Ўзбекистонда ҳаж зиёрати давлат аралашуви билан монопол тарзда ташкил этилади. Харажатлар сметаси ҳам ёпиқ. Жамоатчилик ҳаж сафарида кўрсатиладиган хизматлар қиймати ва ҳожилардан ундириладиган пулнинг қанчаси харажат қилинишидан бехабар.
Мамлакатда охирги беш йилда ҳаж зиёрати нархи 33,3 млн сўмдан 74 млн сўмга оширилган. Бу йилги мавсум учун нархлар ҳозирча аниқ эмас, лекин зиёратчилардан 50 млн сўмдан бадал пули йиғиш бошланган. Мақолада Ўзбекистон, қўшни давлатлар ва аҳолисининг асосий қисми мусулмон бўлган мамлакатлардаги ҳаж сафари учун таклиф этилаётган нархлар таққосланди.
2024 йилда Саудия Арабистонига 1,8 миллион зиёратчи ҳаж амалини бажариш учун борган (2019 йилда 2,5 миллион киши). Шундан 221 854 нафари маҳаллий аҳоли ҳисобланади. Қолган зиёратчиларнинг 63,3 фоизи осиёликлар, 22,3 фоизи араблар, 11,3 фоизи Африка давлатлари фуқаролари, 3,1 фоизи эса Европа, Америка, Австралия ва бошқа мамлакатлардан келган зиёратчилардир.
Ҳожилар орасида марказий осиёликлар, жумладан, Ўзбекистон фуқаролари ҳам бор. “Дарё” минтақада охирги беш йилда ҳаж зиёрати учун ажратилган квоталар ва нархлар қандай ўзгарганини ўрганди.
Беш йил аввалги нархлар ва квоталар
Охирги беш йил давомида Марказий Осиё давлатларида ҳаж зиёрати нархлари ўзгариши турлича кечган. 2020 ва 2021-йилларда пандемия бўлган ва хорижликларга Саудия Арабистонига кириш тақиқланган. 2022 йилдан бошлаб ҳаж ва умра зиёратлари яна одатий давом этиб келмоқда.
2019 йилда Ўзбекистонда бир кишининг ҳажга бориб келиши 33,3 млн сўмдан (ўша пайтдаги курс бўйича 3879 доллар) тушган, республика учун ажратилган квоталар сони 7200 та эди. Қолган қўшни давлатларда нархлар қуйидагича бўлган:
- Тожикистонда 3 750 доллар (5 000 та квота);
- Қозоғистонда 4 000 доллар (3 200 та квота);
- Қирғизистонда 3 000 доллар (5 510 та квота).
Туркманистон эса ҳаж зиёрати учун нархлар қанча экани эълон қилмаган. Бироқ зиёратчилар сони ҳақида маълумотлар бор. Мамлакатдан 2019 йилда бор-йўғи 160 киши ҳаж амалини адо этган.
Нархлар кескин тебранган йил
Ўзбекистонда 2022 йилга келиб ҳаж зиёрати нархи кескин (деярли икки баравар) ошган ва бир кишилик тўлов 62 миллион 900 минг сўм (ўша давр курсида 5 744 доллар) этиб белгиланган (жами квоталар сони эса 10 865 тани ташкил этган). Бу ўша пайтда Марказий Осиё давлатлари орқасидаги энг қиммат нарх эди.
Мусулмонлар идораси нарх қимматлашишига Саудия ҳукумати ҳаж сафарига доир қўшимча солиқ ва мажбурий тўловлар жорий этгани, транспорт ҳамда бошқа қатор хизматлар қиймати кескин ошганини сабаб қилиб кўрсатган.
“Ўзбекистон томони Саудия билан олиб борилган узоқ музокаралар натижасида зиёратчилар учун иқтисодий пакет нархига люкс даражасидаги хизмат кўрсатишга эришди ва тўлов учун ўрта нархни белгилади. Айрим давлатларда энг қиммат пакетлар нархи 25 минг долларгача этиб белгиланган.
Ўзбекистонлик зиёратчилар жорий мавсумда биринчи марта Мадина шаҳрида “Масжиди Набавий”дан 100 метр узоқликда жойлашган 5 юлдузли “Зам-зам Pullman” ва “Краун Плаза” меҳмонхоналарида истиқомат қилади. Макка шаҳрида эса “Аброж ал-Ҳидоя” меҳмонхонасида яшайди”, дея маълум қилган идора.
Шу билан бирга, ташкилот сафар давомийлиги айрим қўшни давлатлар зиёратчилари сингари 14–20 кун эмас, 26 кун бўлишини қайд этган. “Бу ҳам табиий равишда нархларга ўз таъсирини кўрсатади”, дея баёнот берган масъуллар.
Диний уламо Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид ижтимоий тармоқлардаги чиқишларида ҳаж амалини 5–6 кун ичида якунлаш мумкинлигини айтган.
“Баъзи ҳожиларимиз ҳажга эртароқ бориб, эртароқ қайтади. Бошқалари кечроқ бориб, кечроқ қайтади. Бу жараён ташкилотчилик масаласи билан боғлиқ.
Яъни Ўзбекистондан 10 000 одамни олиб бориб, уларни кутиб олиш, ҳаж қилдириб яна қайтиб юртга жўнатиш каби хизматларга кўп вақт кетади. Шунинг учун гуруҳлар навбати билан юборилади. Борди-келди тараддудлари туфайли ҳажда қолиш кўпроқ бўлади”, дейди мутахассис.
Мусулмонлар идораси берган маълумотга кўра, ҳаж учун тўланган маблағ ичига қуйидагилар киради:
- Ҳаж визаси;
- Авиабилет (Мадинайи мунавварага тўғридан-тўғри авиарейс);
- “Зам-зам Pullman”, “Краун Плаза” (Мадина шаҳрида) ҳамда “Аброж ал-Ҳидоя” (Макка шаҳрида) меҳмонхоналарида яшаш;
- Шаҳарлараро (Мадина-Макка-Жидда) транспорт хизмати;
- Ҳожиларнинг тиббий суғуртаси;
- 3 маҳал иссиқ овқат: нонушта, тушлик ва кечки овқат;
- Мадинадаги Уҳуд тоғи, Қубо ва икки қиблали масжидларга зиёрат;
- Маккадаги Мино, Арофат ва Муздалифа водийларидаги барча хизматлар;
- 24/7 режимидаги тиббий хизмат;
- 24/7 режимидаги транспорт хизмати;
- Қурбонлик;
- “Замзам” суви (5 литр);
- Республиканинг 7 та ҳудудидан кузатиш ва кутиб олиш;
- Давлат рамзлари туширилган нимча ва сумка;
- Ҳаж қўлланмаси.
Аммо идора мазкур товар ва хизматлар ҳар бири зиёратчилар гарданига неча пулдан тушаётганини ҳеч қачон очиқламаган. Шунингдек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳар бир зиёратчидан қанча даромад олаётгани ҳам ёпиқлигича қолмоқда.
Саудия ҳукумати томонидан ҳаж зиёрати учун ҳожилардан ундириладиган солиқ ва хизматлар тарифлари 2022 йилгача неча пулдан эди-ю, 2022 йилдан сўнг неча фоизга кўтарилганини ҳеч ким билмайди. Идора бу борада жамоатчиликка бирор марта молиявий ҳисобот берган эмас.
2022 йилга келиб қўшни Қирғизистонда ҳам ҳаж зиёрати нархи ошиб, 4500 долларни ташкил этган. Зиёратчиларга ажратилган квоталар сони кескин қисқариб, 2 766 тага туширилган.
Ўша йили 4000 нафар қозоғистонлик ҳаж зиёратини адо этган. Уларга 14 та сайёҳлик компанияси хизмат кўрсатган. Мазкур компаниялар зиёратчиларга хизмат кўрсатиш учун тендер асосида танлаб олинган. Ҳажга борувчиларга хизматлар бир неча тоифада ва турли нархларда таклиф қилинган. Масалан, “эконом” тоифа 3 800 доллар, “стандарт” эса 4 200 доллар бўлган.
Ўша йили Тожикистонда бир кишилик ҳаж зиёрати нархи 5 350 долларга етган. Мамлакатга ажратилган квоталар сони 2019 йилга қараганда 1 500 тага қисқариб, 3 500 тани ташкил этган.
2022 йилда Туркманистондан 275 киши ҳаж сафарига бориб қайтган. Бироқ очиқ манбаларда ўша йили ҳаж зиёрати учун қандай нарх белгилангани, харажатлар сметасига оид маълумотлар топилмади.

2023 йилги мавсум
2023 йилда Ўзбекистонда ҳажга борувчилар учун тўлов миқдори яна оширилиб, 68 миллион 760 минг сўм этиб белгиланган. Ўша давр курсида бу 6 000 доллар бўлган (1 АҚШ доллари 11 449 сўм эди). Мавсумда ўзбекистонлик зиёратчиларга ажратилган ўринлар сони сезиларли кўпайиб, 15 130 тага етган. Бу ҳозиргача Марказий Осиё давлатлари орасидаги энг кўп квота ҳисобланади.
2023 йилда Саудия Арабистони Тожикистонга квоталар сонини кескин оширган ва 7 000 та ўрин берган. Ҳаж зиёрати нархи бир киши учун 59 000 сомони ёки 5400 долларни ташкил этган.
Ҳаж мавсумида Қозоғистонда 4000 зиёратчи (квоталар сони ўзгармаган) ҳажга бориб келиши учун 18 та сайёҳлик компанияси хизмат кўрсатган. Ҳаж зиёрати нархлари бир неча тоифаларда 3 000 доллардан 4 500 долларгача бўлган.
Ўша йили Қирғизистонда бир фуқаро учун ҳаж сафари нархи 3900 долларга пасайган. Мамлакатда Ўзбекистондагидан фарқли равишда ҳаж учун тўланаётган пуллар нимага, қанчадан сарфланиши эълон қилинган.
Жумладан, икки томонлама парвоз 1 360 доллар, Саудия Арабистонида турар жой, транспорт ва бошқа хизматлар билан боғлиқ харажатлар 2 080 доллар, Мусулмонлар диний бошқармасининг ҳаж зиёратини ташкил этиш харажатлари 460 долларга тушиши ошкор этилган. 2023 йилда мамлакатга ажратилган квоталар сони кескин оширилган ва 6 000 киши ҳаж зиёратига бориб келган.
2023 йилда Туркманистонга ажратилган квоталар сони ҳам кўпайтирилган, 2312 нафар одам ҳажга борган. Бироқ зиёрат харажатлари маълум эмас.

Ўтган йилги кўрсаткичлар
Ўтган йили ҳам Ўзбекистонда ҳаж сафарининг нархи ва харажатлар сметаси умуман очиқланмаган. Нарх айрим Telegram каналлар орқали маълум бўлиб қолган. Шундай қилиб, 2024 йилда Ўзбекистонда ҳаж сафари нархи янада қимматлаб, 73 миллион 970 минг сўмга (мавсумдаги курс бўйича 5 813 долларга) етган. Расмийлар нарх бир йил ичида нима сабабдан 5,2 миллион сўмга оширилгани бўйича изоҳ бермаган.
Ўтган йили Ўзбекистонга ҳаж сафари учун ажратилган квоталар сони 15 000 та бўлган. Умуман олганда, охирги беш йил ичида мамлакатдаги нархлар 33,3 миллион сўмдан деярли 74 миллион сўмгача оширилди. Агар шунча миқдордаги маблағларни 15 000 киши тўлаган бўлса, ўтган мавсумдаги ҳаж сафарига ўзбекистонликлар 1,1 триллион сўм харажат қилган бўлади. Бу тахминан 85,3 миллион доллар дегани.
Қирғизистонда эса, аксинча, нархлар пасайган. 2024 йилда республика аҳолиси учун ҳаж сафарига бориб келишга 3 750 доллар талаб қилинган. Квоталар сони эса 6 060 та бўлган. Юқорида қайд этилганидек, 2019 йилда мамлакат фуқаролари ҳажга 3 000 доллар эвазига бориб келганди (умумий қиймат ўсиши 750 доллар).
Ўтган йилда Қозоғистондан ҳаж зиёрати нархлари 6 343 доллардан 8 000 долларгача етган. Нарх билан бирга ажратилган квоталар сони ҳам ошиб, 4 524 тани ташкил этган. Мамлакат туроператорлари 2025 йилги ҳаж зиёрати учун стандарт тарифини бир кишига 2,9 миллион тенгедан (5604 доллар) таклиф қилмоқда. Люкс тариф эса салкам 4,4 миллион тенге (8 384 доллар).
Тожикистонда 2024 йилда ҳаж сафари нархи арзонлаб, киши бошига 5 207 доллардан тушган. Ажратилган квоталар сони кўпаймаган, яна 7 000 та бўлган.
Ўтган йили Туркманистондан 289 нафар зиёратчи Саудия Арабистонига ҳажга бориши учун президент Сердар Бердимуҳамедов махсус фармон имзолаган. Айрим манбаларда ҳаж сафари учун харажатлар 1 567 доллардан 2000 долларгача (мамлакатда долларнинг расмий ва қора бозор курслари мавжуд бўлиб, нархлар бир-биридан кескин фарқ қилади) экани қайд этилган.

Бошқа давлатлардаги ҳаж зиёрати харажатлари
2024 йилда Россиядан Саудия Арабистонида 25 минг мусулмон ҳаж сафарини адо этиши белгиланган. Мамлакатда 10 та ҳаж оператори фаолият юритади. Шу боис зиёрат нархлари шарт-шароитларга қараб турлича белгиланади. Жумладан, энг арзон нарх 4 500 доллардан бошланган. Россиянинг айрим ҳудудларида нархлар 4 800 доллар, бошқа жойида 5 500 доллар бўлган. Энг қиммат пакетлар Москвада таклиф қилиниб, 10 000 доллардан 12 000 долларгача етган. Аҳоли чўнтагига қараб, танлов қилган.
Ўтган йили Озарбайжоннинг 1500 фуқароси ҳаж зиёратини адо этган. Уларнинг ҳар бири Саудияга бориб келиш учун 5 850 доллардан тўлаган.
2024 йилда Туркияда ҳажга сафари нархи турлича бўлган. Чунки мамлакатда аҳолига турфирмалар хизмат кўрсатади, рақобат бозорида нархлар борасида ҳам танлов мавжуд.
Сафар қиймати хизмат кўрсатиш сифати, транспорт, меҳмонхона имкониятлари ва бошқа омилларга боғлиқ бўлади. Маълумотларга кўра, турклар ҳаж қилиши учун Маккадаги ўрта нархдаги меҳмонхонанинг тўрт кишилик хонаси 6 615 доллар, уч киши учун хона 7 155 доллар, икки кишилик жой 7 695 доллардан таклиф қилинган.
Туркияда бир киши ҳаж зиёратига бориб келиши учун ўртача тўлов 6 500 доллардан тушган. Маккага навбатсиз зиёрат эса 11 минг долларгача етган. Ўтган йили туркияликларга ҳаж сафари учун 37 770 квота ажратилган. Эронга эса ҳажга 87 550 квота берилган, мамлакатда ҳаж зиёрати нархи 5 000 долларни ташкил этган.
2024 йилда ҳаж сафари учун Саудия Арабистони ҳукумати Покистонга 180 000 та, Мисрга 35 375 та, Афғонистонга 13 582 та, Индонезияга 221 000 та, Қатарга 4400 та квота квота ажратган.
-gb3De5-t.jpg)
Ўзбекистонда ҳаж бадалини йиғиш бошланган
Дин ишлари бўйича қўмита матбуот котиби Илҳом Маърупов “Дарё”га маълум қилишича, айни пайтда бўлажак зиёратчилардан ҳаж сафари тўловининг маълум қисми йиғилмоқда.
“Ҳали ҳаж сафарининг тўлиқ нархи аниқ эмас. Ҳозирда ҳар бир зиёратчидан 50 миллион сўмдан олдиндан тўлов йиғилмоқда. Бу ягона платформа бўйича икки йилдан бери амал қилиб келаётган тизим ҳисобланиб, Саудия Арабистонига ўтказилиши керак бўлган миқдордир.
Мазкур маблағлар олдиндан йиғиб олинмаса, мавсум киргач тўловларга улгурмай қолиш мумкин. Албатта, хизмат кўрсатиш турлари бор. Ўшалар билан ҳисоб-китоблар охирига етмади. Жараён якунлангач, умумий нарх чиқади”, дейди агентлик вакили.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йилнинг сентябрида президент Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони подшоҳлиги ҳаж ва умра ишлари вазири Тавфиқ бин Фавзон ар-Рабиа бошчилигидаги делегацияни қабул қилганди. Суҳбат чоғида Ўзбекистон фуқаролари учун йиллик ҳаж квотасини 24 000 тагача ошириш юзасидан келишувга эришилган.
Аммо 2023 ва 2024 йилларда 15 минг нафардан фуқаро ҳажга юборилган. Квотанинг қолган 9 000 тасидан Мусулмонлар идораси томонидан фойдаланилмаган, турфирмаларга ҳам бўлиб берилмаган.
Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоевнинг айтишича, Ўзбекистон Саудия подшоҳлиги ҳаж зиёратига ажратган 24 000 та квотадан тўлиқ фойдаланишга тайёр эмас.
“Бу келажакда секин-секин бўлади. Мен шу соҳада 3 йил давомида фаолият юритаётган бўлсам, ўзига яраша машаққатлари бор, фақат ҳажга олиб бориб келмаяпмиз. Меҳмонхона, Мино, Арофат, Муздалифага тайёргарлигимиз бор. “Ҳаво йўллари”нинг тайёргарлиги бор”, деган қўмита раиси.
Юқорида келтирилганидек, Қозоғистонда зиёратчиларга сайёҳлик фирмалари хизмат кўрсатади. Давлат бу имкониятни хусусий секторга берган. Шу боис нархлар ҳам одамларнинг молиявий имкониятига қараб, турлича белгиланган. Қирғизистон эса ҳаж сафарининг харажатлар сметасини очиқ эълон қилиб келади. Ўзбекистонда на у ва на бу масалада ўзгариш бор. Ҳаж зиёрати ҳамон монополлаштирилганича қолмоқда. Аксинча, Диний қўмита ҳаж зиёратига турфирмалар орқали бормасликни зўр бериб тарғиб келиб келади.
Содиқжон Тошбоев ҳаж зиёратини ташкил этиш турфирмаларга берилмаётганини қуйидагича изоҳлаган:
“Ҳозирча Саудия ҳукумати ҳаж масаласида фақатгина давлат билан ишлаш тарафдори бўляпти. Уларнинг талаблари шунақа. Саудия Арабистони ҳаж ва умра вазирлиги фақатгина Дин ишлари бўйича қўмита билан шартнома имзолайди, Мусулмонлар идораси хизмат кўрсатиб беради”, деган у.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 75-моддасида: “Диний ташкилотлар давлатдан ажратилган ҳамда қонун олдида тенгдирлар. Давлат диний ташкилотларнинг фаолиятига аралашмайди. Давлат қонунда белгиланган тартибда фаолият кўрсатаётган диний ташкилотлар фаолиятининг эркинлигини кафолатлайди”, деб ёзиб қўйилган. Лекин давлат ташкилоти ҳисобланган Дин ишлари бўйича қўмита ҳаж сафари каби динга оид масалага бош-қош. Бу конституциявий нормага қанчалик мувофиқ?
Қолаверса, Содиқжон Тошбоев иддао қилганидек Ўзбекистондан фуқароларни ҳаж зиёратига юбориш ваколати фақат Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идорасига берилганига ишониш қийин. Бу ҳаж зиёратини монополлаштиришдан манфаатдор икки идора томонидан ўз ҳаракатларини оқлаш мақсадида ўйлаб топган баҳона бўлиши эҳтимоли юқори. Нега деганда Саудия томони ҳаж зиёратини ташкил этиш бўйича фақат давлат билан ишлашни истаганда бошқа давлатларга ҳам худди шундай талабни қўйган бўларди. Амалда эса кўплаб давлатларда ҳаж зиёратини уюштириш хусусий секторга берилган. Юқорида келтирилган Туркия ва Қозоғистон тажрибаси сўзимизни тасдиқлайди.
Зиёратчиларни манзилга етказиш, жойлаштириш, уларга хизмат кўрсатиш каби вазифалар тадбиркорларга топширилиши аҳоли учун кўпроқ манфаатли бўлиши мумкин. Буни умра учун сафарлар эркинлаштирилгани мисолида кўрдик. Дунёнинг кўплаб давлатларида, ҳатто Саудия Арабистонининг ўзида ҳам зиёратчиларга хусусий ширкатлар хизмат кўрсатади.
Умуман олганда, Ўзбекистонда ҳам аллақачон мазкур масалани кўриб чиқиш зарурияти мавжуд. Агар ҳаж зиёрати хизматлари мамлакатдаги сайёҳлик фирмаларига шаффоф тендерлар асосида бўлиб берилса, нархлар ва сифат борасида рақобат юзага келиши мумкин. Аҳолида танлов имконияти вужудга келиш эҳтимоли юқори.
Шу билан бирга, Ўзбекистонда ҳаж зиёрати учун масъул бўлиб келаётган Дин ишлари бўйича қўмита ҳамда Ўзбекистон мусулмонлар идораси жамоатчилик учун очиқ ва ҳисобдор бўлиши зарур. Ҳар бир зиёратчи ҳаж учун тўлаётган пуллари нималарга сарфланиши, ўзбекистонлик мусулмонларга сафар давомида ҳамроҳлик қиладиган элликбоши ва юзбошилар, ошпаз ва бошқа техник ходимлар кимнинг ҳисобидан Саудия Арабистонига олиб бориб келиниши, нима сабабдан биздаги нархлар қўшни давлатларникидан қимматроқ эканини билишга ҳақли, назаримизда.
Изоҳ (0)