Европа Иттифоқи Россияга нисбатан 18-санкциялар пакетини қабул қила олмади. Ушбу пакетга нефть нархи чегарасини пасайтириш ҳам киритилган эди. Бу ҳақда Deutsche Welle хабар берди.

15 июль куни бўлиб ўтган Европа Иттифоқи Ташқи ишлар кенгаши йиғилишида Словакия бу пакетга вето қўйган.
Бу келишувга эриша олмаганимиздан жуда афсусдаман. Айтишим керакки, биз унинг қабул қилинишига жуда яқин келган эдик, деган Европа дипломатияси раҳбари Кая Каллас.
Братислава санкциялар пакетини унинг мазмуни туфайли эмас, балки Европа Иттифоқининг Россия энергетика ресурсларидан воз кечишни назарда тутувчи RePowerEU режаси доирасида муайян имтиёзлар олиш учун тўсиб қўймоқда. Словакия бу режани тўхтата олмайди, чунки уни жорий этиш учун барча аъзоларнинг якдил розилиги талаб этилмайди.
Европа Иттифоқи санкцияларни тезда тасдиқлаш тарафдори
Калласнинг таъкидлашича, Европа Комиссияси Словакиянинг талабларига жавобан керакли таклифларни тақдим этган.
Энди тўп Словакия майдонида. Бу келишувни охирига етказишимиз керак, деган Каллас ва санкциялар 16 июлга қадар тасдиқланишига умид билдирган.
Братислава билан музокаралар техник даражада давом этади. Польша ташқи ишлар вазири Радослав Сикорский келишувга яқин орада эришиш мумкинлигини айтган.
Германия, Швеция ва Нидерландия ташқи ишлар вазирлари санкциялар пакетини имкон қадар тезроқ қабул қилиш зарурлигини билдирган. Болтиқбўйи давлатлари вакиллари эса Европа Иттифоқи аллақачон 19-санкциялар пакетини тайёрлашга киришиши лозимлигини таъкидлаган.
Словакиянинг эътирозлари нимадан иборат?
РеPowerЭУ режаси доирасида Европа Иттифоқи 2027 йил охиригача Россиядан газ ва нефть импортини тўлиқ тўхтатишни, шу орқали Москвани Европа бозоридан олинадиган энергия даромадларидан маҳрум қилиб, Россия ҳарбий иқтисодиётини заифлаштиришни мақсад қилган.
Словакия нефть ва газнинг катта қисмини Россиядан импорт қилади, айниқса “Друзжба” қувури орқали ўтадиган Россия нефти Словакия учун стратегик аҳамиятга эга. Словакия ҳукумати фикрича, Еврокомиссия уларга Россия энергия ресурсларидан воз кечиш бўйича режани амалга ошириш учун етарлича ёрдам ва субсидия ажратмаяпти. Шу сабабли, Словакия 18-санкциялар пакетига вето қўйиб, РеPowerЭУ доирасида кўпроқ молиявий кўмак ва устувор имтиёзлар олишга интилмоқда.
Изоҳ (0)