“Калмар ўйини” сериали юлдузи Ли Жон Же учинчи мавсумда чақалоқ иштирокидаги эпизод юзасидан томошабинлар орасида пайдо бўлган турли назарияларни рад этди. WTYE нашрига берган интервьюсида у мазкур саҳнада ҳақиқий чақалоқ эмас, балки гуманоид робот рол ижро этганини маълум қилди.

Бу воқеа 222-рақамли иштирокчи Жун Хи ва унинг ўйин вақтида дунёга келтирган чақалоғи билан боғлиқ. Боланинг биологик отаси Мен Ги бўлади, бироқ у ота бўлиш масъулиятидан бош тортади. Натижада Ли Жон Же ижро этган Сон Ки Хун образи бола парвариши масъулиятини ўз зиммасига олади. Эпизод эфирга узатилгач, интернетда гўдакнинг тақдири ҳақида турли тахминлар пайдо бўлди.
“Сценарийни биринчи ўқиганимда ва ўйин давомида чақалоқ туғилишини билганимда ҳайратда қолган эдим. Бу сериал учун кутилмаган сюжет эди. Лекин биз саҳнада ҳақиқий чақалоқ эмас, балки янги туғилган гўдакнинг оғирлиги ва шаклига тўла мос бўлган роботдан фойдаландик. Унинг мимикаси, ҳаракатлари худди ҳақиқий чақалоқ каби эди. Бу менга суратга олиш вақтида катта ёрдам берди”, деди актёр.

Шунингдек, Ли Жон Же бош қаҳрамоннинг сериал давомида ўзгариши ва ўсиб бориши ҳақида ҳам сўз очди:
“У болани асрашга ваъда беради ва уни охиригача бажаради. Гап фақат сўзда туришда эмас, балки Ки Хуннинг ўзи қанчалик ўзгарганидадир. Қаҳрамон бу ўйиндан ҳеч бўлмаса озгина бўлса ҳам дунёни ўзгартирмай чиқиб кетиб бўлмаслигини тушунади. Унинг қурбонлиги мағлубият эмас, инсоният ғалабасидир”, дея таъкидлади актёр.
Изоҳ (0)