Россия президенти Владимир Путин Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху ва Эрон президенти Масъуд Пезешкиён билан телефон орқали суҳбат ўтказди. Бу ҳақда Кремль матбуот хизмати хабар бермоқда.

Мулоқот Исроилнинг Эронга қарши куч ишлатиш ҳаракати натижасида вазиятнинг хавфли даражада кескинлашуви фонида ўтказилган.
“Россия президенти Эрон Ислом Республикаси раҳбарияти ва халқига Исроил зарбалари оқибатида кўплаб инсонлар, жумладан, тинч аҳоли қурбон бўлгани муносабати билан ҳамдардлик билдирди”, дейилади хабарда.
Россия президентининг айтишича, Исроил БМТ уставини ва халқаро ҳуқуқни бузган, Россия томони эса Эрон ядро дастури атрофидаги вазиятни тинч йўл билан ҳал этиш бўйича барча саъй-ҳаракатларга ҳар томонлама кўмак бериб келган.
“Россия Исроилнинг БМТ устави ва халқаро ҳуқуқни бузган ҳолда амалга оширган ҳаракатларини қоралайди. Россия томони Эрон ядро дастури атрофидаги вазиятни тинч йўл билан ҳал этиш бўйича саъй-ҳаракатларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлади, ўзаро мақбул келишувларни топишга қаратилган аниқ ташаббусларни илгари сурди. Россия бундан буён ҳам Эрон ва Исроил ўртасидаги можарони юмшатишга кўмаклашади”, дея таъкидланади баёнотда.

Путин Нетаньяху билан суҳбатда кучайиб бораётган кескинликнинг олдини олиш мақсадида воситачилик хизматларини кўрсатишга тайёрлигини билдирган.
“Исроил Бош вазири билан суҳбатда Россия президенти музокаралар жараёнига қайтиш ва Эрон ядро дастури билан боғлиқ барча масалаларни фақат сиёсий-дипломатик воситалар билан ҳал қилиш муҳимлигини таъкидлади. Шунингдек, вазиятнинг янада кескинлашувига йўл қўймаслик учун воситачилик хизматларини кўрсатишга тайёрлигини билдирди”, дея маълум қилди Россия президенти матбуот хизмати.
Таъкидланишича, Россия томони бутун минтақа учун энг зарарли оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган ҳозирги вазиятни бартараф этишга қаратилган Эрон ва Исроил раҳбарияти билан яқин алоқаларни давом эттиришга келишиб олинган.
13 июнга ўтар кечаси Исроил ҳарбийлари Эронга бир қатор зарбалар берди. Хусусан, САХАЛ маълумотларига кўра, улар Натанз шаҳридаги уранни бойитиш объектига жиддий зарар етказган ва Эроннинг бир қатор юқори мартабали ҳарбийлари, жумладан, Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси қўмондони, шунингдек, етакчи эронлик ядро физиклари ўлдирилган. Операциядан кўзланган мақсад Эроннинг ядро қуролини қўлга киритишига йўл қўймаслик эди. Шу билан бирга, Эрон ўзининг ядро дастури тинч мақсадларга йўналтирилганлигини бир неча бор таъкидлаган.
Изоҳ (0)