Тошкент шаҳрида июнь ойида тиланчилик билан шуғулланаётган 300 нафарга яқин шахслар аниқланиб, тегишли чоралар кўрилди. Бу ҳақда пойтахт ИИББ матбуот хизмати хабар берди.

Жумладан, 70 нафарига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 188-прим 3-моддасига асосан (тиланчилик қилиш) маъмурий қамоқ жазоси тайинланган, 47 нафари маъмурий жаримага тортилган.
Шунингдек, 68 нафари билан профилактик суҳбат ўтказилган ва суд томонидан огоҳлантирилган. Шу билан бирга, 44 нафар вояга етмаган бола Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказларига топширилган.
Бундан ташқари, 15 нафарининг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари аниқланмагани сабабли Реабилитация марказига юборилган, 2 нафар шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 127-прим 1-моддасига асосан (тиланчилик қилиш) жиноят иши қўзғатилган. Қолган шахсларга нисбатан текширув ишлари давом этмоқда.

2025 йилнинг ярим йиллик ҳисоботида тиланчилик билан шуғулланган 1880 нафар шахс аниқлангани таъкидланган.
Қонунчиликда белгиланган жазо турлари
Маълумот учун, бу турдаги ҳуқуқбузарлик билан шуғулланиш БҲМнинг 3 бараваригача миқдорда жарима (1 млн 125 минг сўм) солишга ёки 15 суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.
Вояга етмаган шахсларни, кекса ёшдаги шахсларни, руҳий ҳолати бузилган, ногиронлиги бўлган шахсларни ва бошқа шахсларни тиланчилик қилишга жалб этиш, шунингдек, шахсларга алкоголли ичимликларни ёхуд гиёҳвандлик моддалари ёки психотроп моддалар бўлмаган, лекин шахснинг ақл-идрокига таъсир кўрсатувчи моддаларни мажбуран истеъмол қилдирган ҳолда уларни тиланчилик қилишга жалб этиш БҲМнинг 10 бараваригача миқдорда жарима солишга (3 млн 750 минг сўм) ёки 15 суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.
Шундай қилмиш маъмурий жазо қўллангандан кейин содир этилса, жиноий жавобгарликка тортишга сабаб бўлади ва 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Изоҳ (0)