Бугун бутун дунё нигоҳи шимолга — Украина-Россия чегарасига қаратилган. Кўплаб давлатлар ва оммавий ахборот воситалари икки мамлакат ўртасида юз бериши мумкин бўлган уруш хавфи ҳақида гапирмоқда. Гарчи Путин ва расмий Москва буни рад этаётган бўлса-да, рус қўшинларининг Украина билан чегарада тўпланаётгани вазиятни тобора чигаллаштиряпти. 2012 йили бошланган кескинлик шу йили энг юқори нуқтага етди. «Дарё» колумнисти Муҳаммадқодир Собиров XIII асргача муштарак тарихга эга икки қардош халқ орасидаги қарама-қаршилик тарихи ҳақида батафсил ҳикоя қилади.
Ягона тарих
Шарқий славянлар: рус, украин ва белорус халқлари қадимдан ҳозирги Шарқий Европа ҳудудида истиқомат қилган. Шарқий славянларнинг илк давлати — Киев Руси ушбу уч халқнинг биргаликдаги давлатчилик илдизи саналади. Киев Руси давлати таркибига ҳозирги Белорус, Украина, Россия, қисман Польша ва Литва ҳудудлари кирган.XIII асрда турли князликларга бўлиниб кетган ва ўзаро ички урушлар натижасида ҳолдан тойган Киев Руси ерларига мўғуллар бостириб киради ва бу давлатга хотима беради. Босқинчилар Киев Русининг фақатгина ғарбий ва шимолий (Новгород) ерларига юриш уюштирмайди. Аксинча, истило қилинган Киев Руси князларига ички ишларда мустақиллик беради. Князларга Олтин Ўрда хазинасига ҳар йили бож ва керак бўлганда ҳарбий қўшин юбориш вазифаси юклатилади.
Князликлар орасидан Москва ва Тверь князлиги бошқаларига қараганда кучайиб, мўғуллар ҳукмронлиги остидаги рус ерларини бирлаштириш учун ўзаро кураш бошлайди. Бу курашда Олтин Ўрда хони ёрдами билан Москва князлиги ғолиб чиқади.
Бу даврда мўғуллар ҳужумидан кучсизланиб қолган ғарбдаги рус князликлари бирин-кетин Буюк Литва князлиги томонидан эгаллаб борилади. Дастлаб ҳозирги Белорус ерларини ўз таркибига қўшиб олган Буюк Литва князи Гедемин 1324 йили «рус шаҳарлари онаси» бўлмиш Киевни эгаллайди. 1362 йили бўлиб ўтган Мовий сувлар жангида Олтин Ўрда қўшини мағлуб этган Литва князлиги замонавий Украинанинг катта қисмини қўлга киритади.
Бўлиниш
Шу тариқа шарқий, марказий ва шимолий рус князликлари мўғуллар таъсирига тушиб қолган бўлса, жанубий ва ғарбий князликлар Буюк Литва князлиги назорати остига ўтади. Бу эса шарқий славянларнинг ажралиш даврини бошлаб беради.Олтин Ўрда заифлашиб, парчаланиб кетгач, Рус ерларини бирлаштирган Буюк Москва князлиги билан узоқ йиллар кураш олиб борган Буюк Литва князлиги аста-секин мағлубиятга учрай бошлайди. Натижада, Москвага қарши туриш учун Буюк Литва князлиги 1569 йили Польша қироллиги билан ягона федерацияга бирлашади. Реч Посполита номини олган ушбу давлатда амалда поляклар ҳукмронлик қилади. Буюк Литва князлигидан Польша қироллиги ҳисобига Украина ерлари олиб қўйилади. Литва князлиги ихтиёрида фақатгина Литва, Новогрудок ва Витебск ерлари қолади. Бу ерлар Белорус деб аталади. Кўплаб олимлар Реч Посполита таркибидаги украин ва белорусларнинг ажралишини ушбу омил билан боғлайди ва Литва князлигининг бу даврдаги чегаралари ҳозирги Белорус Республикаси чегаралари билан деярли мос келади (Литвани ҳисобга олмаганда).
Жанубий Рус ёхуд Кичик рус (Малорус) эса Польша қироллиги таркибига ўтади ва бу ердаги славянлар полякларнинг кучли таъсири остида ривожланади. Украинларнинг ушбу ҳудудларда алоҳида миллат сифатида шаклланиши ҳам айнан XVIII аср охири, Реч Посполитанинг қулаши арафасида бошланади.
Буюк Москва князлиги эса замонавий Россия давлати ва рус миллатига асос бўлади. Реч Посполита ва Буюк Москва князлигининг сиёсий чегаралари маданий ва миллий чегараларга ҳам айлана боради. Шу тариқа, бир пайтлар ягона халқ бўлган шарқий славянлар уч миллатга бўлиниб кетади.
Украинанинг жанубий ҳудудлари эса Қрим хонлиги таркибига киради.
Қарама-қаршиликнинг бошланиши
Реч Посполита қўшини 1610 йили Москвани ҳам эгаллаб, Рюриковичларнинг бир неча асрлик ҳукмронлигига чек қўяди. Бироқ рус халқ лашкари уларни шаҳардан ҳайдаб юборишга эришади. Шундан сўнг Россия тахтига ўтирган Романовлар сулоласи поляклар билан бирга Москвага босқин уюштирган руслардан фарқланиш учун ўзларини великорус деб атай бошлайди ва бу тез орада Москва атрофида бирлашган рус князликлари аҳолисининг умумий номига айланади.1651—1676 йиллари бўлиб ўтган Богдан Хмелниский бошлиқ казаклар қўзғолонидан сўнг Реч Посполита федерацияси анча заифлашиб қолади. Бу пайтда шарқдаги ерлар ҳисобига кенгайган Россия эса анча кучаяди. 1654 йили Переяславда гетман (ҳарбий унвон, казаклар етакчиси) Богдан Хмеленскийнинг Рус подшолиги билан бирлашув ҳақидаги қарори ва подшоҳга содиқлик қасамёдини қабул қилиши рус аскарларининг қўзғолончиларга ёрдам бериш учун Польшага ҳужум қилишга сабаб бўлади. Рус қўшини Днепрнинг чап қирғоғини Польшадан тортиб олади.
Бу даврда Украина ерлари учун яна бир даъвогар: Усмонли султонлиги ва Рус подшоҳлиги ўртасида ҳам кураш олиб борилади ҳамда бу курашда великоруслар ғалаба қозонади.
Пётр I даврида кучга тўлган Россия Болтиқ денгизи ҳукмронлиги учун Швеция билан кураш бошлайди. Шимолий уруш деб номланган ушбу урушда Реч Посполита қудратли Россия томонда туриб қатнашади. Бу эса унинг ҳудудлари жанг майдонига айланишига олиб келади. Шимолий урушдан сўнг Реч Посполитада Россия таъсири кучаяди. Мамлакат шимолда Швеция, ғарбда Пруссия, жанубда Австрия ва шарқда Россия билан рақобат олиб боришга мажбур бўлади. Ниҳоят, 1795 йили Реч Посполита иттифоқи ерлари уч давлат: Пруссия, Россия ва Австрия ўртасида бўлиб олинади.
Реч Посполита таркибидаги Украина ерлари Россия империяси назоратига ўтади. Фақатгина Украина ғарбидаги маркази Лвов шаҳри бўлган Галиция князлиги қиролликка айлантирилади ва Австрия-Венгрия империяси томонидан тасарруф этилади.
1783 йил Қрим хонлиги ҳам Россия империясига қўшиб олинади.
Великоруслар Малоруссия ерларини эгаллагач, бу ердаги славянларни руслаштириш сиёсатини юритади. Хусусан, 1863 йили Россия империяси ички ишлар вазири Пётр Валуев нашриётларга малорус (украин) тилида босма маҳсулот чиқаришни тўхтатиш бўйича яширин буйруқ беради. Украин тили ҳақида фикр билдирган Валуев «…кўпчилик малорусларнинг ўзлари жуда яхши исботлайдики, ҳеч қандай малорус тили бўлмаган ва бўлиши ҳам мумкин эмас. Бу рус тилининг поляк тили таъсирида бузилган бир лаҳжаси, холос» дея бу тил мавжудлигини рад этади. 1876 йили император Александр II украин тилида китоб босишни расман тақиқлайди. Украин тилида дарс ўтиш ва китоблар ёзиш ҳам чекланади.
Великоруслар малорус ва белорусларни давлат ишларига яқинлаштирмасликка ҳаракат қилади. Уларни Польша ва Литва таъсирига тушган руслар деб атаган великоруслар, ўзларини Киев Русининг ҳақиқий давомчилари деб ҳисоблайди.
Ўз навбатида малоруслар ҳам великорусларнинг камситувчи сиёсатидан норози бўлади ва Киев Русининг ҳақиқий авлоди улар эканини даъво қилади. Бунда украин тилининг қадимги Киев Руси тилига ўхшашлиги исбот сифатида келтирилади. Украин зиёлилари малорус маданияти ва тилини ривожлантиришга интилиб, амалдаги ҳукуматга қарши мухолифатга айланади. Великорус ва малоруслар зиддияти келажакдаги рус ва украин қарама-қаршилигининг бошланиши эди.
Великорусларнинг Россия империясини руслаштириш сиёсатига қарши чиққан кўплаб украин зиёлилари Австрия таркибидаги Галиция ва Людмерия қироллигига қочиб ўтади. Айнан шу сабаб ҳам ҳозирги Ғарбий Украинага кирувчи бу ҳудудларда украин миллатчилиги ривожланади ва бугунги кунда ҳам бу ерлар украин маданиятининг маркази ҳисобланади. Масалан, Лвовдан фарқли ўлароқ, шарқдаги Харков шаҳрида рус тили украин тилидан устун мавқега эга.
Украин миллатчилиги Австрия ҳукмронлиги остида ривожланади ва Россия таркибидаги украин ҳудудларига ҳам тарқалишга ҳаракат қилади. Бироқ бу ердаги украинлар қаттиқ назорат ва руслаштириш сиёсати таъсири остида қолади.
Биринчи жаҳон уруши даврида Галициянинг шарқий қисми Россия қўшини томонидан эгалланади. Аммо тез орада немис қўшини русларни бу ердан сиқиб чиқаради.
Иттифоқ ва Украина давлатининг ташкил топиши
1917 йил февраль инқилобидан кейин Украинада миллий тилида китоблар босиш, болаларга украин тилида дарс бериш ва нашрлар юритишга имкон берилади. Украина олий органи — Марказий Рада ташкил топади ва Петербургдаги Муваққат ҳукумат билан автономия бўйича келишувлар бошлайди. Аммо бу келишувлар октябрь инқилобидан сўнг тўхтаб қолади.1917 йил 7 ноябрида Киевда Марказий Рада Украина Халқ республикаси ташкил топганини эълон қилади. 12 декабрда эса болшевиклар қурултойи Харков шаҳрида Украина Халқ Совет республикасини ташкил этади ва Марказий Раданинг барча қарорларини бекор қилади. Марказий Рада ва болшевиклар ўртасида уруш бошланади.
Келаси йили 9 январда Марказий Рада Украина мустақиллигини эълон қилади. Аммо февраль ойига келиб, қизил армия бўлинмалари бутун Украина ҳудудини эгаллаб олади. Марказий Рада давлат мустақиллигини сақлаб қолиш учун Германиядан ёрдам сўрайди. Брест-Литовск шартномасини бузган немислар мамлакатга бостириб киради. Апрель ойида Украина Марказий Рада кучлари ва немислар томонидан тўла қайтариб олинади. Бироқ Марказий Раданинг мустақиллик ҳаракати немислар тарафидан қўллаб-қувватланмайди ва Марказий Рада тарқатиб юборилади. Украин казакларининг авлоди гетман Павел Скорпадский бошчилигида Гетманшина тузилади.
Германиянинг мағлубиятидан сўнг Украинада яна фуқаролар уруши бошланди ва 1920 йил июнь ойида мамлакатда узил-кесил, тўлиқ совет ҳокимияти ўрнатилади. СССР-Польша урушидан сўнг Ғарбий Украина Польшага, Карпаторти Чехословакияга, Буковина эса Руминияга ўтиб кетади.
Дастлаб совет ҳукумати украин миллий ҳаракатига тўсқинлик қилмайди. Украин тили ривожлантирилади, аммо кейинроқ КПСС миллатчилик ҳаракатларини йўқотиш сиёсати доирасида Украина коммунистик партиясида ҳам «тозалаш» ўтказади. 1920—1930 йилларда олиб борилган қатағон сиёсати натижасида украин ёзувчи ва зиёлилари маҳв этилади. Украина СССРнинг «руслаштириш» сиёсати энг қаттиқ олиб борилган ҳудуди бўлиб қолади.
1939 йил СССРнинг Польшага юриши даврида ғарбий Украина Польшадан тортиб олинади ва Украина ССР таркибига қўшилади. Совет кучлари, шунингдек, Буковина ва Бессарабиянинг бир қисмини ҳам эгаллашга муваффақ бўлади.
1945 йил Иккинчи жаҳон уруши натижаларига кўра, Карпаторти СССРга берилади ва Украина ССР таркибига киритилади. 1954 йили Переяслав бирлашувининг уч юз йиллиги муносабати билан КПСС биринчи котиби (собиқ Украина Компартиясининг биринчи котиби) Никита Хрушчёв Қримни Украина ССР таркибига ўтказишни кўзда тутувчи қарорни имзолайди.
Мустақиллик
1991 йил 24 августда Украина Олий Совети мамлакат мустақиллигини эълон қилади. Россия ва Украина ўртасида дўстона муносабатлар ўрнатилади. Украин маданияти ва тили ривожига алоҳида эътибор қаратилади.Иттифоқ парчаланиб кетгач, Украина ва Россия ўртасида «СССР давридаги мавжуд чегараларни тан олиш» бўйича шартнома имзоланади. Бироқ Қрим яримороли, айниқса, Севастополга эгалик қилиш масаласида давлатлар ўртасида қарама-қаршилик юзага келди. Қримнинг бошқа шаҳарларидан фарқли ўлароқ, Севастопол СССР даврида тўғридан-тўғри Москвага бўйсунар эди. Россия ҳукумати Севастопол билан бирга собиқ СССРнинг Қора денгиз флоти кимнинг мероси эканлиги борасида ҳам украиналик ҳамкасблари билан келишолмади.
Келишмовчиликларга қарамай, Россия Федерацияси президенти Борис Елсин ва Украина президенти Леонид Кучма 1997 йили Киевда мавжуд чегаралар дахлсизлиги, ҳудудий яхлитликни ҳурмат қилиш ва ўз ҳудудидан бир-бирининг хавфсизлигига зарар етказмаган ҳолда фойдаланиш тўғрисида стратегик шерикликни мустаҳкамловчи шартнома имзолайди.
Қора денгиз флоти бўйича зиддиятлар ҳам шу йили қисман ечилади. Унга кўра, Украина Қора денгиз флоти жойлашган ҳудудни Россияга ижарага беришга, Россия эса 2017 йилга қадар флотни Украина ҳудудидан олиб чиқишга рози бўлади.
Қрим яримороли масаласи
1991 йил Қрим АССРда ўтказилган референдум натижалари автоном республиканинг Украина таркибида қолишини маъқуллайди. Кейинги йили давлат номи Қрим Республикаси деб ўзгартирилади ва мамлакат конституцияси қабул қилинади. Тез орада Қримда Россия фойдасига айирмачилик қилиш ҳаракатлари бошланади ва бу ҳаракатлар Москвадаги доиралар томонидан дастакланади.Хусусан, 1992 йил 21 майда Россия Олий Совети Қримнинг Украинага ўтказилиши тўғрисидаги қарорнинг юридик кучини йўқотган деб ҳисоблайди ва унинг юрисдиксияси Россия томонда экани айтилади. Олий Совет Қрим келажаги масаласи Қрим халқи иштирокида ҳал этилиши кераклигини билдиради. Бунга жавобан Украина Олий Радаси Қрим мустақил юридик давлат эмаслигини ва давлатлараро муносабатларда алоҳида мамлакат сифатида қатнаша олмаслигини айтади.
1993 йили Россия Олий Совети Севастополни Россия маъмурий-ҳудудий бирлиги деб эълон қилади. Президент Борис Елсин бу қарор ҳақида «Парламент қарори мен учун уятли бўлди... Украина билан уруш бошламанг» дея фикр билдиради. Украина томони Олий Советнинг Севастопол бўйича қарори юзасидан БМТ Хавфсизлик кенгашига шикоят қилади. БМТ Хавфсизлик кенгаши, жумладан, Россия вакили баёнот бериб, Украинанинг халқаро тан олинган чегаралар доирасида мустақиллиги, бирлиги ва ҳудудий яхлитлиги ҳурмат қилинишини эътироф этади.
Шундай бўлса-да, Россия сиёсий доиралари Қримдаги руспараст ташкилотларини қўллаб-қувватлашни тўхтатмайди.
Тўқ сариқ инқилоб
2000 йиллардан Россия ва Украина алоқалари бир қадар ривожлана бошлади. Шу йили Украина МДҲга раислик қилди ва Россия, Қозоғистон, Белоруссия билан биргаликда Ягона иқтисодий макон лойиҳасига қўшилишга қарор қилади. Бироқ бу мамлакатда катта муҳокамаларга сабаб бўлади. Кўпчилик украин сиёсатчилари ушбу лойиҳани СССРнинг қайта тирилиши деб атайди ва унга қўшилишга қарши чиқади.Қўшимчасига, бош вазир Виктор Януковичнинг ўз чиқишларида Россия билан ягона иттифоқ тузиш ва рус тилига иккинчи давлат тили мақомини бериш ҳақидаги гаплари норозилик оловини янада кучайтиради.
2004 йили Украинада президент сайловлари ўтказилади. Биринчи турда икки номзод: Россияга яқинлашиш тарафдори бўлган Янукович ва Европа иттифоқи билан интеграцияни кучайтириш тарафдори Виктор Юшченко энг кўп овоз олиб, иккинчи турга ўтади. Иккинчи турда Янукович кичик фарқ билан ғалаба қозонади. Путин дарҳол Януковични ғалаба билан табриклайди. Аммо кутилмаганда сайлов жараёнида овозларни сохталаштириш юз бергани ҳақида хабарлар тарқалади ва норозиликлар тўлқини бошланади.
«Тўқ сариқ инқилоб» (Юшченконинг сайловолди ташвиқотидаги ранги сабаб унинг тарафдорлари шу рангли байроқларни кўтариб чиққан) номини олган ушбу намойишлар сабаб Украина Олий суди текширув бошлайди ва овозларни ҳисоблашда қонун бузилиш ҳолатларини аниқлайди. Шундан сўнг иккинчи тур натижаларини бекор қилинади ҳамда учинчи тур ўтказилади. Бу сафар Юшченко ғалаба қозонади ва Украина президентига айланади. Юшченко Януковичдан фарқли ўлароқ, мамлакатнинг Европа томон бурилишини эълон қилади. Кремль ва Путин бу воқеаларни бироз ҳайрат билан ҳамда асабий ҳолатда қабул қилади.
Айнан 2004 йилдан сўнг Украина ва Россия ўртасида кескин қарама-қаршиликлар бошланади. Украина МДҲга қонуний аъзо эмаслигини билдириб, унда чиқиш эълон қилади. Шунингдек, президент Юшченко Қора денгиз флотининг Украина ҳудудида бўлиш муддатини узайтиришга қарши чиқади.
Тез орада Россия ва Украина ўртасида газ бўйича келишмовчиликлар бошланади. Россия ҳукуматининг Европага газ етказиб берувчи қувурларни Украина ҳудудидан шимолга кўчириш ҳаракати Украина томонидан кескин кутиб олинади. Украина ҳам Европага газ етказиб беришнинг муқобилини излай бошлайди. Бунда украинлар Туркманистон, Озарбайжон, Грузия транзити лойиҳасига эътибор қаратади.
Россия Украинадан газ бўйича қарзларини тўлашни талаб қилади, бироқ Украина ҳукумати қарзни тўлашни пайсалга солади. Бунга жавобан Россия Украинага етказиб берувчи газни тўхтатиб қўяди. Украина ҳукумати эса оддий йўл тутади: Украина ҳудудидан Европага ўтувчи транзит газ қувурларини очиб, газ ола бошлайди.
2008 йили Жанубий Осетия можаросида Украина Грузияни қўллаб-қувватлайди ва Россиядан Қора денгиз флотини тезроқ унинг ҳудудидан олиб чиқишни талаб қилади. Шу йили Украина мудофаа вазирлиги 1997 йилги шартномани бекор қилишга қарор қилади ва президент Юшченко буни тасдиқлайди. Шу билан Россия ва Украина ўртасидаги сўнгги муҳим ҳужжат амал қилишдан тўхтайди.
Майдон инқилоби ва Қримнинг аннексия қилиниши
2010 йили Украинадаги президент сайловларида Янукович ғалаба қозонади. Бу эса мамлакатнинг Россия билан муносабатлари илиқлашишига олиб келади. Шу йилнинг ўзидаёқ президентлар Янукович ва Дмитрий Медведов ўн марта учрашади. Қора денгиз флоти бўйича Харков шартномаси имзоланиб, унга кўра, ижара муддатини яна йигирма беш йилга узайтириш тўғрисида келишувга эришилади.Харков шартномаси Олий Радада ҳам, Киевда ҳам норозиликларга сабаб бўлади. Қолаверса, Украинанинг НАТОга аъзо бўлиш фикридан қайтиши ва Қора денгиз флоти ижарасини узайтиришига қарамай, Россия томони Украинага етказиб берадиган газ нархини арзонлаштирмади.
Янукович бир томондан Россия, бошқа томондан эса Европа Иттифоқи билан ҳамкорликни давом эттиришга интилаверади.
Аммо Россия ҳукумати Украинага кўпроқ босим ўтказиб, Европа Иттифоқига киришига амалда қарши чиқади. Оқибатда, Янукович ён беришга мажбур бўлади.
2013 йил ноябрида Украина ва Европа Иттифоқи ўртасида иттифоққа кириш шартномаси имзоланишининг тўхтатилишига жавобан Киев ва Украинанинг бошқа шаҳарларида норозилик намойишлари бошланиб кетади.
30 ноябрь куни Киевдаги Евромайдонда жойлашган намойишчиларга қарши куч ишлатилгач, норозиликлар амалдаги ҳукумат ва президентга қарши курашга айланиб кетади. Намойишчилар қуролланиб, маъмурият биноларига ҳужум қилади. Киев кўчалари шиддатли тўқнашувлар марказига айланади.
Губерния(вилоят)ларда ҳам норозилик қатнашчилари томонидан давлат идораларини эгаллаш бошланади. Бу ғарбий ҳудудларда муваффақиятли кечган бўлса, марказий ва жанубий ҳудудларда кўплаб намойишчиларнинг ҳибсга олиниши билан якунланади. Январь ойи охирига келиб ҳукумат қаттиқ тартиб ўрнатади ва минглаб украин қамоққа олинади. Бироқ бу норозилик намойишларини тўхтатмайди.
Ғарбнинг босими остида 2014 йил 21 февраль куни президент Янукович мухолифат билан келишув имзолашга рози бўлади, аммо у ўша куни Киевни тарк этади. Эртасига Украинада давлат тўнтариши амалга ошгани, Олий Раданинг ноқонуний қарорларига имзо чекмаслигини эълон қилади. Бир неча соатдан сўнг Олий Рада уни президент ваколатларидан маҳрум қилади ва янги президент сайловларини белгилайди. «Баткившина» партиясидан Александр Турчинов вақтинча президент лавозимига тайинланади.
Янукович эса Москвадан паноҳ топади.
Вазиятни диққат билан кузатиб бораётган Россия ҳукумати Украинанинг Ғарб томон «ўтиб кетиши»га жим қараб туролмади. 27 февраль куни рус махсус кучлари Қрим парламенти биносини эгаллаб олади. Анатолий Могилев истеъфога чиқарилиб, унинг ўрнига россияпараст Сергей Аксёнов Қрим раҳбари этиб тайинланади. Аксёнов Киевдаги янги ҳукуматни тан олишдан бош тортади ҳамда Россия ҳукуматидан Қрим Автоном Республикаси ҳудудида тинчлик, осойишталикни таъминлашда ёрдам беришни сўрайди.
1 март куни президент Путин рус ҳарбий қўшинларини Қримга киритиш тўғрисидаги қарорни маъқуллайди. Яриморолдаги украин ҳарбий қисмлари блокадага олинади. Бир ҳафта ичида Қрим тўла Россия назорати остига ўтади. 16 март куни Украина конституциясига зид равишда Россия шафелигидаги Қримнинг мустақиллиги тўғрисида референдум ўтказилади. Эртаси куни эса Қрим Республикаси мустақиллиги эълон қилинади. Аммо Россиядан ташқари дунёдаги ҳеч бир давлат бу давлат мустақиллигини тан олгани йўқ. 18 март куни Қрим Республикасининг Россия Федерациясига қўшилиши ҳақида шартнома имзоланади. БМТ ва жаҳон ҳамжамияти ушбу воқеаларни аннексия (босиб олиш) сифатида баҳолади ва Қримни вақтинча ишғол этилган Украина ерлари деб атади. Россияга қарши иқтисодий санкциялар киритилади.
Путин шу тариқа Украинанинг Россиядан юз буришига жавобан ўзига хос «ўч олди». Чунки Европа Иттифоқи ва НАТОга аъзо бўлиш учун мамлакатлар ҳудудий низоларга эга бўлмаслиги керак эди. Ушбу аннексиядан сўнг Украинанинг Европа Иттифоқи ва НАТОга қўшилиши қийин масалага айланди.
Донецк ва Луганск «халқ республикалар»и
Мамлакатда бошланган тартибсизликлар фонида Россия ва рус тили таъсири кучли бўлган мамлакатнинг жануби-шарқий ҳудудларида қуролли ҳаракат вужудга келади. Улар янги ҳукуматни тан олишдан бош тортади ва 7 апрель куни Донецк Халқ Республикаси (ДХР), 27 апрель куни эса Луганск Халқ Республикаси (ЛХР) Украинадан алоҳидалиги — мустақиллигини эълон қилади. 11 май куни эса ҳар икки янги «халқ республикаси»да референдум ўтказилади ва аҳоли мустақиллик учун овоз беради. Ҳар икки айирмачи давлат Россияга қўшилиш истагини билдиради ва бирлашган Новороссия Республикасини тузиш бўйича қарор қабул қилади.2014—2015 йиллари бўлиб ўтган жанглар натижасида ушбу «халқ республика»лари ҳудуди тўрт баравар қисқарди, бироқ қаттиқ қаршилик сабаб бутунлай тугатилмади. Украина ва Ғарб Россияни исёнчиларга қурол-яроғ ва ҳарбий аскарлар етказиб беришда айблади. Аммо расмий Москва буни инкор этаверди.
2015 йил 11—12 февраль кунлари «норманд тўртлиги»: Франция, Германия, Украина ва Россия президентлари, шунингдек, ДХР ва ЛХР вакиллари Минскда Украина шарқидаги вазиятни тинч йўл билан ҳал қилиш бўйича битим имзолади. Минск келишувларидан сўнг ўт очишни қисман тўхтатади.
Бироқ кейинги йилларда на Украина томони, на Россия томони битим шартларига амал қилди. Россия Украинанинг Минск келишувларидаги Донецк ва Луганск вилоятларига алоҳида мақом бериш, уни конституцияда мустаҳкамлаш, умумий амнистия эълон қилиш ҳамда маҳаллий сайловлар ўтказиш каби шартларни бажармагани, ушбу бандлар бажарилган тақдирдагина Украина Россия-Украина чегараси устидан назоратни тиклаши мумкинлигини таъкидлаб келади. Украина томони эса маҳаллий сайловларни ўтказиш ва бу ҳудудларни Украинага қайтаришнинг асосий шарти сифатида хавфсизлик масалалари(Украина-Россия чегаралари устидан украин армияси назоратини тиклаш, украин ОАВ ва сиёсий партияларнинг ДХР ва ЛХР ҳудудига эркин киришини таъминлаш)ни ҳал этишни устувор масала деб билади. 2018 йили Украина томони Минск келишувларини инкор қилувчи қонун қабул қилгач, бу келишув шартлари амалда тўхтади.
Кейинги йилларда кескинлик давом этаверди. Майдон инқилобидан сўнг ҳокимиятга келган Пётр Порошенко украин армиясини қайта тузади, ДХР ва ЛХР чегараларидаги фронт чизиғини кучайтиради. Мамлакатда Россияга қарши мафкура кенг тарғиб қилинади.
Шу йилнинг 25 ноябрь куни Керч бўғозида қуролли тўқнашув юз берди. Қримни ўз ҳудуди деб ҳисобловчи Украина Керч бўғози орқали Мариупол портига ўз кемаларини юборди. Бироқ Қримни аннексия қилган рус қўшинлари украин кемаси ўз сувларига огоҳлантиришсиз кирганини даъво қилди ва кемани штурм билан эгаллаб олди. Эртаси куни бутун Украина бўйлаб фавқулодда режим эълон қилинди. БМТ Хавфсизлик кенгаши Россия ҳаракатларини қоралади ҳамда қўлга олинган кема ва асирларни Украинага қайтаришни талаб қилди. Лекин Россия томони бу талабни тўлиқ бажармади.
2019 йилги сайловлардан сўнг ҳокимиятга келган Владимир Зеленский жамоаси Минск келишувларига қайтишга ҳаракат қилди, бироқ унинг баъзи шартларини ўзгартиришни маъқуллаган ҳолда. Аммо Россия томони бунга қарши чиқди. Путин Украинанинг янги ҳукумати Минск келишуви шартларини бажаришга ўзида ирода тополса, уларни қўллаб-қувватлашини билдирди.
Шу йили президентлар ўзаро телефон мулоқоти ўтказди ва маҳбусларни алмашиш тўғрисида келишувга эришди. 9 декабрь куни Зеленский ва Путин Парижда «Норманд тўртлиги» доирасида икки томонлама учрашув ҳам ўтказди. Келишувлар ижобий натижа бермади. Давлатлар ўртасидаги кескинлик сақланиб қолаверди.
«Россия ҳужуми»
2021 йил ноябрь ойида Украина президенти Владимир Зеленский Россия кучларининг Украина чегарасида тўпланаётганини маълум қилди. Рус томони эса буни ҳарбий ўқув машғулотлари билан боғлади.Ҳарбий босқин ҳақидаги илк бор Украина Мудофаа вазирлигининг разведка бош бошқармаси раҳбари Крилл Буданов 21 ноябрь куни гапирди. Буданов тўқсон мингдан ортиқ рус аскари ва «Искандар» қисқа масофали баллистик ракета тизимлари Украина чегаралари яқинида тўпланганини далил сифатида келтирди. Шунингдек, у Киевдаги COVID-19 вакцинациясига қарши намойишлар ва Украинадаги бошқа митинглар ортида Россия турганини, булар кенг кўламли ҳарбий босқинга тайёргарлик эканини билдирди.
Ўз навбатида, Россия томони Украинани Донбассда кескинликни кучайтириш ва ҳужум операциялари ўтказишда айблади.
Уруш ҳақидаги тасаввурлар Россиянинг Белорус ҳудудида биргаликда ўтказилувчи ҳарбий машғулотлар учун қўшинларини ушбу давлат ҳудудига кўчириши билан кучайиб борди. Декабрь ойидаёқ Ғарб матбуотида Россиянинг январь ойи охирида Украинага бостириб кириши ҳақида тахминлар пайдо бўлди. АҚШ ва НАТО шарқий Европага ўз контингентларини жойлаштиришни бошлаб юборди. Январь ойида эса Ғарб ўз дипломатларини Киевдан эвакуация қилишни бошлади. Москва ҳужум ҳақидаги тахминларни Ғарб жазаваси деб атади. Путин Украина билан урушни хоҳламаслигини маълум қилди.
12 февраль куни АҚШ президенти Жо Байден разведка маълумотларига кўра, Россиянинг Украинага тахминий босқини 16 февраль куни бўлишини айтди. Табиийки, Москва буни рад этди. Президент Зеленский эса ушбу воқеалар фонида 16 феврални Миллий бирлик куни деб эълон қилди. Бироқ ҳужум содир бўлмади, лекин Украинадаги қатор сайтларга хакерлик ҳужуми уюштирилди.
Шу куни рус қўшинларининг Қримдаги ўқув машғулотларидан қайтаётгани маълум қилинди.
Шундай қилиб, XIII асргача ягона халқ бўлган рус ва украинлар бугунги кунда дунёдаги бир-бирига душман кўзи билан қаровчи энг адоватли миллатлардан бўлиб қолмоқда.
Изоҳ (0)