• Профилга Кириш
  • 1751972643_633.png 1751972643_245.png 1751959824_218.svg 1751959824_520.svg

  • Сўнгги янгиликлар
  • Асосий янгиликлар
  • Энг кўп ўқилган
  • Колумнистлар
O'zbekcha
Русский
English
  • O'zb
  • Ўзб
  • Рус
  • Eng
  • O'zb
  • Ўзб
  • Рус
  • Eng
  • Сўнгги янгиликлар
  • Асосий янгиликлар
  • Энг кўп ўқилган
  • Колумнистлар
    • USD12413.79
    • RUB154.86
    • EUR14468.27
    • Google play
    • App Store
    • Telegram
    • Тошкентда
      +28°C
      • Андижон
      • Қарши
      • Бухоро
      • Самарқанд
      • Фарғона
      • Сирдарё
      • Жиззах
      • Термиз
      • Наманган
      • Тошкент
      • Навоий
      • Тошкент вил
      • Нукус
      • Урганч
    • Daryo
      • Интернет-нашр
      • Таҳририят
      • Алоқа маълумотлари
      • Фойдаланиш шартлари
      • Махфийлик сиёсати
      • Янгиликлар архиви
    • Реклама
    • Ижтимоий тармоқлар
      • Instagram | Расмий
      • Instagram | Лайфстайл
      • Instagram | Спорт
      • Facebook | Расмий
      • OK | Расмий
      • YouTube | Daryo
      • YouTube | Daryo Рус тилида
      • YouTube | Daryo Глобал
    Telegram Youtube Facebook Instagram Twitter vkontakte
    Daryo logo white
    • Ўзбекистон
      • Бошқалар
      • Навоий
      • Тошкент вилояти
      • Сирдарё
      • Жиззах
      • Қашқадарё
      • Сурхондарё
      • Хоразм
      • Бухоро
      • Самарқанд
      • Наманган
      • Фарғона
      • Aндижон
      • Қорақалпоғистон
      • Тошкент ш.
      • Меҳридарё
      • Об-ҳаво
    • Марказий Осиё
      • Ўзбекистон (Маҳаллий)
      • Афгонистон
      • Қирғизистон
      • Қозоғистон
      • Туркманистон
      • Тожикистон
    • Дунё
    • Пул
      • Бизнес
      • Иқтисодиёт
      • Молия
      • Крипто
    • Маданият
      • Кино
      • Китоб
      • Мусиқа
      • Шоу-бизнес
    • Лайфстайл
      • Аёллар саҳифаси
        • Фарзанд
        • Гўзаллик
        • Карьера
        • Маслаҳатлар
        • Мода
        • Рецептлар
      • Технологиялар
        • Архитектура
        • Гаджетлар
        • Илм-фан
        • Коинот
        • Медиа
      • Авто
      • Қўзиқорин
      • Саёҳат
      • Саломатлик
      • Таълим
        • Абитуриент
        • Инглиз тилини ўрганамиз!
    • Спорт
      • Футбол
      • UFC
      • Бокс
    infinix
    Daryo.uz - Login
    Daryo.uz Daryo.uz
    Daryo.uz - Login
    Дунё

    “Руснинг шармандали блицкриги”. Уруш тақдирини белгилаб берган Киев жанги қандай якунланган эди?

    2022 йилнинг дастлабки ойи. Россия армияси машғулот баҳонаси билан Украина билан чегарага қўшин тўплашга киришди. АҚШ разведкаси Украинани босқини муқаррарлиги ҳақида огоҳлантирди. Киев халқ орасида ваҳима қўзғамаслик учун бунга енг ичида ҳозирлик кўра бошлади. Украина қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужний тунги шароитда қўшинлар дислокациясини амалга оширди. Бунинг натижасида 2022 йилнинг 24 февралига келиб, россияликлар Украинанинг бўшаб қолган базалар ва ўқ-дори омборларига зарба берди. Мамлакат пойтахти учун апрель ойига қадар давом этган жанглар эса рус армиясининг мағлубияти билан якунланди. Бу эса уруш тақдирини ҳал қилди.

    Валерий Залужний Россия ҳужумларида ўлдирилган офицернинг дафн маросимида 
    Фото: AP

    Аммо шунда ҳам баъзилар тўлақонли уруш бошланганига ишонмас, Россия Зеленский ҳукуматига босим ўтказиш учун ракета зарбалари билан чекланади деб ўйлар эди. Бироқ тахминан чорак миллион қўшин чегарани кесиб ўтди. Беларусь орқали пойтахт Киевга ҳужум қилган корпус шу қадар йирик эдики, улар 60 километрга чўзилган ҳарбий техникалар карвонини ҳосил қилди.

    Олександр Сирский, Украина қуролли кучларининг ҳозирги бош қўмондони ўшанда пойтахт мудофаасига масъул қилиб тайинланди. У вазиятни ўнглаш учун барча ҳарбий таълим марказларига вақтинчалик батальонлар тузишни ва машғулотларда ишлатиладиган артиллерия тизимларини пойтахтга олиб келишни буюрди. Қолаверса, Киевни ҳимоя қилиш учун иккита мудофаа ҳалқаси ташкил этилди. Биринчиси шаҳар ичидан, иккинчиси эса ташқарисидан ўтган эди. Россия армияси йирик аҳоли масканларини эгаллаш учун гилам усулидаги бомбардимондан фойдаланишини жуда яхши билган Сирский душманни шаҳар ташқарисидаёқ тўхтатиб қолишни ният қилган эди.

    Киев вилоятида тирбандликда қолиб кетган рус ҳарбий техникалари карвони
    Фото: Maxar Technologies/Reuters

    Россия қуролли кучлари 35-умумқўшин армияси Украинага Чернобил орқали бостириб кирди. 36-умумқўшин армияси бўлинмалари Чернигов томон ҳаракат бошлади. Яна бир корпус эса Суми вилоятига бостириб кирди. Уларга Киев томон ҳаракатланиб, пойтахт шаҳарни қуршаб олиш кўрсатмаси берилган эди. Аммо бу амалга ошмади. 

    Рус қўмондонлиги Украинани ишғол қилиш учун жалб қилган умумий қўшиннинг тахминан 35-45 минг нафари Киев йўналишига ташланганди. Украина эса асосий зарбани Донбассдан кутгани боис ўз қўшинларининг энг жанговар қисмларини шарққа юборди. Шу боис Киев йўналишида кучлар нисбати Россия фойдасига тахминан 2-3 баробар юқори эди. Пойтахтни ҳимоя қилиш учун фақат битта — 72- механизациялашган бригада қолдирилди. Миллий гвардия ҳарбийлари, шунингдек ҳудудий мудофаа отрядлари тўлдирувчи вазифасини бажарди. Бу шубҳасиз, аҳолиси 3 миллионга яқин улкан шаҳар учун етарли эмасди.

    Аммо 2014 йилдан сўнг НАТО стандартлари асосида ўқитилган Украина аскарлари юқори жанговар салоҳият намойиш этди. Қолаверса, посцовет армияларига хос кучли марказлашувдан қочилгани боис, алоҳида бўлинмалар мустақил ҳаракат қилиш имконига эга бўлди. Бу қўмондонлик иерархиясидан жавоб кутиб ўтирмай, тезкор қарорлар қабул қилиш имконини берди. Натижада ўрта ва қуйи бўғин ҳарбийлари пистирмалар қўйиш, манёврлар бажариш орқали километрларга чўзилган ва парад усулида бостириб кираётган русларга қақшатқич талафот етказди. Қолаверса, урушнинг дастлабки кунларида аҳолига тарқатилган 10 минг қурол ҳам жанговар руҳиятни кўтаришга ҳисса қўшди.

    Тинч аҳоли Украина ҳудудий мудофаа отрядларига қўшилиш учун тайёргарликдан ўтмоқда. 2022 йил.
    Фото: Маҳаллий нашрлар

    Россия армияси Припат, Чернобил йўналишига 30 та батальон тактик гуруҳ, тахминан 20 минг аскар ташлади. Чернобил атом электростанциясини ҳимоя қилаётган украиналиклар кучлар нисбатидаги улкан тафовут сабаб чекинишга мажбур бўлишди. Босқинчилар ҳаракатини секинлаштириш учун кўприкларни портлатди. Тахминан 4-5 та батальон тактик гуруҳдан иборат қўшин асосий корпусдан авангард сифатида ажралиб, Антонов аэропорти томон ҳаракат бошлади. Бироқ тор йўллар ва аҳоли масканларида уларни Javelin ва НLAW танкка қарши тизимлари билан қуролланган украиналиклар кутиб турган эди.

    Улар Афғонистон ва Чеченистон урушларида орттирилган тажрибага мурожаат қилиб, колонна боши ва охиридаги техникаларни нишонга олди. Натижада талвасага тушган аскарлар қаршилик кўрсата олмай, ҳар томонга тарқаб кетарди. Бир қарашда қўмондонлик колоннани била туриб ўз жонига қасд қилиш миссиясига юборганга ўхшарди. Бироқ россияликлар учун Антонов аэропортининг аҳамияти юксак бўлиб, кейинчалик бу уруш тақдирини ҳал қилди.

    Антонов аэропорти

    Киевдан атиги 10 километр шимоли ғарбда жойлашган Антонов ёки Ҳостомел аэропорти Путин таъбирича “махсус амалиёт” бошланганидан атиги бир неча соат ўтиб, уруш тақдирини ҳал қилган жангга гувоҳ бўлди. Россиянинг “Киев за три дня” блицкриги муваффақиятсизликка учрашида унинг аҳамияти улкан. Гап шундаки, Россия қўмондонлиги объектни эгаллаб, Киевга қарши плацдарм сифатида фойдаланмоқчи эди. Режага биноан, десантчилар аэродромни Украина гарнизонидан тозалайди ва мустаҳкам ўрнашиб олади. Шундан сўнг ҳарбий транспорт самолётларида қўшимча кучлар олиб келинади.

    Антонов аэропорти юқоридан
     
    Фото: Маҳаллий манбалар

    Шу мақсадда элита аскарлар – Россия ҳаво десант кучларининг тахминан 300 нафар жангчиси Беларусь ҳудудидан вертолётлар орқали Антоновга келди. Уларга Ка-52 ҳужумкор вертолётлари ҳамроҳлик қилди. Бу вақтда аэропортни Украина Миллий Гвардиясининг ёш ва тажрибасиз, бир сўз билан айтганда, чақирув асосидаги хизматчилари ҳимоя қилар эди. Уларнинг аҳволи қуролланиш борасида ҳам ҳавас қиларли эмасди. Мудофаачилар ихтиёрида советларнинг ЗU-23-2 зенит қуроллари ҳамда Игла кўчма ҳаво мудофаа тизимлари бўлган.

    Жангнинг аввалида ташаббус мутлақ руслар ихтиёрида эди. Россиянинг энг илғор Ка-52 вертолётлари қимирлаган жамики қимирлаган нарсани нишонга олиб, кунпаякун қила бошлади. Бироқ жасур украиналик аскар улардан бирини Игла тизими билан уриб туширгач, мудофаачиларнинг жанговар руҳияти кўтарилди.

    Ҳостомел яқинида уриб туширилган Ка-52 вертолёти қолдиқлари
    Фото: Россия манбалари

    Шундан сўнг, мазкур моделдаги вертолётлардан яна иккитаси сафдан чиқарилди. Бироқ ўқ-дори тугаши ортидан, украиналикларда чекинишдан бошқа чора қолмади. Тўқнашув бошланганидан икки соат ўтиб, тахминан 13:00 да рус десантчилари аэродромга ўз байроғини тикди. Аммо бу жангнинг фақат биринчи фазаси якунланганини англатар эди.

    Аэродром эгаллангани хабар рапорт берилиши ортидан тахминан 1000 нафар ҳарбий хизматчи 18 та Ил-76 самолётида Ҳостомел томон отланди. Бироқ улар манзилга етиб келолмай, Беларуснинг номаълум ҳудудига қўнди. Боиси украиналиклар аэродром қўлдан кетишига ва россияликлар ундан плацдарм сифатида фойдаланишига жим қараб тура олмасди. Украина қуролли кучларининг ўша пайтдаги бош қўмондони Валерий Залужний мазкур объект устидан назоратни қайтаришга буйруқ берди. Пойтахт мудофаасида турган 72-механизациялашган бригада аскарлари ҳамда 80 ва 95 ҳаво ҳужум бригадалари Ҳостомелга олиб келинди.

    Россия ҳаво десант кучлари Ҳостомел аэродромида
    Фото: Twitter/ Роб Лее

    Соат 15:00 га бориб, украиналиклар аэродромни ҳар томондан қуршаб олишди. Оғир қуроллар ва ҳаво кўмагисиз қолган рус десантчилари том маънода тузоқда эди. Улар умид боғлаган қуруқлик қўшинларидан дарак йўқ эди. Қолаверса, Украина кучлари аэродромнинг учиш-қўниш йўлагини яроқсиз ҳолатга солиш учун артиллерия ва Су-25 самолётларидан тўхтовсиз зарба берди. Натижада рус десантчилари оғир талафот кўрди. Тирик қолганлари ҳам яқин атрофдаги ўрмонга қочиб, шу билан тарқалиб кетди.

    Аммо украиналиклар ғалабадан узоқ баҳраманд бўлмади. Воқеанинг эртаси куни Беларусдан йўлга чиққан рус бўлинмалари мудофаани ёриб ўтиб, Ҳостомелга етиб келди. Украиналиклар аэродромни ҳимоя қилиш ўрнига, чекинишни маъқул кўрди. Бироқ бундан аввал учиш-қўниш йўлагини яна бир бор бомбардимон қилишди. Токи руслар уни таъмирлаш учун бир неча кун овора бўлсин.

    Hostomel uchun janglarda dunyoning eng yirik “Mriya” transport samolyoti йўq qilindi
    Ҳостомел учун жангларда дунёнинг энг йирик АН-225 “Мрия” транспорт самолёти йўқ қилинди
    Фото: CNAS

    Жангларнинг умумий манзарасига қайтсак, Россия армиясининг биз бир оз аввал тўхталиб ўтган 4-5 та батальондан иборат авангард бўлинмаси талафотлар билан Ҳостомелга етиб келди. Украиналиклар Ирпин дарёси бўйлаб ўтган кўприкларни портлатиб, уларнинг ҳаракатини секинлаштирмоқчи бўлди.

    Буча, Ирпин, Ҳостомел, Мосчун шаҳарлари пойтахт учун ташқи мудофаа ҳалқаси вазифасини бажариши керак эди. Агар улар қўлдан кетса, жанглар пойтахтнинг зич кварталларига кўчар эди. Россия урбанизациялашган шароитда қандай жанг олиб боришига яхши билган Залужний ва Сирский ўз аскарларига ортга чекинмаслик буйруғини берди. Акс ҳолда рус артиллерияси пойтахтни култепага айлантириши ҳеч гап эмасди.

     
    Ирпин кўчаларининг бирида сафдан чиқарилган Украина зирҳли транспорт воситаси
    Фото: The Telegraph

    Февраль ойининг сўнгги кунларида руслар Буча, Ирпин ва Ҳостомел шаҳарларига баравар ҳужум бошлади. Кескин бурилишларга эга тор кўчалар пистирма учун айни муддао бўлиб хизмат қилди. Қолаверса, колонна бўлиб ҳаракатланаётган рус техникалари Bayraktar ТБ-2 дронлари нишонига тушди. Буча марказида олинган мана шу сурат жанглар нақадар даҳшатли бўлганини кўрсатади.

    Оғир талафотларга қарамай, руслар Буча шаҳрини эгаллади. Шаҳардан чекинган украиналиклар душманлари ҳаракатини секинлаштириш учун Ирпенга ўтган кўприкларни бузишди. Шундан сўнг россияликлар қўшимча кучларни МО8 автомагистрали орқали олиб келишга мажбур бўлди. Ҳаракат давомида улар осон нишонга айланиб, жиддий талафот кўрди.

    Буча учун жангларда сафдан чиқарилган рус ҳарбий техникалари карвони
    Фото: ABC News

    Шунга қарамай, март ойининг бошига келиб россияликлар Ирпен шаҳрининг тахминан ярими эгаллади. Буча ва Ҳостомел эса бутунлай уларнинг қўлига ўтди. Россия армиясининг сон борасидаги устунлигини камайтириш учун ҳудудга Украина қуролли кучларининг 80- ҳаво ҳужум бригадаси олиб келинди. Натижада фронт барқарорлашди.

    Лекин Мосчун йўналишида аҳвол ҳавас қиларли эмасди. Мартнинг 6-санасига келиб, Россия қўшинлари шаҳарга кириб келди. Орадан икки кун ўтгач, Украина махсус хизматлари Димер шаҳридаги тўғонни портлатди. Натижада Ирпен дарёси ўзани бўйлаб ботқоқликлар вужудга келди. Бу эса россияликлар учун қўшимча куч олиб келишни мураккаблаштирди.

    Dimer toъgъoni portlatilgach uning oъzanidagi aholi maskanlarini suv bosdi
    Димер тўғони портлатилгач унинг ўзанидаги аҳоли масканларини сув босди
    Фото: The Guardian

    Шунга қарамай, Мосчун ва унинг атрофидаги ҳудудлар учун жанглар қақшатқич кечди. Боиси рус артиллерияси Киев йўналишида кучли устунликка эга бўлиб, украиналиклар ҳар бир снарядга россияликлар 20 таси билан жавоб қайтарар эди. Қолаверса, босқинчилар авиациядан ҳам фойдаланиб, жиддий талафот етказди.

    21 мартга келиб, 72-механизациялашган бригада қўмондони чекиниш учун рухсат сўради. Маълумотларга кўра, бош қўмондон Сирский шаҳарни нима қилиб бўлса ҳам ушлаб туришга буйруқ берган. Боиси Мосчундан сўнг пойтахтга йўл очилар, эҳтимол урушнинг тақдири ҳам ҳал бўлар эди.

    Киев томон отланган, бироқ мўлжалга етиб бора олмаган рус ҳарбий техникалари
     
    Фото: Тhе Kyiv Independent

    “Kyiv за три дня”

    Март ойининг охири ва апрелнинг бошига келиб Россия ўз қўшинларини Киев вилоятидан олиб чиқди. Қўмондонлик буни “режали қайта гуруҳлаш” ва музокаралар учун шароит яратиш учун “хайрихоҳлик ишораси” деб атади. Аммо аксар ҳарбий экспертлар, ҳатто урушни кузатиб борган кишилар бу каби даъволарга қўшилмайди. Магистраллар, ботқоқ кўчаларда ташлаб кетилган техникалар, тракторлар ёрдамида олиб қочилган танклар ва бошқалар ҳам буни тасдиқлайди.

    Кенг кўламли босқин аввалида на Кремль, на Россия ҳарбий раҳбарияти ҳарбий ҳаракатлар қанча давом этиши ҳақида муайян муддат кўрсатмади. Аммо техникалар ярим йўлда ёқилғисиз қолганидан, аскарлар ейишга ҳеч нарса топа олмай, дўконларни ўмарганидан хулоса қилиш мумкинки, улар атиги бир неча кунлик захира олган. Яъни Украина армияси қоғоз бинодек тўкилишига, сиёсий эшелон мамлакатни ташлаб қочишига, аҳоли эса уларни гуллар билан қарши олишига ишонишган.

    Ukrainalik fermer rus askarlari tashlab ketgan havo mudofaa tizimini evakuatsiya qilib, harbiylarga topshirdi.
    Украиналик фермер рус аскарлари ташлаб кетган ҳаво мудофаа тизимини эвакуация қилиб, ҳарбийларга топширди.
    Фото: CBC

    Рус разведкаси ҳамда амалдорлари Путинни, пропаганда машинаси эса халқни алдаб келган. Натижада улар умуман бошқа реаллик билан юзлашган. Маҳаллий аҳоли уларни нон ва туз эмас, ҳақоратлар билан кутиб олган, озод қилувчи эмас, босқинчи сифатида қараб, ҳатто танкларнинг йўлини тўсишган. Ўн минглаб инсонлар қўлга қурол олиб, ҳудудий мудофаа отрядларига бирлашди.

    XXI асрда Совуқ уруш доктринаси билан жанг олиб борган россияликлар дастлабки кунлардан қақшатқич зарбалар қабул қилди. Уларнинг километрларга чўзилган колонналари осон нишонга айланди. Дронлар ва уларга қарши кураш тизимларига вақтида эътибор қаратилмагани боис, технологик жиҳатдан оқсаш кузатилди. Аскарлар эса совет даврида тузилган қоғоз хариталардан фойдаланиб, бир неча бор йўл тополмай, гандираклади. Ҳаддан зиёд узунлашиб кетган ва украиналикларнинг “hit and run” тактикаси учун осон ўлжага айланган логистика тизими панд берди. Улар аскарларни озиқ-овқат, ёқилғи ва оқ-дори билан самарали таъминлай олмади.

    Киев йўналишида пистирмага учраган рус ҳарбий техникалари карвони
    Фото: Маҳаллий манбалар 

    Энг асосийси, компетентлик эмас, лояллик воситасида рутба олган қўмондон ва офицерлар лаёқатсизлик кўрсатди. Буларнинг бари урчиб кетган коррупция билан қўшилиб, Россиянинг блицкриг режасини барбод қилди. Натижада Ирпин, Мосчун каби кичик аҳоли масканларини ҳам эгаллай олмаган россияликлар, пойтахт Киевга юришни давом эттириш фойдасиз эканини тушунди. Натижада ортга чекиниб, кучларини Донбассга ташлади.

    Россия армияси чиқиб кетган шаҳар ва қишлоқларда даҳшат қолди. Қотилликлар, жинсий зўравонликлар ҳолатлари бирма-бир чиқиб кела бошлади. Айниқса, Бучада олинган суратлар ва оммавий қабрлар Украина жамиятида нафратни кучайтирди. Натижада уруш ҳозирга қадар ҳам давом этяпти.

    Россия армияси Буча шаҳридан чиқиб кетгач олинган тасвирлар
    Фото: Роналдор Счемидт/AFP

    Одатда шахсиятлар ҳақида гапириш тўғри эмас. Аммо муайян кишининг муносиб вақтда, керак жойда қилган тўғри иши бутун бошли тарихни ўзгартириб юбориши мумкин. Зеленский бунга тирик мисол бўла олади. Урушнинг дастлабки соатларидан уни йўлдан олиш учун уринишлар кузатилди. Рус диверсантлари тартибсизлик уюштирди, Қодиров киллерлари Киевда изғиб юргани ҳақида овозалар пайдо бўлди. Энг асосийси, на Украина ҳукумати, на унинг Ғарбдаги иттифоқчилари Киев дунёнинг иккинчи армиясига қарши 3 кундан узоқ туриб бера олишига ишонмас эди.

    Аммо Зеленский уни Львов ёхуд НАТО давлатларидан бирига эвакуация қилиш қарорига қарши чиқди. Президент хавфнинг юзига тик қарагани боис, армия ва халқ курашни давом эттирди. Натижада Кремлнинг суверен давлатда қонуний сайланган ҳукуматни ағдариш ва унинг ўрнига марионетка режимни ўрнатиш режаси иш бермади.

    22 август, 20:08   Изоҳ (0)   2070
    Facebook Twitter LinkedIn Telegram Email
    #Россия#Украина#уруш#Киев#Путин#Зеленский
    Ҳумоюн Тожиддинов

    Изоҳ (0)

    Кириш
    Жавоб қолдиринг Бекор қилиш

    ×Lightbox Image
     

    Тавсия этамиз

    Ислом Каримовнинг собиқ матбуот котиби “Отамдан қолган далалар” фильми тақиқланиш сабабини ошкор қилди 

    21 август, 11:58

    Туркияда оёқ суякларини синдириб, бўйни ўстириш операцияси оммалашмоқда (фото)

    21 август, 11:52

    Ҳисоб палатаси нега ҳисобдор эмас?

    20 август, 19:50

    АҚШ президенти 6 та урушни тўхтатганини даъво қилди. Аслидачи?

    20 август, 11:05
     
     
     

    Сўнгги янгиликларга ўтиш

    Венесуэла АҚШ билан урушга тайёрланяпти

    Дунё | 22 август, 23:25

    Ўзбекистон реал иш ҳақи ошиши бўйича қўшни давлатлардан ортда қолмоқда — ҳисобот

    Иқтисодиёт | 22 август, 23:15

    Хитойда ўтказиладиган ШҲТ саммитига 20 дан ортиқ давлат раҳбарлари ташриф буюради

    Дунё | 22 август, 23:05

    АҚШ Федерал қидирув бюроси агентлари Трампнинг собиқ маслаҳатчиси Жон Болтоннинг уйида тинтув ўтказган

    Дунё | 22 август, 22:55

    Коинотда Қуёш тизимининг сирларини сақлаётган вақт капсуласи топилди

    Дунё | 22 август, 22:40

    “Ойлигимни ярми жаримага кетса керак”: машинасига сирена ўрнатган ҳайдовчига чора кўрилди

    Ўзбекистон | 22 август, 22:30

    Канада АҚШ товарларига жавоб божларини бекор қилади

    Дунё | 22 август, 22:20
    Daryo About Us

    «Daryo» интернет-нашрининг (Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги (ЎзМАА, ҳозирги Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги) томонидан 13.03.2015 йил санасида 0944-сонли гувоҳнома билан оммавий ахборот воситаси сифатида рўйхатга олинган). Матнли материалларини тўлиқ кўчириш ёки қисман иқтибос келтиришга, шунингдек, фотографик, график, аудио- ва/ёки видеоматериалларидан фойдаланишга daryo.uz сайтига гиперҳавола мавжуд бўлган ва/ёки «Daryo» интернет-нашрининг муаллифлигини кўрсатувчи ёзув илова қилинган тақдирда йўл қўйилади. Чоп этиладиган баъзи маълумотлар 18 ёшга тўлмаган фойдаланувчиларга мўлжалланмаган бўлиши мумкин. Info@daryo.uz

    Telegram Youtube Facebook Instagram Twitter vkontakte

    © «Simple Networking Solutions» МЧЖ, 2013–2025

    Ёш бўйича чеклов

    Хато топдингизми? Ctrl+Enter тугмаларини босинг

    • Фойдаланиш шартлари
    • Махфийлик сиёсати
    • Реклама
    Нимани қидирамиз?

    Sign In or Register

    Хуш келибсиз!

    Тизимга киринг ёки Рўйхатдан ўтинг.

    Google

    ёки Э-Почта орқали

    Изоҳ қолдиришингиз, Фойдаланиш шартлари ва Махфийлик сиёсати шартларини қабул қилганингизни англатади

    Рўйхатдан ўтинг

    Рўйхатдан ўтганмисиз? Login.

    Google

    ёки Э-Почта орқали

    Сизга парол электрон почта орқали юборилади.

    Изоҳ қолдиришингиз, Фойдаланиш шартлари ва Махфийлик сиёсати шартларини қабул қилганингизни англатади

    Матнда хато топдингизми?

    ×

    Раҳмат. Биз сизнинг хабарингизни олдик ва хатони имкон қадар тезроқ тузатамиз.