Андижон вилояти Жалақудуқ туманида 9 ёшли бола йиқилиши оқибатида қўлидаги қайчи бўйнига кириб кетди. Бу ҳақда “БуКун” дастурида хабар берилди.
Маълум қилинишича, у велосипед шинасини таъмирлаш мақсадида шошилиб, қўлидаги қайчи билан югуриб кетаётган пайтида бехосдан йиқилиб тушган. Шу пайт қайчи болакайнинг бўйнига санчилиб қолган. Болакай ҳаёти шифокорларнинг тезкор ҳаракати сабаб сақлаб қолинди.
“25 июнь куни соат тахминан 16:00 ларда чақирув муносабати билан шошилинч Жалақудуқ туманига етиб бордик. Бемор қайчи билан бўйин соҳасидан жароҳат олган. Унга шифохонада биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, қон тўхтатилиб, томирлар шикастланмагани аниқлади”, дейди шифокор.
Ҳозирда бола соғ-саломат, ота-онасининг ёнида.
Бундан аввал Бухоро вилояти Қоракўл туманида 2 ёшли бола тангаларни ютиб юборгани аниқланди. 2025 йилнинг январида фарғоналик 2 ёшли қизалоқнинг қорнидан 135 та магнит шарча чиқариб олинганди. Ўша ойда қозоғистонлик жарроҳлар 4 ёшли боланинг ичакларидан 39 та магнит шарни олиб ташлаганди.
Изоҳ (0)