АҚШ президенти Дональд Трамп маъмурияти Украинага 3350 та узоққа учадиган ERАМ ракеталарини сотишни маъқуллади. Бу ҳақда Wall Street Journal хабар берди.

Ушбу ракеталар Украина Қуролли кучларига олти ҳафта ичида етказилиши кутилмоқда. Қурол-яроғ тўплами 850 миллион долларга баҳоланиб, у ракеталардан ташқари “бошқа анжомларни” ҳам ўз ичига олади. Харажатларнинг асосий қисмини Европа мамлакатлари ўз зиммасига олиши маълум қилинган.
ERАМ ракеталарининг таъсир радиуси 241-450 километрни ташкил этади ва улардан фойдаланиш учун Пентагоннинг рухсати талаб этилади.
Етказиб беришлар Трампнинг Россия президенти Владимир Путин ва Украина етакчиси Владимир Зеленский билан музокараларига қадар кечиктирилганди, дейилади хабарда
Узоқ масофали ERАМ ракеталари “ҳаво — ер” тоифасига мансуб бўлиб, қўлланилишининг универсаллиги билан ажралиб туради. Ушбу ракеталарнинг модулли дизайни уларни ҳам қуруқликдаги, ҳам денгиздаги нишонларни йўқ қилиш учун ишлатиш имконини беради.
Украинага ATACMS ракеталари берилиши ва чекловлар
АҚШ собиқ президенти Жо Байден маъмурияти 2023 йилда Украинага ATACMS ракеталарини топширишни маъқуллаган. Дастлаб бу қуроллардан Россия ҳудудига зарба бериш тақиқланган эди. Бироқ 2024 йил кузида, Шимолий Корея аскарлари Москва томонида урушга қўшилгач, чекловлар олиб ташланган.
Байден даврида тасдиқланган сўнгги ATACMS ракеталари 2025 йилнинг баҳорида Украинага етиб келган.
Ҳозир эса Киевда бундай турдаги ракеталар жуда кам қолган, дейди АҚШнинг исми ошкор қилинмаган расмийлари.
АҚШ Мудофаа вазирлиги 2025 йил баҳорининг охиридан бошлаб Украинага ATACMS ракеталаридан Россия ҳудудига зарба беришни тақиқлаган.
Изоҳ (0)