News cover

Саудия АҚШга мамлакат ҳаво ҳудуди ва Америка ҳарбий базаларидан фойдаланишни тақиқлаб қўйди

АҚШ президенти Дональд Трамп кемаларнинг Ҳормуз бўғози орқали ўтишига ёрдам бериш режасидан тўсатдан воз кечди. Бунга Саудия Арабистонининг АҚШ ҳарбийларига ўз базалари ва ҳаво ҳудудидан фойдаланишни тақиқлаб қўйгани сабаб бўлган. Бу ҳақда NBC News хабар берди.


Трамп 3 май куни ижтимоий тармоқларда “Озодлик лойиҳаси” бошланганини эълон қилиб, Форс кўрфазидаги иттифоқчиларини ҳайратда қолдирди. Режадан кемаларни бўғоздан хавфсиз ўтишини таъминлаш кўзланганди.
“Бу қарор Саудия Арабистони раҳбариятининг ғазабини қўзғатган”, дейилади хабарда.

Оқибатда Ар Риёд АҚШга қуйидагиларни тақиқлаб қўйди:
  • пойтахт жануби-шарқидаги “Шаҳзода Султон” авиабазасидан самолётларни учириш;
  • лойиҳани қўллаб-қувватлаш учун Саудия ҳаво ҳудуди орқали учиб ўтиш.

Трамп ва Саудия валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон ўртасидаги телефон мулоқоти муаммони ҳал қилмади. Шу сабабли Трамп муҳим ҳаво ҳудудига кириш имконини қайта тиклаш учун лойиҳани тўхтатишга мажбур бўлди.
Иттифоқчилар муносабати
Бошқа иттифоқчилар ҳам бу эълондан бехабар қолгани айтилмоқда. Масалан, Трамп Қатар амири билан операция бошланиб кетганидан кейин гаплашган. Уммонлик дипломатининг сўзларига кўра, АҚШ лойиҳани эълон қилиб бўлгачгина улар билан маслаҳатлашувни бошлаган.
Саудиялик манба NBC News телеканалига Трамп ва валиаҳд шаҳзода мунтазам алоқада эканини айтди. Шунингдек, Саудия расмийлари вице-президент Жей Ди Венс, Марказий қўмондонлик ва давлат котиби Марко Рубио билан ҳам боғланиб турибди.
Операциянинг бориши ва тўхтатилиши
Трамп ушбу операцияни Эроннинг Ҳормуз бўғозидаги блокадасини ёриб ўтиш учун эълон қилган эди. 5 май куни Пентагонда бу режа фаол муҳокама қилинди, бироқ орадан 36 соат ўтиб Трамп уни тўхтатди.
Операция тўхтатилган вақтда АҚШ ҳарбийлари бўғоз орқали ўтиш учун қўшимча кемаларни тайёрлаб қўйган эди. Унгача АҚШ байроғи остидаги иккита кема бўғоздан муваффақиятли ўтиб олган.
Трамп вазиятни изоҳлаб, интернетда пост улашди. Президент унда урушни тугатиш бўйича келишув имзоланиши учун лойиҳа “қисқа муддатга тўхтатиб турилишини” ёзди.
Стратегик ҳамкорлик аҳамияти
АҚШ ҳарбийлари учун минтақавий ҳамкорлар жуда муҳим. Хусусан, Саудия Арабистони ва Иордания базаларга самолётларни жойлаштириш учун, Кувайт ҳаво ҳудуди орқали учиб ўтиш учун, Уммон эса ҳам ҳаво, ҳам денгиз логистикаси учун зарурдир.
Экспертларнинг тушунтиришича, географик жойлашув сабабли қўшни давлатлар рухсатисиз кемаларни ҳимоя қилувчи “мудофаа соябони”ни (самолётлар ёрдамида) яратиб бўлмайди.
Минтақадаги ҳозирги вазият
Ҳозирда Яқин Шарқда АҚШнинг иккита авиаташувчи зарбдор гуруҳи мавжуд. Пентагон захираларни тўлдирган ва қўшимча логистика имкониятларини келтирган.
“Озодлик лойиҳаси” кемаларда ҳарбий хизматчилар ва ўт очиш қувватини таъминлашга қаратилган бўлиб, у 28 февралда бошланган “Эпик ғазаб” деб номланган кампаниядан кейинги алоҳида операция ҳисобланади.
Ҳозирда Эрон АҚШ билан тинчлик таклифини кўриб чиқмоқда. Покистон бу музокараларда воситачилик қилмоқда. Трамп 6 май куни Оқ уйдан туриб:
“Улар келишув тузишни истамоқда. Охирги 24 соат ичида жуда яхши музокаралар бўлди”, деди.

CBS News хабарига кўра, Трамп 6 май куни агар Эрон тинчлик битимини қабул қилмаса, “юқори даражада” зарбалар бериш ҳақида огоҳлантирган.

Бугун, 13:35

Тавсиялар

Видеолар

News cover

Москвада зирҳли техникаларсиз парад: бунга деградация сабабми ё хавфсизлик?

News cover

«Аёлимни тирик қолганига шукр қиламан» — Мирзо Улуғбек туманидаги ЙТҲ тафсилотлари

News cover

Уч болали аёлга «Президент совғаси» сифатида берилган уй тортиб олиняпти

News cover

«Тож Маҳал бўп кетибди» — Имом Бухорий мажмуасидан репортаж

News cover

У Биринчи жаҳон урушида театр қўйган. Ҳамза уй-музейидан репортаж

Теглар

Ижтимоий тармоқлар: