Ўзбекистонда бир йил ичида минга яқин одам ишлаётган вақтда жароҳатланган. Бу ҳақда 28 апрель куни Бандлик вазирлиги ташкил этган меҳнат муҳофазасини рақамлаштиришга оид анжуманда маълум қилинди, дея хабар берди “Дарё” мухбири.

Расмий рақамларга кўра, 2024 йилда Ўзбекистондаги иш жараёнларида 868 та бахтсиз ҳодиса юз берган. Оқибатда жами 976 киши жароҳатланган. Шундан 261 киши ҳалок бўлган, 685 нафари оғир тан жароҳати олган, 30 нафари енгил жабрланган.
Вазир ўринбосари Раъно Турдибоева “Дарё” мухбири билан суҳбатда тадбир 28 апрель — Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш куни муносабати билан ташкил этилганини айтди.

“Ҳар йилнинг 28 апрелида иш жойида ҳалок бўлганларни хотирлаймиз. Шу билан бирга, ҳамма иш берувчи ва ходимлар эътиборини меҳнат муҳофазасини таъминлаш муҳимлигига қаратишга чақирамиз. Анжуманда соҳа мутахассислари илмий мулоқот қилишди. Энг яхши иш берувчилар учун уюштирилган танлов ғолиблари тақдирланди. Ходимларига яхши меҳнат шароити яратган корхоналарга ҳам бориб, бошқаларга намуна қандай бўлиш кераклигини кўрсатамиз. Буларнинг бари бахтсиз ҳодисаларни камайтириш ва ишчиларга сифатли шароит яратишга тарғиб бўлади”, деди вазирлик масъули.

Анжуманда рақамли технологиялар ва сунъий интеллектнинг меҳнатни муҳофаза қилиш тизимидаги ўрни муҳокама қилинди. Ишлаб чиқаришдаги хавф-хатарларни автоматлаштирилган тарзда аниқлаш, мониторинг қилиш ва олдини олишга хизмат қилувчи илғор технологик ёндашувлар тўғрисида гап борди. Конференция якунида иш жойида оламдан ўтганлар хотирасига бағишлаб, дарахт экиш маросими ҳам бўлиб ўтди.
Қонунчиликка кўра, марҳумни дафн этиш учун давлат бюджети ҳисобидан, Ижтимоий ҳимоя агентлиги томонидан бир марталик нафақа тўланади. Бугунги кунда мазкур нафақа қиймати 1 миллион 712 сўм.
2024 йилда 155,1 минг оилага яқин қариндошлари вафот этиши сабабли 241,6 миллиард сўм дафн маросимлари учун ёрдам пуллари тўланган.
Изоҳ (0)