“Диско раққоси” 75 ёшда: Митхун Чакраборти қандай қилиб ўзбек томошабинларининг севимли актёрига айланди?
Баъзи исм-шарифлар бор-ки, улар дарҳол бутун бир даврни, мусиқани, услубни, рақсларни ва ҳатто ҳинд зираворларини эслатади. Митхун Чакраборти — айнан шундай инсон. У 1950 йил 16 июнь куни туғилган. Бу оддий тақвим санаси эмас, балки ҳинд киноси ихлосмандлари учун бир даврнинг бошланиш нуқтасидир. Мақолада актёр ҳақида барча қизиқ маълумотларни билиб оласиз.
Фото: Dzen.ru
Илк йиллар: Калкуттадан Болливуд сари йўл
Асл исми Гоуранга бўлган Митхун Чакраборти, Ҳиндистоннинг катта ва гавжум шаҳри Калкуттада туғилган. У оддий оилада улғайди: отаси телефон компаниясида ишлаган, онаси эса уй бекаси эди. Оилада беш фарзанд бўлган. Гарчи улар оддий яшашган бўлса-да, ота-онаси ўғилларининг келажагидан катта умид қилган — унга яхши таълим бериб, ҳаётда ютуқларга эришишини орзу қилган.
Калкуттанинг гавжум бозорлари ва қадимий ибодатхоналари орасида улғаяётган бола кўча томошаларидан илҳомланар, саҳнага чиқиш қилишни орзу қиларди. Унинг ёшлик йиллари фақат театр билан эмас, балки спорт билан ҳам тўла эди. У айниқса кураш ва енгил атлетикага қизиқарди.
Фото: Dzen.ru
Актёрнинг ҳаётидаги бурилиш нуқтаси — Пунедаги нуфузли Кино институти эди. Айнан шу ерда унинг истеъдоди намоён бўлди. У нафақат яхши актёр, балки бутун зални ўз рақси билан руҳлантира оладиган инсон эди. Айнан шу жозиба ва энергия уни кейинчалик Болливуд юлдузига айлантиради.
Фото: Dzen.ru
Инқилобдан санъат сари
1960 йилларда ёш Митхун радикал сиёсий ҳаракат — нахалитлар сафига қўшилди. У коррупция ва ижтимоий адолатсизликка қарши курашаётган фаол ёшлар қаторида эди, ҳатто 1967 йилдаги машҳур қўзғолонда ҳам иштирок этган.
Аммо ҳаёт унга оғир сабоқ берди. Ягона акасининг фожиали ўлими Митхунни чуқур ўйлашга мажбур қилди. Вақт ўтиб, у радикал ҳаракатлардан бутунлай воз кечди ва оиласи бағрига қайтди. Шундан сўнг у ўзининг ҳақиқий йўлини топди — сиёсатда эмас, балки санъатда.
Юлдузлик сари илк қадам: “Диско қироли” ва биринчи шон-шуҳрат
Митхуннинг кино оламидаги биринчи катта муваффақияти 1977 йилда суратга олинган “Қироллик овчилари” драмасидан бошланди. У фильмдаги роли учун сантал қабиласи ҳаётини чуқур ўрганди, уларнинг урф-одатларини билиб, ҳатто овларда ҳам қатнашди. Бу иштиёқ ва меҳнат ўз самарасини берди — фильм Ҳиндистоннинг энг нуфузли мукофотларидан бири “Олтин лотус”ни қўлга киритди. Митхун эса “Энг яхши эркак” роли учун Миллий кино мукофоти билан тақдирланди.
Фото: Dzen.ru
Аммо унга ҳақиқий жаҳон шон-шуҳратини 1982 йилда чиққан “Диско раққоси” фильми олиб келди. Бу фильм чинаккам феноменга айланди — Ҳиндистондан тортиб Африкагача, ҳатто Совет Иттифоқигача бўлган томошабинларни ром этди. Совет аёллари орасида миллионлаб мухлисалар чарос кўзли, жозибали қаҳрамонга ошиқ бўлиб қолишди.
Фото: Dzen.ru
Митхун Чакраборти диско рақслари, ёрқин либослар ва чексиз жозибадорлик даврининг тимсолига ва совет томошабинлари учун ҳақиқий юлдузга айланди.
Энг яхши роллар: драмадан жангаригача
Митхун Чакраборти ўз фаолияти давомида 350 дан ортиқ унутилмас образларни яратди — ҳар бир роли томошабинлар ёдида қолди. “Диско раққоси” фильмидаги улкан муваффақиятдан сўнг у яна бир қатор машҳур фильмлар билан мухлисларни хурсанд қилди: “Она қасамёди”, “Муҳаббатни синдириб бўлмайди”, “Командос”, “Ўйна, ўйна”, “Гуру” ва “Вардат” шулар жумласидан.
Фото: Dzen.ru
Унинг фильмографиясида ҳар хил образлар бор эди: камбағал йигитлардан тортиб миллионерларгача, адолат учун курашувчи қаҳрамонлардан тортиб уддабурон фирибгарларгача. Аммо айниқса у ижтимоий адолатсизлик ҳақида бўлган фильмларда ўзини эркин тутарди. Бундай фильмларда унинг қаҳрамонлари одатда мустаҳкам ирода тимсолига айланар, бутун дунё уларга қарши бўлса-да, улар курашни ҳеч қачон тўхтатмас эди.
Чегарасиз меҳрибонлик
1990 йилларда тақдир Митхун Чакраборти ҳаётини кутилмаган томонга бурди. У газета саҳифасидаги бир кичик хабарни кўриб қолди. Унда оғир аҳволдаги чақалоқ Ғарбий Бенгалда чиқинди уюмидан топилгани ҳақида ёзилган эди. Ушбу воқеа актёр ва унинг рафиқаси Ёгита Балининг юрагига чуқур таъсир қилди.
Фото: Dzen.ru
Машҳурлиги ва тиғиз кун тартибига қарамай, улар бу ҳолатга бефарқ бўлиб туролмади. Улар қизчани васийликка олишга қарор қилди. Шундай қилиб, уларнинг оиласига Дишани исмли қиз қўшилди ва тез орада у уч нафар акасининг эркатой синглисига айланди.
Фото: Dzen.ru
Кўпчилик билмаган ҳайратланарли фактлар
🎬 Митхун Чакраборти аслида олимпия чемпиони бўлиши мумкин эди — спортдаги фаолияти жуда яхши бошланган, айниқса курашда. Аммо оғир жароҳат унинг режаларини бутунлай ўзгартириб юборди.
🎬 Бироқ тақдир унга кино олами “тожи”ни берди. У Ҳиндистоннинг турли тилларида суратга олинган фильмларда бирдай муваффақиятли рол ўйнаган кам сонли актёрлардан. Ҳинди, бенгал ва телугу тилларидаги роллари томошабинлар юрагига етиб борган.
🎬 Митхун ҳайвонлар учун бошпаналар ташкил қилган ва кўплаб хайрия лойиҳаларида фаол қатнашган. У шу билан шон-шуҳрат инсонни ўзгартирмаслигини исботлайди.
🎬 У, шунингдек, муваффақиятли тадбиркор ва сиёсатчи ҳамдир — меҳмонхона ва ресторанлар тармоғи эгаси, Ҳиндистон парламентининг юқори палатаси — Ражя Сабханинг собиқ аъзоси.
Мукофотлар ва эътироф
Митхун Чакрабортига мукофотлар гўёки осмондан ёғилгандек эди. У уч марта Ҳиндистон Миллий кино мукофотини “Энг яхши эркак роли” учун қўлга киритган. Аммо унинг энг юксак эътирофи бу “Падма Бхушан” ордени, Ҳиндистон фуқаролари учун энг олий давлат мукофотларидан бири эди. Бу фахрли унвон фақат энг муносибларга берилади.
Мукофотлар ва халқаро шуҳрат
Митхун Чакраборти турли йилларда Фильмфаре ва Зее Cине каби машҳур киномукофотларни бирин-кетин қўлга киритди. Ҳар бир мукофот— томошабинлар юрагига қандай чуқур кириб борганини, у драматик ролларда ҳам, рақсга бой саҳналарда ҳам ўзини мукаммал намоён этганини тасдиқлайди.
Фото: Dzen.ru
Унинг халқаро миқёсда тан олиниши эса Митхунни ҳақиқий кино феноменига айлантирди. Россиядан Хитойгача, Мисрдан бошқа кўплаб давлатларгача — у ерда ҳам Митхун номи ҳинд киносининг рамзига айланди.
Оила
Митхун Чакрабортининг шахсий ҳаётида ҳам осойишталик ва меҳр-муҳаббат ҳукмрон. У 1982 йилдан бери рафиқаси актриса Ёгита Бали билан бахтли ҳаёт кечириб келмоқда.
Фото: Dzen.ru
Уларнинг тўрт фарзанди ҳам ижод йўлини танлаган:
Катта ўғли Мимох Нью Йоркдаги нуфузли Киноакадемияда таҳсил олган ва ҳозирда кино оламида фаол ишламоқда.
Ўртанча ўғли Римох эса режиссёрлик ва сценарийнависликни танлаган.
Энг кичик ўғли Намаши “Қаҳрамон” фильми орқали кино оламига қадам қўйиб, отасининг йўлидан бормоқда.
Митхун Чакрабортининг қизи Дишани ҳам катта акаси Мимох сингари Нью Йоркда таълим олди ва ҳозирда актёрлик соҳасида ўзини синаб кўрмоқда. Чакраборти оиласи бу чинакам ижодий сулола. Улар учун кино шунчаки касб эмас, балки бутун ҳаёт тарзига айланган оилавий меросдир.
Бугунги кунда Митхун Чакраборти ҳануз фаол ижод қилмоқда. У кинода рол ўйнамоқда, бизнес билан шуғулланмоқда, хайрия ишлари билан ҳам банд. Унинг фильмлари ҳануз томоша қилинади, рақслари ижтимоий тармоқларда қайта-қайта кўрилади, ҳаёт йўли эса орзу қилганлар учун илҳом манбаи бўлиб қолмоқда.
Кимлигинг ёки қаердан эканинг муҳим эмас. Муҳими — ким бўлишни хоҳлаётганинг, дейди Митхун Чакраборти
Унинг ҳаёти миллионлаб ёшларга ҳеч қачон таслим бўлмасликни кўрсатади.
Изоҳ (0)