. Қироллик қони оқувчи аристократ нима сабабдан марксизм тарафдорлари томонига ўтгани шундан маълум.
Бу вақтга келиб фашизм ғояси нуфузли Британия оилаларига, жумладан, қирол Эдуард VIII га таъсир кўрсата бошлаган, Блант эса бунинг катта хавфлигини ҳис этган. Шу сабабли у Гитлерга қарши Совет Иттифоқи тарафида курашишни маъқул кўрган.
Уруш бошланган. Аввалига Кембриж капитани Энтони Блант ҳарбий полиция сафига юборилган. Улар Бельгия билан чегарада вақтини бесамар ўтказган. Бу ердан Блантни унинг илтимосига кўра чақиртириб олишган. Шундан кейин у Париж яқинидаги Британия экспедиция корпуси штаб-квартирасига юборилган. Француз ва немис тилини яхши билан Блантнинг билими бу ерда қўл келган. Блантнинг бўлинмаси немис жосусларини аниқлаш билан шуғулланган.
Тез орада Блант Ми-5 хизматига ўтиб, махфий маълумотлардан фойдаланиш ҳуқуқини қўлга киритади. Контрразведкада муваффақиятли ишлаган Блант ўзи билан уйига олиб кетган ҳужжатларни кечалари билан Москва учун кўчириб чиқарди.
Блантнинг ўзига хослиги, тез қарор қабул қилиш қобилияти, танишларнинг кенг доираси уни аниқ ажратиб турарди. Атрофидаги одамларга хос бўлмаган интизом ва пунктуаллик унинг ишига қиймат қўшган. Бундай офицер Ми-5 бошлиғи ўринбосари Гай Лиделлнинг назарига тушади. Блант бирин-кетин лавозим зинапояларидан кўтарилишни бошлайди. 1943 йилда майон унвонини олади, Лондон университетида талабаларга маъруза ўқишга ҳам улгурарди.
Блант Британия разведка хизматларининг тузилиши ва ходимлари ҳақида маълумот олишга муваффақ бўлган. Ҳатто ходимлар ва агентларнинг исмлари ҳам кўрсатилган ҳужжатлар Москвага юборилган.
1945 йилда совет томони Блант ва унинг шерикларига умрбод пенсия тайинлайди. Уларнинг ҳар бирига белгиланган пенсия миқдори турлича эди, Блантники — йилига 1200 фунт стерлинг. Аммо уларнинг барчаси буни рад этади. Блант пулга муҳтож эмаслигини билдирган, умуман олганда улар моддий манфаат эмас, балки ғоя учун ишларди.
1947 йилда Энтони Блант рассомчилик ва санъат билан шуғулланувчи Куртолд институти бошлиғи этиб тайинланади, унга рицарлик унвони берилади.
Суд дахлсизлигига жавобан у бир нечта ёрдамчиларининг исмларини айтади. Бу вақтга келиб уларнинг аксарияти вафот этган ёки хорижга чиқиб кетиб бўлганди. У русларга баъзи махфий ҳарбий маълумотларни берганини тан олади, лекин улар фақат икки иттифоқчи давлатнинг фашистлар Германиясига қарши биргаликдаги кураши билан боғлиқ бўлганини таъкидлаган. Бу асосан Германия Бош штабининг қўлга киритилган хабарномалари эди.
Ми-5 нинг Питер Райт исмли терговчиси Блант олти йил давомида кўп маротаба сўроқ қилган. «Блант — мен таниган инсонлар ичида энг ўқимишли эди. У бешта тилда гаплаша оларди. Блантнинг кенг билими ҳайратланарли таассурот қолдирганди», — дея эслайди Райт.
Шунча воқеаларга қарамай, Энтони Блант 1964 йилдан кейин ҳам қироллик санъат галереяси раҳбари лавозимини сақлаб қолган. У олдингидек дарс берган, санъат ҳақида китоб ёзган, расмий маросимларга таклиф этилган. Барчаси 1979 йил 21 ноябрда бош вазир Маргарет Тетчернинг расмий баёнотидан кейин тугаган. «Темир хоним» Блант «…урушдан олдин оғдириб олинган».
Қиролича Блантни музейлардан маҳрум этган, унинг ўзи рицарлик унвонидан воз кечган. Унинг қадрдон Тринити-коллежи ўз битирувчисидан фахрий профессор унвонини олиб қўйиб, бошқарув аъзолигидан чиқарган. Британия академияси академик Энтони Блантдан юз ўгирган. Блант 1983 йил 25 мартда 76 ёшида юрак хуружидан вафот этган.
Севастопол исёнининг бошланиши
1905 йилнинг айнан шу санасида Севастополда исён кўтарган денгизчилар отиб ташланган эди. Исёнда Қора денгиз флотининг минглаб матрослари ва шаҳар гарнизони аскарлари иштирок этган.Совет тарихчилари Севастополдаги исённи биринчи рус инқилобининг ёрқин ҳодисаларидан дея ҳисоблайди. Бугунги кунда воқеалар иштирокчиларининг сиёсатга алоқадорлиги шубҳа остига олинади. «Очаков» крейсеридаги намойишчилар орасида ҳам, шаҳарда ҳам сўл партия ташвиқотчилари бўлган.
«Очаков» ва Севастополдаги воқеалар 1905 йил июнь охирларида шўрвадаги гўшт сабаб исён кўтарган ва Одессани ўққа тутиб, Руминия қирғоқларига кетиб қолган «Княз Потемкин-Таврический»га уланиб кетган. Севастополда бош кўтарганларнинг асосий талабларидан бири «потемкинчиларни» суддан озод этиш эди. Бу вақтга келиб руминлар томонидан қайтариб берилган «Потемкин» кемаси «Пантелеймон» номига ўзгартирилиб, Севастопол яқинида рейдлар ўтказишга жалб этилганди.
Бутун империя каби Севастопол ҳам Николай II томонидан 1905 йил 30 октябрда имзоланган манифест қизғин муҳокама қилинарди, унда подшоҳ ўз ваколатларининг бир қисмини Давлат думасига топширган. Эртаси куни шаҳардаги маҳаллий қамоқхона олдида митинг уюштирилган. Унинг иштирокчилари сиёсий маҳбуслар озод этилишини талаб қилган. Намойишчилар орасида 38 ёшли лейтенант Шмидт ўзининг чиқишлари билан ажралиб турган. Ўша йилнинг июнь ойида у дезертирлик ва ғазна маблағларини талон-торож қилгани учун судланганди. Иш унинг юқори мартабали қариндоши ёрдамида ёпиб юборилган. Кейинги ойларда Шмидт ҳукуматга қарши тарғибот ишлари билан шуғулланган. Лейтенант ўз қарашларини «партиядан ташқари социалист» деб атаган.
18 октябрь куни қўшинлар митингни ўқ отиб тарқатиб юборган. Саккиз киши ҳалок бўлган, уларнинг дафн маросимида Шмидт нутқ сўзлаган. Лейтенантнинг ортидан кўп минг кишилик оламан умуммиллий сайлов, барча учун тенг ҳуқуққа эришишга қасам ичган. Шундан сўнг, Шмидт ҳибсга олинган, бироқ кўп ўтмай қўйиб юборилган.
11 ноябрь куни социал-демократларнинг фаол тарғиботлари таъсирида флот матрослари ва Брест полки аскарлари ўртасида исён бошланган. Исёнга боғлиқ биринчи воқеалардан бирининг иштирокчиси матрос Константин Петров эди. Ўша куни ҳукумат митингларни тақиқлашни буюрган. Контр-адмирал Сергей Писаревский «Ҳеч ким казармадан чиқарилмасин! Бўйсунмаганлар отиб ташлансин!», дея буйруқ берган. Бунга жавобан Петров милтиқдан ўқ узган. Ўқлардан бири Писаревскийнинг елкасига келиб теккан. Унга ёрдамга шошган штабс-капитан Августин Штейн ҳам яраланиб, эртаси куни вафот этган. Мартос ҳибсга олинган, бироқ оламон талаби билан тез орада қўйиб юборилган.
15 ноябрь куни исён кўтарган ва ҳукумат кемалари ўртасида денгиз жангги содир бўлган. Исёнчилар ғалабага ҳеч қандай имконият йўқлигини тушуниб, деярли қаршилик кўрсатмаган. «Очаков»дан олти маротаба ўқ узилган бўлиб, бирортаси нишонга тегмаган. Ҳукуматнинг исённи бостириш бўйича бутун операцияси бир неча соат давом этган.
Тўқнашув давомида «Очаков»нинг 100 дан ортиқ матроси ҳалок бўлган, ўнлаб денгизчилар яраланган. Қолганлар ёнаётган кемани тарк этган ва ҳибсга олинган. Лейтенант Шмидт ва унинг 16 ёшли ўғлини ҳам худди шу тақдир кутиб турганди. Эртаси куни тонгда подшоҳ тарафида бўлганлар ҳужумни бошлаган.
Қамоқхонада яқинлари билан учрашган Шмидт шундай деганди: «Қора денгиз флотининг 10 та кемаси узра қизил байроқни кўтаришга муваффақ бўлдик. Тез орада ёш, кучли, бахтли Россия озодлик нафасини туяди ва биз каби жон фидо қилганлар унутилмайди».
Шмидт ва исёнчиларнинг яна уч нафар етакчиси ўлим жазосига ҳукм этилган. Ҳукм 1906 йил 6 март куни Березан оролида отиш орқали ижро этилган. Шунингдек, яна 300 дан ортиқ исёнчи оғир меҳнатга ҳукм қилинган, 151 киши интизомий қисмларга юборилган. Мингдан ортиқ одам судсиз жазоланган.
«Кун хронологияси» лойиҳаси доирасида ҳар куни эрталаб соат 09:30 да ушбу санага боғлиқ энг муҳим ва қизиқарли воқеалар ёритиб борилади.
Изоҳ (0)