Меҳнат миграциясида бўлган фуқароларга субсидия ва кредитлар ажратиш тартиби белгиланди, деб хабар бермоқда Адлия вазирлиги.
Маълум қилинишича, “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хорижда ташкиллаштирилган тартибда ишга жойлаштириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳукумат қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, “Хорижга ишга тайёрлаш маркази” ташкил этилади ва унда “Ягона дарча” тамойили асосида меҳнат миграциясига доир хизматлар кўрсатилади. Шунингдек, йўловчи автобуслар сонини кўпайтириш орқали хорижга вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун кетаётган ва қайтаётган фуқароларни ташишда арзон ва тартибли транспорт қатнови йўлга қўйилади.
Қарор билан “Хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун кетаётган ҳамда меҳнат миграциясида бўлган фуқароларга субсидия, компенсация ва кредитлар ажратиш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди.
Низомга кўра, субсидия ва компенсациялар “Хорижда иш” меҳнат миграцияси электрон дастурий мажмуасида рўйхатдан ўтган ва ташкиллаштирилган ҳолда меҳнат миграциясига кетаётган фуқароларга қуйидаги харажатларни қоплаш бўйича ажратилади, жумладан:
- чет тиллари ва (ёки) касб бўйича малака имтиҳонларини топшириш харажатларини қоплаш учун, улар муваффақиятли топширилганда ва сертификат олинганда – БҲМ нинг 3 бараваригача;
- хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширишга “ишчи виза”ни расмийлаштириш харажатларини қоплаш учун - БҲМнинг 5 бараваригача;
- йўл чиптасини харид қилиш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун - БҲМнинг 2 бараваригача миқдорда;
- немис, инглиз, япон ва корейс тиллари бўйича камида B1 ёки унга тенглаштирилган даражадаги халқаро сертификат олган битирувчилари энг кўп бўлган 50 нафаргача ўқитувчига - 50 миллион сўм миқдорида.
Вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун ташкиллаштирилган ҳолда ривожланган мамлакатларга чиқиб кетаётган фуқароларга тижорат банклари томонидан 10 миллион сўмгача Марказий банкнинг асосий ставкасидан 4 фоиз бандга юқори ставкада 2 йил муддатга микрокредитлар ажратилади.
Мигрантлар пул юбормаса, Ўзбекистонда камбағаллик кескин ошади — Жаҳон банки
Таҳлил қилинишича, бугун 100 миллион нафар мигрант Европа ва Марказий Осиёда яшайди. Бу дунёдаги жами мигрантларнинг учдан бир қисмига тенг.
“2023 йил ҳолатига кўра, тожикистонлик ва қирғизистонлик меҳнат муҳожирларининг 80 фоиздан ортиғи Россияга йўл олган. Ўзбекистонлик муҳожирлар оқими кўпроқ диверсификацияланган: 57 фоизи Россияда, 15 фоизи Қозоғистонда ва 10 фоизи Украинада ишлайди”, дейилади тадқиқотда.
Марказий Осиёда меҳнат миграцияси миллионлаб фуқаролар учун асосий даромад манбаларидан бири бўлиб қолмоқда. 2024 йил ҳолатига кўра, меҳнат муҳожирларининг пул ўтказмалари Тожикистон ялпи ички маҳсулотининг 45 фоизини ташкил этди. Бу нисбий маънода дунёдаги энг юқори кўрсаткичдир. Қирғизистонда пул ўтказмаларининг ЯИМдаги улуши 24 фоизга, Ўзбекистонда эса 14 фоизга етган.
2024 йилда Ўзбекистонга хорижий давлатлардаги меҳнат муҳожирлари 14,8 миллиард доллар пул юборгани хабар қилинганди. Бу 2023 йилдагидан 3,4 миллиард долларга кўп. Маблағларнинг 77 фоизи Россиядан (11,5 миллиард доллар) келиб тушган. Шу билан бирга, Қозоғистондан 795 миллион доллар, АҚШдан 577 миллион доллар, Жанубий Кореядан 534 миллион доллар, Туркиядан 405 миллион доллар, Буюк Британиядан 135 миллион доллар ўтказилган.
Жаҳон банки прогнозига кўра, Ўзбекистон иқтисодиёти 2025 йили 5,8 фоиз, 2026 йили эса 5,9 фоиз ўсади. 2024 йилда мамлакат ялпи ички маҳсулот 6,5 фоизга ошиб, 115 миллиард долларга етган.
Изоҳ (0)